ФАННИ ЎҚИТИШНИНГ ТАҚВИМИЙ РЕЖАСИ

ОНА ТИЛИ

ВА

АДАБИЁТ

(Касб-ҳунар коллежлари учун усулий қўлланма)

 

“ДУРДОНА” НАШРИЁТИ,

2012

 

Ушбу усулий қўлланма касб-ҳунар коллежлари ўқитувчилари ва талабалари учун мўлжалланган. Унда она тили ва адабиёти фанидан ажратилган соатларнинг мавзу ва режалари, маъруза мантлари, таянч тушунчалар, мавзуни мустаҳкамлаш учун савол ва топшириқлар, тест саволлари, ўтказиладиган жорий, оралиқ ва якуний назоратлар учун топшириқлар, мустақил иш учун тавсия қилинадиган мавзулар ўрин олган.

 

 

Тузувчи: М. Ражабова

 

Тақризчилар: филология фанлари номзоди, доцентлар Ш. Ҳайитов,

Б. Жўраева

 

Мазкур усулий қўлланма Бухоро Давлат университети Ўқув-методик кенгашининг қарори билан нашрга тавсия этилган (3-йиғилиш, 6.12.2011).

 

СЎЗБОШИ

“Таълим тўғрисида”ги Қонун ҳамда “Кадрлар тайёрлаш Миллий дастури”да ҳар тамонлама камол топган интелектуал салоҳияти юқори бўлган ёшларни тарбиялаш асосий вазифа қилиб белгиланган. Айниқса, ўрта бўғин ҳисобланган академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчиларининг маънавий дунёқарашини ўстиришга алоҳида эътибор берилмоқда. Боиси, мамлакат тарраққиёти бугунги авлоднинг комиллилик даражаси билан белгиланади. Бу ўринда Президент И.А.Каримовнинг қуйидаги сўзларини эслаймиз: ”Биз комил инсон тарбиясини давлат сиёсатининг устувор соҳаси деб эълон қилганмиз. Комил инсон деганда биз, аввало онги, хулқ-атвори ўзгалар ибрат оладиган билимли, маърифатли кишиларни тушунамиз”[1].

Ёшларга таълим беришдан асосий мақсад баркамол авлод онгига фан асосларини пухта сингдириш орқали уларни диёнатли, эътиқодли қилиб ўстириш, ижтимоий ҳаётдаги ҳар бир ҳодисага онгли ёндашиш руҳида тарбиялаш, эгаллаган билим ва кўникмаларини ҳаётга тадбиқ этиш қоблиятини ривожлантиришдан иборат. Бу жиҳатдан, айниқса, она тили ва адабиёт дарслари ёш авлодни жамиятимиз олға сураётган юксак ғоялар руҳида тарбиялаш воситаси ҳисобланади.

“Мактаб ўқитувчиси, айниқса, ўзбек тили ва адабиёти муаллими ўзининг келажак авлодни тарбиялашда масъул эканини ёдидан чиқармаслиги керак. Ўқиш ва ўқитишнинг энг илғор шакллари ва мазмуни, бизнингча, энг аввало, адабиёт дарсларида амалга ошмоғи лозим. Бунинг учун эса биринчи навбатда, ўқитувчининг ўзи дарсда ҳар бир мавзуни янгича ҳис этиш қувватига эга бўлмоғи, ўқувчисига замонавий талаблар даражасида тушунча бермоғи лозим. Адабиёт дарсларида муаллим машғулотдан машғулотга миллий мафкура асосида таълим ва тарбия беришни такомиллаштириб бормоғи лозим2 ”

Шу мақсадда тузилган ушбу усулий қўлланма касб-ҳунар коллежи ўқитувчи ва талабаларига она тили ва адабиёти фанини ўқитиш ва ўзлаштириш ҳамда уни мустаҳкамлаш учун хизмат қилади. Мазкур қўлланма она тили ва адабиёти фанларидан Давлат таълим стандарти ҳамда касб - ҳунар коллежларининг ўқув дастури талабларига мувофиқ тузилиб, унда мавзулар, маъруза матнлари, таянч тушунчалар, мавзуни мастаҳкамлаш учун савол ва топшириқлар ўрин олган. Бундан ташқари, қўлланмада жорий, оралиқ ва якуний назорат саволлари, мустақил ўқиш иш учун тавсия қилинадиган мавзулар ҳам мавжуд. Мазкур қўлланмадан ўрин олган тест саволлари касб-ҳунар коллежи ўқувчиларнинг билимини оширишга ва мустаҳкамлашга хизмат қилади.

 

ФАННИ ЎҚИТИШНИНГ ТАҚВИМИЙ РЕЖАСИ

 

Т/Р Мавзу номи Ажратил- ган соат Режалаш-тирилган сана Бажа-рилган сана
1. Тил ва тафаккур, уларнинг ўзаро муносабатлари. Тил ва нутқ. Нутқий фаолият кўринишлари.    
2. Ўзбек тилининг тараққиёт босқичлари.    
3. Давлат тили тўғрисидаги қонун ва ундан келиб чиқадиган вазифалар.    
4. Тўғри ёзиш - саводхонлик асоси. Ўзбек имлосининг назарий асос ва тамойиллари.    
5. Сўз ўзагига қўшимча қўшганда юз берадиган товуш ўзгаришлари асосида тўғри ёзиш.    
6. Қўшма ва жуфт сўзлар имлоси.    
7. Қисқартма сўз ва бош ҳарфлар имлоси.    
8. Тиниш белгилари имлоси.    
9. Нутқда сўзни тўғри танлаш мезонлари.    
10. Адабиёт – маънавиятни юксалтириш воситаси. Бадиий адабиёт инсон камолотида асосий восита эканлиги.    
11. Халқ оғзаки ижоди – бебаҳо бойлик. Рустамхон достони.    
12. Такрорлаш. Достон ва унинг турлари, достончилик тарихи ҳақида маълумот .      
13. Қадимий адабий ёдгорликлар – маънавият дурдоналари. “Авесто” – қомусий моҳиятга эга муқаддас китоб.    
14. Ўрхун –Энасой обидаларининг адабий-бадиий қиммати.    
15. Илдизни билиш ўзликни англашдир. Имом Исмоил ал-Бухорий.    
16. Иншо: Ҳадис илмий сабоқлари.    
17. Фирдавсининг “Шоҳнома” асари.    
18. Аҳмад Яссавий. Ҳикматлар.    
19. Нажмиддин Кубро. Рубоийлар.    
20. Жалолиддин Румий. Рубоийлар.    
21. Сўз маъносининг кўчиши ва нутқда бундан ўринли фойдаланиш.    
22. Сўзларнинг маънодошлиги, шаклдошлиги ва зид маънолиги ва буларнинг сўз қўллаш имкониятларига муносабатлари.    
23. Сўзнинг ҳиссий-таъсирий жиҳатдан нутқдаги ўрни. Касбга оид сўзлар ва илмий атамалардан нутқда ўринли фойдаланиш.    
24. Ифода аниқлиги – фикр равшанлиги. Гап матн сифатида.    
25. Киритма гаплар. Феъл кесим ва от кесим.    
26. Диалогик матнда лисоний воситалар ва гап қурилиши.    
27. Гапнинг шаклий-мазмуний тузилиши ва унинг турларида синонимия кўлами.    
28. Матнни кенгайтириш.    
29. Матнни қисқартириш имкониятлари.    
30. Алишер Навоий “Хамса”си “Ҳайрат ул-аброр”достони.    
31. “Лайли ва Мажнун” достони.    
32. “Сабъаи сайёр” достони.    
33. “Саъдий Искандарий” достони.    
34. Иншо: “Ҳайрат ул-аборор” ҳикматлари.    
35. Нодира лирикаси.    
36. Муқимий ғазаллари.    
37. ХХ аср адабиёти. Ҳамид Олимжон ва Зулфия.    
38. С. Зуннунова. “Руҳ билан суҳбат” асари.    
39. Эркин Воҳидов ҳаёти ва ижоди.    
40. “Руҳлар исёни”. “Жаҳолат тўғрисида ривоят”.    
41. Боғланган қўшма гаплар.    
42. Эргашган қўшма гаплар, уларнинг таркиби.    
43. Эргаш гапни бош гапга боғловчи воситалар.    
44. Эргаш гапли қўшма гап турлари.    
45. Боғловчисиз қўшма гап.    
46. Кўчирма гапли қўшма гаплар .    
47. Мураккаб қўшма гаплар.    
48. Нутқ услублари.Сўзлашув, публицистик ва илмий услублар.    
49. Бадиий ва расмий услуб.    
50. Ўткир Ҳошимовнинг “Баҳор қайтмайди” қиссаси.    
51. Абдулла Орипов: Мавзу ҳимояси: “Шоир лирик қаҳрамонининг қалб кечинмалари (Биринчи муҳаббатим)”.    
52. Тоҳир Малик. “Алвидо, болалик” қиссаcи.    
53. Иншо : «Алвидо, болалик” қиссасидан олган таассуротларим.    
54. Муҳаммад Юсуф. Шеърлар.    
55. Жаҳон адабиёти хазинасидан. Фузулий ғазаллари.    
56. Генрих Гейне шеърлари.    
57. Жек Лондон. “Ҳаётга муҳаббат” ҳикояси.    
58. “Ҳаётга муҳаббат”да яшаш учун кураш ғояси.    
59. Э.Хеменгуэйнинг “Чол ва денгиз” асари.    
60. Чингиз Айтматовнинг “Жамила” қиссаси.    

 

1-мавзу: Тил ва тафаккур, уларнинг ўзаро муносабатлари. Тил ва нутқ. Нутқий фаолият кўринишлари(2 соат)

Режа:

1.Тил ва тафаккурнинг ўзаро алоқадорлиги.

2. Тил ва нутқ муносабати

3.Нутқий фаолият кўринишлари ҳақида маълумот

Таянч тушунчалар: Тил, тафаккур, нутқ, нутқий фаолият, тил материали, тил унсурлари, умумийлик, хусусийлик, оғзаки нутқ, ёзма нутқ.

Тил ва тафаккурнинг ўзаро муносабати тилшунослигимиздаги энг асосий муаммолардан биридир. Маълумки, тил бўлмаса, жамият аъзолари орасида ижтимоий алоқа ва муносабат ҳам, шу одамлар яшайдиган жамиятнинг ўзи ҳам бўлмас эди. Биз тил воситасидагина бир-биримизнинг фикримизни англаймиз, кундалик ишларимизни олиб борамиз, нарса ва ҳодисаларнинг моҳиятини чуқурроқ билиб оламиз. Бу жараён фақат тафаккур ёрдамидагина амалга оширилади. Инсон ҳаёти тафаккурсиз кечиши мумкин эмас. Инсон бирор фаолиятни амалга ошириш учун, аввало, бу ҳақда фикр юритади. Буюм ва ҳодисаларнинг муҳим хусусиятлари, улар ўртасидаги сабабий боғланиш ҳамда қонуний алоқаларни билиб олади. Демак, тил тафаккур билан чамбарчарс боғлиқ бўлиб, фикрни моддийлаштирадиган, реаллаштирадиган, кишиларнинг фикр алмашинишларини таъминлаб берадиган қуролдир. Тил ва тафаккур айнан бир ҳодиса эмас. Тафаккур зоҳирий оламнинг инсон миясида умумлашган, тил билан ифодаланган инъикоси. Тил эса фикрни ифодалаш усули, уни қайд этиб бошқа кишиларга, авлодларга етказиш воситаси. Бошқача айтганда, тил тафаккурнингборлиқ шакли.

Тил ва нутқни бир-биридан фарқлаш лозим. Тил сўзлаш воситаси, яъни нутқ сифатида намоён бўлгандагина маълум вазифани бажаради. Нутқ тил материали, унсурларидан тузилади ва нутқий фаолият натижасида юзага чиқади. Демак, тил материаллари фаолият учун хизмат қилади. Тил билан нутқни қиёслаш орқали уларнинг қуйидаги ўзига хос хусусиятларини ажратиш мумкин:

1. Тил алоқа материали бўлса, нутқ алоқа шаклидир.

2. Тилни халқ, миллат яратади, нутқни эса ҳар бир шахс яратади.

3. Тилнинг ҳаёти халқ, миллатнинг ҳаётига боғлиқ ҳолда узоқ бўлади, нутқнинг ҳаёти эса қисқа, хусусан, оғзаки нутқ сўзланган пайтдагина мавжуддир. Аммо ёзма нутқ нисбатан узоқ давр сақланиши мумкин.

4. Тил нисбатан турғун, барқарор бўлса, нутқ доимо ҳаракатда бўлиб, ўзгарувчан ҳодиса саналади.

5. Тилнинг ҳажми ноаниқ, нутқнинг ҳажми эса аниқ. У диалог, монолог, матн шаклида бўлиши мумкин.

Демак, тил билан нутқ умумийлик ва хусусийлик хусусиятларига эга бўлиб, тил нутқда яшайди, нутқ тилнинг намоён бўлишидир.

Тилнинг ижтимоий вазифаси нутқий фаолиятда, яъни нутқ сифатида кишилар ўртасида алоқа, фикрлаш, сўзлашишни амалга оширишда яққол кўринади. Нутқий фаолият кишиларнинг бир-бирларига тушунарли бўлган тил воситасида ўзаро фикр алмашишлари, нутқий алоқага киришишлари-дир. Бу жараён икки шаклда амалга ошади: оғзаки ва ёзма тарзда.

Оғзаки нутқнинг икки тури мавжуд: оддий сўзлашув нутқи ва адабий сўзлашув нутқи. Оддий сўзлашув нутқи табиий нутқ сифатида намоён бўлиб, шева таъсирида бўлган кундалик сўзлашув нутқининг турли кўринишларидан иборат. Адабий сўзлашув нутқи эса адабий тил меъёрларига амал қилган ҳолда гапиришни тақозо қилади.

Ёзма нутқ ёзув таъсирида пайдо бўлган нутқ шаклидир. Нутқнинг бу шакли адабий тилнинг имловий, пунктуацион, услубий қонун-қоидаларига бўйсунувчи график шаклдаги нутқ шаклидир. Ёзма нутқнинг мазмуний бўлаклари, гаплар, уларнинг қисмлари турли хил тиниш белгилари орқали ажратиб кўрсатилади. Ёзма нутқ оғзаки нутқ каби кишилар ўртасида бевосита алоқа воситаси эмас, у бошқа жойда ва замонда (келгуси даврда) яшовчи кишилар билан алоқа боғлаш воситасидир. Ёзма манбалар орқали биз ўтмиш тарихимизни ўрганамиз ва бундан келажак авлод фойдаланиши мумкин.

Нутқнинг бу шакллари турли кўринишларда намоён бўлади. Нутқ айрим шахсларга тегишли бўлиши (монологик), икки киши ўртасида юз бериши (диалогик) ва бир неча шахслар орасида бўлиши (полилогик) мумкин. Нутқ кўринишлари ифода мақсади, қурилиши, ҳиссий-таъсирий воситалари билан фарқланади. Ёзма нутқ услубий турлари (илмий, бадиий, публицистик, расмий-идоравий) билан ўзига хос нутқ кўринишларини яратади.

Мавзуни мустаҳкамлаш учун топшириқлар:

I топшириқ:Қуйидаги саволларга жавоб беринг:

1. Тил ва тафаккурнинг ўзаро муносабатини қандай тушунасиз?

2. Тил ва тафаккур бир-биридан айри ҳолда мавжуд бўла оладими?

3. Тил ва нутқнинг ўзига хос хусусиятларини фарқлаб беринг.

4. Нутқий фаолият деганда нимани тушунасиз?

5. Оғзаки ва ёзма нутқ шаклларига хос бўлган хусусиятлар нимадан иборат?

6. Ёзма нутқ қандай меъёрларга асосланади?

II топшириқ: Алишер Навоийнинг “Ҳайрат ул-аброр” достонидаги “Сўз таърифида” бобини ўқинг, сўз қудрати ҳақида буюк мутафаккир билдирган фикрларни изоҳлашга ҳаракат қилинг.

III топшириқ:Тилнинг ижтимоий ҳаётда тутган мавқеи ҳақида ихчам матн тузинг ва унга сарлавҳа қўйинг.

 

2-мавзу: Ўзбек тилининг тараққиёт босқичлари(2 соат)

Режа:

1.Қадимги туркий тил.

2.Эски ўзбек адабий тили.

3. Ҳозирги ўзбек адабий тили.

 

Таянч тушунчалар: туркий тиллар, қадимги туркий тил, эски ўзбек адабий тили, ҳозирги ўзбек адабий тили

Ўзбек тили олтой тиллар оиласининг туркий тиллар туркумига киради. Дунёда 24 хил туркий тил бор: ўзбек, туркман, озарбайжон, қозоқ, қирғиз, турк, уйғур, бошқирд, қорақалпоқ, татар, чуваш, ёқут, қорачой, балқар, тува, олтой турклари, хакас, гагауз, шор, қораим, қумиқ, нўғой, ойрот, карагас.

Ўзбек тили тарихи қуйидаги даврларни ўз ичига олади:

1. Қадимги туркий тил. Ўрхун-Энасой ёдгорликлари, Маҳмуд Қошғарийнинг “Девони луғотит турк” (Туркий тиллар девони), Юсуф Хос Ҳожибнинг “Қутадғу билик” (Саодатга элтувчи билим) асарлари шу даврда яратилган.

2. Эски ўзбек адабий тили (XIII аср - XIX асрнинг иккинчи ярмигача), Хоразмийнинг “Муҳаббатнома”, Рабғузийнинг “Қиссаи Рабғузий”, Атойи, Саккокий, Сайфи Саройи, Лутфий, Алишер Навоий, Бобур, Машраб, Турди, Гулханий, Муқимий, Завқий ва бошқа ижодкорларнинг асарлари шу тилда яратилган.

3. Ҳозирги ўзбек адабий тили.(XIX асрнинг иккинчи ярмидан ҳозирги давргача). “Туркистон вилоятининг газети” нашр қилина бошлаган вақтдан (1870 йилдан) то ҳозирги кунгача яратилган барча асарлар ҳозирги ўзбек тилининг намуналари ҳисобланади.

Ўзбек тили XI асрдан бошлаб мустақил тил сифатида шакллана бошлади ва XIII асрда эски ўзбек адабий тили шаклланиб борди.

Эски ўзбек тилининг ривожи буюк Алишер Навоий номи билан боғлиқдир. У эски ўзбек тилининг кенг имкониятларидан фойдаланган ҳолда ажойиб асарлар яратибгина қолмасдан, бу тилни илмий жиҳатдан чуқур тадқиқ қилувчи “Муҳокамат ул-луғатайн” номли йирик асар ҳам ёзди ва унда ўзбек тилининг бошқа тиллардан, жумладан, форс-тожик тилидан ҳеч кам эмаслигини ишонарли мисоллар билан исботлаб берди.

Мавзуни мустаҳкамлаш учун топшириқлар:

I топшириқ: Қуйидаги саволларга жавоб беринг:

1. Қадимги туркий тил қайси асрларни ўз ичига олади, бу даврда яратилган қандай асарларни биласиз?

2. Эски ўзбек адабий тилида қайси асарлар яратилган?

3. Туркий тилнинг ривожида Алишер Навоийнинг хизматлари нимадан иборат?

4. Қадимги туркий адабий тили қайси даврларни ўз ичига олади?

5. Ҳозирги ўзбек тили тараққиёти ҳақида қандай фикрдасиз?

II топшириқ: “Култегин”, “Билка хоқон” каби ёдгорликлардан келтирилган қуйидаги матнларнинг тили тўғрисида фикр юритинг. Уларнинг ҳолатини бугунги тилимиз билан солиштиринг.

1. Қул-Тегин йадағин ўплаю тагди,

Ўнг Тутуқ йоржун йаруқлуғ алигин тутди.

Йаруқлуғда қоронқа анжулади.

Ул соғ онда йўққусдимиз.

Мазмуни:

Қултегин пиёда ҳолда душманга ташланди,

Зирҳли ўнг Тутуқни одамлари билан (бирга) тутиб олди.

Зирҳдалигича уни хоқон қошига келтирди.

Ўша қўшинни тор-мор қилдик.

2. Билга Тўнюқуқ бан ўзум. Табғач элинга қилиндим. Турук бўдун Табғачқа кўрур эрти.

Мазмуни:

Мен - Доно Тўнюқуқ эрурман. Табғач давлатида тарбияландим. Турк халқи Табғач давлатига бўйсунар эди...

III топшириқ: “Девони луғотит турк” асаридан келтирилган қуйидаги мақолларнинг маъноларни тушунишга ҳаракат қилинг, тагига чизилган сўзларни изоҳланг.

1. Ош тотиғи туз. 2. Ит исирмас, от тепмас дема. 3. Эмгак экинда қолмас. 4. Ума келса, қут келур.

3-мавзу: Давлат тили тўғрисидаги қонун ва ундан келиб чиқадиган вазифалар (2 соат)

Режа:

1. Халқ тарихининг жонли гувоҳи бу – тил.

2. Ўзбек тилига давлат тили мақомининг берилиши.

 

Таянч тушунчалар: миллий тил, ўзбек тили, давлат тили мақоми, имло қоидалари, лотин ёзуви.

Маълумки, тил ўзига хос ижтимоий воқеа бўлиб, ўзининг ички қонунларига биноан аста-секин, йилдан-йилга, асрдан-асрга ўзгариб, бойиб, такомиллашиб боради. Бу қонуниятни инкор қилиш миллий тиллар равнақига жиддий путур етказади. Собиқ шўро даврида миллий тилимиз – ўзбек тили жуда кўп ўзгаришларни, “пўртана”ларни бошдан кечирди. Миллий тилларнинг ўзига хос хусусиятлари инобатга олинмади. Натижада миллий тилларга жуда катта зарар етказилди. Бунга ишон ҳосил қилиш учун биргина ўзбек тилининг бошига тушган “кулфат”ларни санаб ўтишнинг ўзи кифоя. Биргина алифбонинг ўзи бир неча маротаба алмаштирилди...

Тил учун кураш бу фақат тилнинг ички ҳаётига тегишли қоида, йўналиш ва тартиблар учун, уларнинг аниқлиги, тиниқлиги, асосланганлиги учун кураш эмас. Тил учун кураш, бу - айни вақтда тилнинг жамиятдаги ўрни учун ҳам курашдир. Шунинг учун бўлса керак, мустақиллик шабадалари эсаётган бир пайтда ўзбек тилига давлат тили мақомини бериш кун тартибига қўйилган энг муҳим масала бўлиб қолди. 1989 йил 21 сентябрда “Ўзбек тилига давлат тили мақомини бериш ҳақида”ги қонун қабул қилинди. Шу даврдан бошлаб ҳар йили бу кунни тил байрами сифатида нишонлаймиз.

Мустақиллик шарофати билан ўзбек тили – давлат тилига эътибор кучайди, она тилимизнинг ижтимоий мавқеи кенгайди. Ўзбек тилининг тараққиёт ва истиқболи тўғрисида ғамхўрлик қилиниб, бир қанча қарорлар қабул қилинди.

1993 йил 2 сентябрда “Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида” Қонун қабул қилиниши Ватанимизнинг маънавий-маданий ҳаётида жаҳоншумул аҳамият касб этди. Янги алифбога киритилган ўзгартиришлар асосида “Ўзбек тилининг асосий имло қоидалари” ишлаб чиқилди ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан 1995 йил 24 августда тасдиқланди.

Давр тақозоси билан “Давлат тили ҳақида”ги Қонунга ҳам ўзгартиришлар киритилди. 1995 йилнинг 21 декабрида Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги “Давлат тили ҳақида”ги Қонуни эълон қилинди. Бу қонун 24 моддадан иборат бўлиб, унинг 1-моддасида, асосий қонунимиз бўлган Конститутциямизнинг 4-моддасида “Ўзбекистон Републикасининг давлат тили ўзбек тилидир”, деб ёзиб қўйилган.

Давлат тилини ўрганиш, унга амал қилиш табиий эҳтиёж ва заруратга, ҳатто, англанган мажбуриятга айланиб бормоқда. Ўзбек тилида тўғри, ифодали сўзлаш ва ёзиш, она тилимизнинг софлиги ва бойлиги тўғрисида тинмай ғамхўрлик қилиш, унинг истеъмол доирасини кенгайтириб бориш давлатимиз фуқароларининг бурчи саналади. Хусусан, ҳар бир ёш ва ўқувчи ўз она тилидаги сўз бойлигини ошириш ҳамда тил имкониятларидан ўринли фойдаланишга доимо ҳаракат қилиши лозим. Сўз фикр қуролидир, киши қанчалик кўп сўз билса, унинг фикрлаш доираси, дунёқараши ҳам шунчалик кенг бўлади.

Мавзуни мустаҳкамлаш учун топшириқлар:

I топшириқ:Қуйидаги саволларга жавоб беринг.

1. Миллий тил деганда нимани тушунасиз?

2.Собиқ шўро даврида ўзбек тилига муносабат масаласи қандай бўлган, бу ҳақда нималарни биласиз?

3. Тил софлиги деганда нимани тушунасиз?

4. Миллий тил ривожи нималарга боғлиқ?

5. Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги Қонунининг қабул қилинишининг аҳамияти нимадан иборат?

6.“Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида” Қонун қабул қилинишининг сабаблари нимада деб ўйлайсиз?

II топшириқ:Адабиётимиз тарихининг турли даврларига хос бадиий ижод намуналаридан парчалар ўқинг, улар ўзбек адабий тили тараққиётининг қайси даврига хослигини аниқланг.

 

4-мавзу: Тўғри ёзиш-саводхонлик асоси. Ўзбек имлосининг назарий асос ва тамойиллари(2 соат)

Режа:

1. Имло ва саводхонлик.

2. Орфография ҳақида маълумот.

 

Таянч тушунчалар:имло, орфография, фонетика, тилшунослик бўлимлари, тўғри ёзиш, “Ҳарфлар имлоси”, “Асос ва қўшимчалар имлоси”, “Қўшиб ёзиш”, “Чизиқча билан ёзиш”, “Ажратиб ёзиш”, “Бош ҳарфлар имлоси”, “Кўчириш қоидалари”.

Тўғри ёзиш қоидалари тилшунослар томонидан тузилади ва жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилади. Имло қоидалари ҳукумат томонидан тасдиқланади. Кишилар ўзаро ёзишмаларда, расмий иш юритишда, таълим жараёнида, маъданий-маърифий фаолиятда тилнинг имло қоидаларига амал қилишга мажбурдирлар.

Маълумки, ҳар бир киши ўзбек адабий тил меъёрларини эгаллаган бўлиши, сўз ва грамматик шаклларни тўғри ёза оладиган, гап тузиш ва фикр ифодалашда энг мувофиқ воситалардан фойдалана биладиган бўлишлари керак. Тўғри ёзиш бу – саводхонликнинг муҳим белгиси ҳисобланади. Бу тилшунослигимизнинг орфография бўлимида ўрганилади.

Тилшуносликнинг бошқа бўлимлари эса бевосита орфография билан боғлиқ. Масалан, бўғин, бўғинга бўлиш ва бўғин кўчириш - фонетика билан орфографиянинг бир-бирига алоқадор ҳодисаларидан бири. Бўғинга бўлиш билан бўғин кўчириш доимо тенг келавермайди. Буларни онгли равишда аниқлаш саводхонликни оширади.

Тилда сўзлар ва қўшимчалар маълум қоидалар асосида ёзилади. Бу қоидалар йиғиндиси имло (орфография)деб юритилади. Имлода тўғри ёзиш меъёрлари ўрганилади. Имло қуйидаги қоидаларга (тамойиллар) асосланади:

1. Фонетик ёзув(тамойил). Бу қоидага мувофиқ баъзи сўз ва қўшимчаларни эшитишимиз бўйича ёзиш мумкин:

1) кўк + га=кўкка;

2) оғиз+им=оғзим, бурун+им=бурним;

3) ёш+а=яша, онг+ла=англа;

4) икки+ов= иккови, етти+ови=еттови;

5) сўра+қ =сўроқ, бўя+қ=бўёқ;

6) кес+дир= кестир, кел+дир=келтир;

7) ишлай бер (ишлайвер), кела олди (келолди).

2. Морфологик ёзув(тамойил). Бу қоидага кўра сўз асоси ва қўшимчалар айнан, аслига мувофиқ ёзилади:

1) кетти эмас кетди, айтипти эмас айтибди;

2) Тошкенттан эмас Тошкентдан;

3) ишка эмас ишга;

4) кулуб, учунчи, туғулди эмас кулиб, учинчи, туғилди каби ёзилади.

3. Шаклий (этимологик) ёзув(тамойил). Бу қоидага кўра бошқа тиллардан кирган сўзлар ўша тилларда қандай ёзилса, ўзбек тили ҳам шундай ёзилади: стол (устол), банк (банка), театр (тиатр), солдат (саллот).

4. Тарихий-анъанавий ёзув(тамойил)бўйича сўз ва қўшимчалар тарихан, анъанавий тарзда қандай ёзиб келинган бўлса, ҳозир ҳам шундай ёзилиши мумкин: боргил, борур (боргин ва борар билан бир қаторда).

5. Дифференциациялаш (фарқлаш) ёзуви(тамойил) сўзларни урғу ёки бошқа фонетик воситалар (масалан, тутуқ белгиси) ёрдамида фарқлаб ёзишдир: олма - олма, шер-шеър.

Сўз ва қўшимчаларнинг ёзилиши маълум бир қоидага асосланмаса, ёзувда ҳар хиллик юзага келади, натижада бир-бирини тушуниш имконияти йўқолади. Шунинг учун ҳам ўзбек тилининг имло қоидаларини пухта ўзлаштириш лозим. 1995 йилнинг 24 августида тасдиқланган “Ўзбек тилининг асосий имло қоидалари”да “Ҳарфлар имлоси”, “Асос ва қўшимчалар имлоси”, “Қўшиб ёзиш”, “Чизиқча билан ёзиш”, “Ажратиб ёзиш”, “Бош ҳарфлар имлоси”, “Кўчириш қоидалари” номли бўлимлари бор.