Мавзуни мустахкамлаш учун топшириқлар

I топшириқ:Қуйидаги саволлар устида мушоҳада юритиб кўринг.

1. Аҳмад Яссавий ҳаёти ҳақида нималарни биласиз?

2. Ҳикмат нима?

3. Аҳмад Яссавийнинг «Девони ҳикмат» асари ҳақида нималарни биласиз?

4. Ҳикматларнинг жанр хусусиятлари ҳақида нима дея оласиз?

5. Аҳмад Яссавий ҳикматларининг манбалари ҳақида сўзланг.

5. Аҳмад Яссавий ҳақида қандай ривоятларни эшитгансиз?

6. Ҳикматларда қандай ахлоқий-маърифий масалалар ёритилган?

II топшириқ:Аҳмад Яссавий қаламига манбу ушбу ҳикматни ёд олиб, уни шарҳлашга ҳаракат қилинг. Шоир “бадкирдор” деганда қандай одамлари назарда тутмоқда. Сизнингча нафс нима?

 

Нафс йўлига кирган киши расво бўлур,

Йўлдин озиб, тойиб, тўзиб гумроҳ бўлур.

Ётса, қўпса шайтон била ҳамроҳ бўлур,

Нафсни тепкил, нафсни тепкил, эй бадкирдор.

III топшириқ:“Аҳмад Яссавий ўгитлари биз учун маёқ” мавзуида уй иншоси ёзинг.

 

19-мавзу: Нажмиддин Кубро. Рубоийлар(2 соат)

Режа:

1. Нажмиддин Кубронинг ҳаёт йўли.

2. Нажмиддин Кубро ижодий мероси.

3. Шоир рубоийларида инсон камолотининг куйланиши.

Таянч тушунчалар: «Насойим ул-муҳаббат» «Кубро» «туммат ул- кубро, «абулжанноб»,Ҳақ маърифати, «Ал усул ал-ашара», «Рисолаи Нажмиддин»

Улуғ инсонлар ҳақида фикр билдирмоқ, уларнинг ҳаёти ва ижоди ҳақида мулоҳаза юритмоқ осон эмас. Улуғларнинг ишқи олийлари, эътиқодлари, тафаккур ганжиналарига ҳавас қиламиз, улардан баҳраманд бўлишга ҳаракат қиламиз. Бундай кишилар шахсини ўрганиш билан қалбимизга назар ташлаймиз. Ўз виждонимизни тафтиш қиламиз, уни тозалаш, ҳаёт тарзимизни тўғрилик ва эзгулик сари йўналтиришга эҳтиёж сезамиз. Чунки уларнинг ҳаёт тарзи, эзгу амаллари бизга сабоқ. Шундай буюк зотлардан бири Нажмиддин Кубро бўладилар. Сиз у ҳақда тарих дарсликларида ўқигансиз. Хива яқинидаги Саёт қишлоғида туғилган Нажмиддин Кубронинг номи тириклигидаёқ етти иқлимга кетган эди. Ўз замонаси илм-у урфонда Нажмиддин Куброга тенг келадиган бирорта олим бўлмаган. Шу боис ҳам унга «Кубро» исми берилган. Алишер Навоийнинг «Насойим ул-муҳаббат» асарида шундай ёзилади: «Аларға кубро ондин лақаб бўлдики, ҳар ким била мунозара ва мубоҳаса қилсалар эрмиш, ул киши ғолиб бўлурлар эрмиш.» Кубронинг «валийтарош», яъни валийлар етиштирувчи, «тумматул кубро (бало-қазоларнинг олдини олувчи, буюк башоратчи)», «абулжанноб (парҳез қилувчи, дунёвий икир-чикрлардан узоқ турувчи)» каби ном ва лақаблари бўлган.

Нажмиддин Кубро ҳам бундай мавқега осонликча эришмаган. У ўз илоҳий истеъдодини тинимсиз илм ўрганиш, заҳмат чекиш орқали юксакликка кўтарди. Илм олиш йўлида машаққатлардан чўчимади, эгаллаган билимларидан ҳеч қониқмади, илм истаб Миср, Табриз ва бошқа кўплаб ўлкаларни кезди. Тинимсиз меҳнат, изланиш, машаққатлар уни комиллик даражасига кўтарди.

Нажмиддин Кубро дунёвий билимларда юқори мартабага эришгач, бу билимлар Хақ маърифатини идрок етиш учун кам эканлигини англайди. Энди у ботиний билим, ғайб асрорини ўрганишга киришади. Бу ниҳоятда машаққатли йўл бўлиб, Нажмиддин Кубро бу оғир синовларни устозлари раҳнамолигида енгиб ўтди. Шундан кейин у оламга бошқача қарайдиган, фақат китоблардаги билимларни такрорлайдиган олимлардан фарқ қилиб, эркин, озод мушоҳада этадиган, моҳиятни теран идрок етиб, буни одамларга етказа оладиган даражага эришди.

Ўша даврларда қудратли империя ҳисобланган хоразмшоҳлар давлатида мансабпарастлик, манманлик, кибр-у ҳаво, бойлик кетидан қувиш авж олган эди. Сохта шуҳрат хоразмшоҳ кўзини кўр қилади. Унинг калтабинлиги натижасида мамлакат таназзулга юз тутади. Шоҳ уни балолардан огоҳ этмоқчи бўлган олим-у фузалоларни таъқиб этади. Ҳатто Нажмиддин Кубронинг истеъдодли шогирди Маждиддин Бағдодийни қатл эттиради. Шунда Нажмиддин Кубро: «Энди юртингизга боринг. Шарқдан фитна олови келмоқда, кўп ўтмай у ҳамма ёқни куйдириб кул қилади», дейди. Шогирдлари: «Устод, дуо қилинг, бу офат мусулмон оламидан даф бўлсин, ахир Сизнинг дуойингиз ҳар доим ижобат бўлғай-ку», дейишади. Бунга жавобан ҳазрат: «Бу қазойи мубрам (ўзгармас)дир. Уни дуо билан қайтариб бўлмайди». «Ундай бўлса сизни ҳам олиб кетайлик», дея илтижо қилган шогирдларга ҳазрат қатъий қилиб: «Мен бу жангда шаҳид бўламан, менга киндик қоним тўкилган тупроқни, Хоразмни тарк етишга рухсат йўқ», дейди (Абдураҳмон Жомийнинг «Нафоҳот-ул унс» асаридан).

Башорат қилинган офат машриқдан мўғул босқинчиси қиёфасида бостириб келиб, гуллаган ўлкани вайронага айлантирди. Чингизхондай шафқатсиз бир хоқон ҳам Нажмиддин Куброга ўз яқинлари билан шаҳардан ташқарига чиқиб кетишга рухсат беради. Шайх бу марҳаматни рад этади. Хоразмшоҳ ташлаб қочган ватан химоясига қилич кўтариб, шоҳдан марҳа- мат кутмаган пок имонлиларга бош бўлиб 76 ёшли Нажмиддин Кубро чиқади. Улар бир неча кун Урганч қалъасини душмандан сақлаб турадилар. Алишер Навоийнинг ёзишича, Нажмиддин Кубро бир ҳамлада душман байроғини тортиб олган ва ўлганидан кейин ҳам уни қўлидан бўшатмаган. Ўн нафар ёғий ҳарчанд уриниб байроқни ололмаганлар. Шунда шаҳид шайхнинг бармоқларини битталаб чопганлар.

Нажмиддин Кубро улкан олим сифатида киши руҳияти, руҳий хислатларини чуқур таҳлил қилган. У инсоннинг нозик ҳолатларини, руҳий кечинмаларини пухта ўргангач, инсон руҳи кўзга кўринмас, латиф марказлардан иборат эканлини кашф этган, яъни «латойиф назарияси»ни ишлаб чиққан. Бу онг ва туйғу, руҳ ва жисм ўртасидаги нафис бир нарса. У шундай нозикки, уни илғаш ниҳоятда мушкул. Инсон руҳи билан боғлиқ бу манзаралар ва ҳолатлар ғарб фалсафасида (Кафка, Шопенгауер, Фрейд) XIX асрга келиб ўрганилган бўлса, инсон қобилиятининг бу мўжизалари Шарқ алломалари томонидан неча асрлар олдин баён этиб қўйилганди.

Нажмиддин Кубронинг «Ал усул ал-ашара» («Ўн усул»), «Рисолаи Нажмиддин» асарларида ўз-ўзи билан курашиш, гуноҳ ишларни қилмаслик, гуноҳ лаззатини тотган нафсга мағлубият аламини тоттириш, нафсни енгишга ва сабр-қаноатли бўлишга чақиради.

Нажмиддин Кубронинг бадиий ижоди – рубоийлари ҳам буюк шайхнинг фалсафий қарашлари, ички дунёси, ботиний кечинмаларини ёрқинроқ ҳис этишга ёрдам беради. Унинг рубоийлари мисолида дунёвий ва ботиний илмларни иложи борича кўпроқ қалбларга сингдириш учун курашини кўриш мумкин. Рубоийларни ўқир экансиз, қатъиятли ва гўзал хулқ соҳиби бўлишга чорлаганликнинг гувоҳи бўласиз, ишқ билан лиммо-лим ошиқ қалб жилваланишлари сизни ўзига ром етади:

Ишқ дарди ғариб танимдаги жон бўлғай,

Дард чекса киши ахийри инсон бўлғай.

Ишқ дарди билан ёнишга даъват замирида мукаммалликка эришиш мақсади ётади. Ошиқ одам дардли бўлади. Бу дард кишини азобларга солади, шу билан бирга мард қилади.

Нажмиддин Кубронинг фикрича, маънавий тубанлик ва инсонликни йемирадиган иллатларни нафс келтириб чиқаради:

Бир дев бор ичимда, асти пинҳон бўлмас,

Бошини эгмак онинг осон бўлмас.

Нафс девининг бошини янчган киши қаноат мулкининг соҳибқирони бўлиб, поклик хазинасини қўлга киритиши мумкин эканлиги Нажмиддин Кубро ижодий меросида қайта-қайта тилга олинади.

Нажмиддин Кубро рубоийлари ўзбек тилига истеъдодли шоир Жамол Камол томонидан таржима қилинган.

Мавзуни мустаҳкамлаш учун топшириқлар:

I топшириқ:Қуйидаги саволларга жавоб беринг.

1. Буюк алломага «Кубро» лақабининг берилиши сабабларини матнга таяниб таҳлил қилинг.

2. Нажмиддин Кубро эришган комиллик ҳақида мулоҳаза юритинг. Умуман, «комиллик» тушунчаси ҳақида ўз фикрингизни баён қилинг.

3. Матндаги «Ҳақ маърифатини идрок этиш» деган тушунчани англашга ҳаракат қилинг. «Ҳақ маърифати» деганда нималар назарда тутилаётганлиги ҳақида ўйлаб кўринг.

4. Нажмиддин Кубро ҳақидаги «эркин, озод мушоҳада этадиган, моҳиятни теран идрок этиб, буни одамларга етказа оладиган даражага эришди» деган фикрларнинг мағзини чақишга уриниб кўринг.

5. Нажмиддин Кубронинг шогирдлари билан суҳбати ва «Мен бу жангда шаҳид бўламан, менга киндик қоним тўкилган тупроқни, Хоразмни тарк этишга рухсат йўқ»деганига таяниб, унинг иродасига баҳо беринг. “Киндик қони тўкилган тупроқ” тушунчасини таҳлил қилинг, муносабат билдиринг.

6. Одамнинг «ўзи билан ўзи курашиши»ни қандай тушуниш мумкин? Шу ҳақда фикр айта оласизми?

7. Матндаги “Ишқ дарди ғариб танимдаги жон бўлғай, Дард чекса киши ахийри инсон бўлғай”мисраларга сингдирилган ишқ дарди, дард чекиш ва инсонлик ҳақи­да, уларнинг ўзаро алоқадорлиги тўғрисида ўйлаб кў­ринг. Фикрларингизни ўртоқлашинг.

II топшириқ: Қуйидаги рубоийларни ёд олинг ва таҳлил қилинг. Мушоҳадаларингиз асосида “Нажмиддин Кубро рубоийларидан олган таассуротларим” мавзусида матн тузинг.

Ишқ етса кўнгилга, дилга у дард айлар,

Дарди дили мардни боз мард айлар.

Ўз оташи ишқида ёнар ул, вале

Дўзахни чу ўзгалар учун сард айлар.

Ушбу рубоийда кўнгилларга дард соладиган қандай ишқ ҳақида гапирилаётганлиги ҳақида ўйлаб кўринг. Бу ишқнинг одамга таъсири ҳақида матнга таяниб мулоҳаза юритинг.

Эй дил, диёнатда ажаб расвосен,

Инсоф била айт, ишққа нечун ошносен?

Ишқ оташи тез эрур, сендек су эмас

Тупроқ чу бошинггаки етар, билгосен.

Рубоийдаги “Тупроқ чу бошинггаки етар, билгосен” мисраси ташиётган маънони кашф қилишга уриниб кўринг.

 

20-мавзу: Жалолиддин Румий. Рубоийлар(2 соат)

Режа:

1. Жалолиддин Румийнинг ҳаёти йўли.

2. Жалолиддин Румийнинг адабий мероси

3. Жалолиддин Румий – рубоийнавис.

 

Таянч тушунчалар: “султонал уламо”, тасаввуф, илоҳиёт, тариқат, “Девони Кабир, “Мактубот”, “Фиҳи мо фихий” (“Ичиндаги ичиндадир”) , “Маснавий маънавий”, тариқат, шайх.

Жалолиддин Румий Муҳаммад ибн Баҳоуддин Муҳаммад ал-Балхий (1207-1273) шоир, мутафаккир, мавлавийлар (Мавлавия) тариқатининг норасмий шайхи. Жалолиддин Румий ҳозирги Афғонистоннинг Балх шаҳрида, “султонал уламо” лақабини олган улуғ шайх Муҳаммад Баҳоуддин Валад хонадонида дунёга келган. Отаси Баҳоуддин Валад сўфийлар ва фиқҳ донишманди бўлган. Шу боис ҳам, султон Муҳаммад Хоразмшоҳ (1199-1220) уни саройга таклиф этган. Лекин Баҳоуддин Валад унинг таклифини рад этиб, мактабдорлик ва илмий-ижодий иш билан машғул бўлган. Жалолиддиннинг онаси эса хоразмлик саййидаларидан, яъни шажарада, у Муҳаммад Пайғамбарга боғланган эди. Хоразмшоҳ билан келишолмаган Валад, оиласи, муридларини олиб, Балхдан чиқиб кетади ва Макка сафаридан сўнг Ироқу Ажам шаҳарларини кезиб, Туркиянинг Куня (Коня) шаҳрида қўним топади. Салжуқ султонлари тарафидан иззат-икром билан қабул қилинган Баҳоуддин Валад шу ерда муқим туриб қолади. Румий отасининг вафотидан сўнг, унинг ўрнига Куня мадрасасининг бош мударриси бўлади.

Жалолиддин Румийнинг тасаввуф оламига кириб келиши Шайх Фаридиддин Атторнинг башорати билан бўлганини унинг илк тафсирчиларидан Ҳусомиддин Чалабийдан тортиб, Давлатшоҳ Самарқандийгача бир овоздан тасдиқлайдилар: Каъба зиёратига йўл олган Баҳоуддин Валад ва унинг ўғли Нишопурга етганидан хабар топиб, Шайх Аттор зиёратчиларнинг қаршисига чиқади. Ўспириннинг суҳбатидан мамнун бўлиб, унга ўзининг “Асрорнома” китобини тақдим этади ва отасига қарата: “Ўғлингиз тез орада оламдаги барча куйганлар қалбига оташ солади”, - деб башорат қилади. Румий тариқат йўлини тутиб, шоир Саид Бурҳониддинга шогирд тушади, сўнг қаландар сўфий Шамсиддин Муҳаммад Табризий билан дўстлашиб, уни ўз пири деб эълон қилади. Табризий уч йил Румийга дарс беради: фалсафа, хусусан, сўфийлик таълимотини ўргатади. Румийнинг ўзи ҳам бир байтида: “Агар Аттор менга руҳ бахш этган бўлса, Шамси Табризий тилсим калитини тутқазди,-деган. Табризий таъсирида Румий ақлий изланишларидан воз кечади. Бу Румий муридлари, уламолар норозилигига сабаб бўлади ва улар фатвоси билан Табризий ўлдирилади. У бу фожиадан қаттиқ таъсирланиб, пирининг исми шарифини тахаллус қилиб, ғазаллар ёза бошлайди. Унинг “Шамси Табризий девон” номи билан шуҳрат қозонишининг боиси, у “Шамси Табризий”, “Шамси” тахаллусларини қўллашидадир (42 минг байтли “Девони Кабир” (“Улуғ девон”)нинг иккинчи номи “Девони Шамси Табризий”).

Жалолиддин Румийнинг илмий ва адабий мероси ғоят катта. Ғазал, маснавий ва рубоийларни ўз ичига оладиган “Девони кабир” (“Улуғ девон”)да уч мингдан ортиқ шеър бор. Фалсафий-сўфиёна мушоҳадалар, руҳият диалектикасини кашф этиб, инсон ақлини лол қолдирадиган теранлик билан ёзилган “Маснавий-маънавий” ҳам бир неча минг байтдан иборат. Бундан ташқари “Мактубот”, “Фиҳи мо фихий” (“Ичиндаги ичиндадир”) номли асарлари ҳам мавжуд.

“Ичиндаги ичиндадир” насрий асар бўлиб, унда Жалолиддин Румийнинг илоҳиёт, тасаввуф, ҳаёт ва борлиқ ҳақидаги қайдлари, дўстлари ва суҳбатдошлари даврасида айтган фикрлари, баҳс-мунозараларда пайдо бўлган мулоҳаза-муқоясалари тўпламидан ташкил топган. “Ичиндаги-ичиндадир” – содда форс тилида ёзилган асар, улуғ муаллиф “Маснавий маънавий”даги ҳадис ва оятлар, ҳикоят ва тамсилларга ўралган, ўта мураккаб бир фалсафий муҳокамалар асосига қурилган фикрларини бу ерда равшан ва содда қилиб тушунтириб берган. Асарни ўқир экансиз, улуғ ва ноёб бир тафаккур хазинаси устидан чиққандай бўласиз.

Жалолиддин Румийнинг машҳур асари “Маснавий маънавий”дир. Асарда Қуръони карим ва Ҳадиси шариф маъноларини ўзига сингдирган, инсон ҳаёти билан боғлиқ барча масалалар бадиий йўсинда баён этилган 6 жилд (дафтар)дан иборат асарнинг дастлабки қисмларини адибнинг шогирди Ҳисомиддин Чалабий устози оғзидан ёзиб олиб, таҳлилдан ўтказган. Чалабий вафотидан сўнг муаллиф асарнинг давомини 10 йилда ёзиб тугатади. Қуръони карим оятларининг 70 фоизи моҳиятини ўзида мужассамлаштирган, 270 дан зиёд ҳикояларни, юзлаб панду ҳикматларни ўз ичига олган бу китоб ўз вақтида ва кейинчалик ҳам ёзувчи номининг дунёга кенг тарқалишига сабаб бўлган. Чунки Румий “Маснавий”да ўзигача бўлган Шарқу Ғарб донишмандларининг фалсафий қарашларини, исломий фарзларини содда бир услубда, шеърий йўл билан бадиий ифодалаган.

Румий асарлари кўпчилик форсигўй ва туркийгўй шоирлар ижодига катта таъсир кўрсатган, маснавийхонлик халқимиз ўртасида кенг тарқалган. Ўзбекистон ФА Беруний номидаги Шарқшунослик институтида Румийнинг “Маснавий маънавий” асари сақланади. Истиқлол йилларида Румий ҳаёти ва ижодига қизиқиш янада кучайди. Ш. Шомуҳамедов, А. Маҳкам ва бошқалар шоирнинг турли жанрдаги шеърларидан намуналарни ўзбек тилига таржима қилдилар. Шоир Жамол Камол “Маснавий маънавий” таржимасини ниҳоясига етказди.

Румийнинг ғазал ва рубоийлари ҳам ўта мароқли. Унинг рубоийлари нафақат фалсафий қарашларни, балки самимий ҳис-туйғуларни баён этади. Ўқиган киши қўнглини гўзалликка ошно қилади. У инсони ўзига таништиради.

Жалолиддин учун муҳаббат бутун борлиқни ҳаракатга келтирувчи куч эди. Унинг фикрича, дон ҳам, майса ҳам, жонивор ҳам сева олади. Лекин фақат тана ва териси билан. Инсонгина ҳам жисм, ҳам ақл-идроки, ҳам хаёли, ҳам хотираси ила севишга қодир.

Румий аёлга муҳаббатини олқишлайди. Зеро, инсон ўзига ўхшаган инсонга муҳаббат қўйиши билан ўз руҳиятини, умуман, инсонлик моҳиятини англаб етади:

Аё ғунча, қизил қонлар аро сен ўзни тарк этдинг,

Аён етгил, надир севги, надир ул ўзни тарк этмоқ!

Румий тийрак ва ҳушёр кўз билан дунёга назар солади, инсонни қандай бўлса, шундай олиб ўрганади. Инсон қалби тўғрисидаги энг нозик энг яширин сирларни ошкор этади, руҳият қатларидаги қонуният ва заруратларни кўрсатиб беради. Унинг асарларини ўз-ўзини, ўзликни таниш китоби, деб айтиш мумкин. Ўзликни англаш Аллоҳни англашдан бошланади. Румий рубоийларда Аллоҳга бўлган илоҳий ишқ такрор ва такрор тилга олинади:

 

Мен ўлсам, бошимда гирён бўлманг,

Жононима топширингу, нолон бўлманг.

Жонсиз у лабимга лаб қўйиб жононим,

Жон менга ато айласа, ҳайрон бўлманг.

Рубоийнинг зоҳир маъносида ошиқнинг маъшуқага бўлган муҳаббати англашилади. Мумтоз адабиётимизда жонон ошиқни тирилтирувчилиқ унга ҳаёт берувчилик сифатлари кўп тилга олинади. Бироқ рубоийнинг ботиний маъноси анча кенг. Унада инсоннинг яратилиши ва унинг яна ўша маҳзарга қайтиши билан боғлиқ илоҳий фикрлар мужассам. Илоҳий ишқ соҳиби бўлган ошиқ ўлимдан қўрқмайди. У жонон (Аллоҳ)нинг ҳузурида янада тирилишни истайди.

ИЗОҲ: Жалолиддин Румий рубоийлари таҳлилида “Тадқиқот” методидан фойдаланиб, гуруҳларда кичик илмий тадқиқот ўтказиш мумкин. Бунда гуруҳларга дарсликда келтирилган Жалолиддин Румий рубоийларидан тузилган саволлар берилади. Ҳар бир гуруҳ ўз қарашларини ҳимоя қилади. Берилган саволлар тахминан қуйидагича бўлади:

Саволлар:

“Жоним берайин, ол уни жондин кечма” мисралари билан бошланувчи рубоийда “Сен ўқсен-у, мен эмас камон ҳануз, Эй ўқ сабр айла камондин кечма” мисраларида муаллиф нимани сўраяпти-ю, қандай сўраяпти?

“Мен ўлсам агар, бошимда гирён бўлманг” мисраси билан бошланувчи рубоийда “Жононима топширинг-у, нолон бўлманг” мисраларида қандай “жонон” ҳақида гап кетаяпти?

“Сенданму чу безор бўлайин? Йўқ, йўқ, йўқ!” мисраси билан бошланувчи рубоийда “йўқ”ларнинг такрорланиши инсон руҳиятига қандай таъсир қилади?

“Эй дўст азизларим, жудолик этманг” деб бошланувчи рубоийда Румий одамларни кимдан ёки нимадан жудо бўлмасликка чақиради, деб ўйлайсиз? Ҳою ҳавасларга берилиб қолиб, хато қилиб қўйишни қандай тасаввур қиласиз?

Мавзуни мустаҳкамлаш учун топшириқлар:

I топшириқ: “Кластер” усулидан фойдаланиб, рубоийга таъриф беринг. Нима учун рубоий фалсафий ғоялар тарғиби учун қулай жанр ҳисобланади?

II топшириқ:Жалолиддин Румий ҳаёти ва ижодига бағишланган қуйидаги саволларга жавоб қайтаринг.

1. Жалолиддин Румий қандай оила муҳитида туғилиб, вояга етди?

2. Тасаввуф таълимоти ҳақида нималарни биласиз?

3. Жалолиддин Румийнинг тасаввуф оламидаги ўрни ҳақида нималарни биласиз?

4. Шоир ижодий меросида қандай асарлар мавжуд?

5. Жалолиддин Румийнинг мусулмон оламида машҳур асари - “Маснавий-маънавий” ҳақида мулоҳаза юртиб кўринг.

6. Шоир асарларининг мутаржимлари кимлар?

7. Румийнинг лирик меросини жамлаган тўплам қандай номланади?

9. Шоир девонидаги лирик шеърлар ҳажми қанча ва уларда қандай ғоялар улуғланади?

 

21-мавзу: Сўз маъносининг кўчиши ва нутқда бундан ўринли фойдаланиш(2 соат)

Режа:

1. Метафора ҳодисаси ва унинг кўринишлари.

2. Метонимия ҳодисасининг ўзига хос хусусиятлари

3. Синекдоха йўли билан маъно кўчиши.

4. Вазифадошлик ҳодисаси ҳақида маълумот.

Таянч тушунчалар: маъно кўчиши, метафора, метонимия, синекдоха, вазифадошлик.

Тилнинг энг асосий пойдевори ва бойлиги сўздир. Сўз эса асосий маъносидан ташқари, бошқа иккинчи даражали маъноларга ҳам эга бўлади. Кўпгина сўзларнинг бир неча маънолари бор. Шунинг учун сўз маъноси кўчишининг метафора, метонимия, синекдоха, вазифадошлик сингари бир қатор кўринишлари мавжуд.

Воқеликдаги нарса-ҳодисалар орасидаги бизга кўринмаган, бироқ санъаткорона ўткир нигоҳ билан илғанган ўхшашлик, алоқадорлик асосидаги кўчимлар ўқувчини ҳайратга солади, унга завқ бағишлайди. Бадиий асарда энг кўп қўлланувчи кўчим турларидан бири метафорадир. Метафора усулидаги маъно кўчишида нарса-ҳодисалар орасидаги ўхшашликка асосланилади. Табиатан, метафорани яширин ўхшатиш деб аташ мумкин. Яширин ўхшатиш деб аталишига сабаб шуки, метафорада ўхшатилаётган нарса тушириб қолдирилгани ҳолда ўхшаётган нарса унинг маъносини билдиради. Табиийки, бунда ўхшатилаётган нарсалардан айнан ўхшашлик талаб қилинмайди, икки нарса ҳодисага хос белгилардан бирортаси асос учун олинади. Масалан, "олтин куз", "олтин давр" бирикмаларининг биринчисида "ранг", иккинчисида "қиммат" асос учун олинган. Келтирилган мисол метафоранинг энг содда кўринишларидан бўлиб, қуйида ўхшашлик алоқалари бирмунча мураккаброқ намоён бўлувчи хусусий муаллиф метафораларидан бир нечасини мушоҳада қилиб кўрамиз.

Р.Парфининг: "Сув остида ялтирайди тош,

Харсангларда синади сувлар"- сатрларида метафоранинг маъноси икки босқичда намоён бўлади. Шоир тилимизда анча кенг қўлланилувчи сувнинг ойнага ўхшатилишига таянади (биринчи босқич) ва шу асосда сувнинг харсангга урилиб парчаланишини ойнанинг синишига ўхшатади (иккинчи босқич).

Маъно кўчишининг кенг тарқалган турларидан яна бири метонимиядир. Метонимия (гр.-"ўзгача номлаш", "бошқа нарса орқали аташ") усулида маъно кўчганида нарса-ҳодисалар ўртасидаги алоқадорлик асос қилиб олинади. Бу алоқадорлик турлича кўринишларда намоён бўлиб, бунда нарса-ҳодиса, ҳолат ёки ҳаракат билан улар эгаллаган жой ("стадион ҳайқирди", "бутун шаҳар қатнашди"), вақт ("оғир кун", "омадли йил"); ҳаракат билан у амалга ошириладиган восита ("аччиқ тил"); нарса ва унинг эгаси, яратувчиси ("Фузулийни ўқимоқ); нарса ва у ясалган модда, хом-ашё ("бармоқлари тўла тилла"); руҳий ҳолат, хусусият ва унинг ташқи белгиси ("кўз юммоқ") каби алоқаларга асосланилади.

Маъно кўчишининг яна бир тури синекдоха бўлиб, у моҳият эътибори билан метонимиянинг бир кўринишидир. Синекдоханинг метонимия кўриниши сифатида қаралишига сабаб шуки, бунда ҳам алоқадорлик асосида - бутун ва қисм, якка ва умум алоқаси асосида маъно кўчиши юз беради. Шу боис ҳам мутахассислар синекдохани метонимиянинг миқдорий кўриниши деб қарайдилар. Ҳ. Давроннинг "Кулол муҳаббати" шеъридан:

Саҳардан то оқшомга қадар,

Кўкда порлаб ёнмагунча ой,

Эртак сўйлар сархуш бармоқлар,