I топшириқ.А) Қуйида келтирилган сўзларнинг маънодошларини аниқланг:Хасис, истак касал, уят, хунуқ ҳамма, қомад, чиройли, бажармоқ

В) Шаклдош сўзларга 5 та мисол келтиринг ва улар асосида гаплар тузинг.

II топшириқ:Қуйидаги гаплар таркибида келган эшитмоқ, бамаслаҳат, илож,сўзларининг маънодошларини топинг. Гаплар таркибидаги ана шу сўзларни сиз топган маънодошларини қўллаш мумкин ёки мумкин эмаслигини изоҳланг.

1. Буни эшитиб Олтинойнинг тепа сочи тик бўлди. 2. Халқ билан бамаслаҳат иш қиламиз, халқ қиламиз деса, тоғни талқон қилади. 3. Бир илож топ: сих ҳам куймасин, кабоб ҳам.

III топшириқ: вижон, юз, одам, аввал, севги, қизиқ сўзларининг синонимик қаторини ҳосил қилинг. Маъно жилоларидаги фарқларга изоҳ беринг.

 

23-мавзу:Сўзнинг ҳиссий-таъсирий жиҳатдан нутқдаги ўрни. Касбга оид сўзлар ва илмий атамалардан нутқда ўринли фойдаланиш(2 соат)

Режа:

1. Сўзларнинг ҳиссий - таъсирий жиҳатдан турлари.

2. Касбга оид сўзлар ҳақида маълумот.

3. Илмий атамалардан нутқ жараёнида фойдаланиш.

Таянч тушунчалар: ҳиссий-таъсирий, бетараф сўз, бўёқдор сўз, ижобий бўёқдор, салбий бўёқдор сўзлар, атама, илмий атамалар, касбий атамалар.

Нутқда сўз қўллаш меъёрларини билиш, сўз ва ибораларнинг услубий маъно томонларини ўрганиш, тилимиздаги эскирган, янги сўзлар, атамаларнинг хусусиятларини англаш, оқибат натижада, оғзаки ва ёзма нутқнинг равонлигини, тўғрилигини таъминлашга хизмат қилади.

Маълумки, сўзловчининг турли ҳиссий-таъсирий муносабатларини ифодалаш хусусиятларига кўра сўзлар икки турга ажратилади. Булар бетараф сўзлар ва бўёқдор сўзлардир.

Муайян тушунчани ифодалаб, сўзловчининг турли муносабатини билдирувчи, қўшимча маъно жилоси бўлмаган сўзлар ҳиссий-таъсирий жиҳатдан бетараф сўзлар ҳисобланади. Масалан, йил, кун, жой, қўшиқ, китоб, туман, келмоқ, ёзмоқ каби.

Лексик маъно билан бирга, маъноси англашилаётган нарса, белги ёки ҳаракат-ҳолатга сўзловчининг турлича муносабатларини ҳам ифодаловчи сўзлар ҳиссий-таъсирий жиҳатдан бўёқдор сўзлар саналади: Масалан, чеҳра, жамол, башара, табассум, ношуд, найнов, кўркам каби.

Бўёқдор сўзлар ҳурмат, эркалаш, хушмуомалалик, кўтаринки руҳият каби қўшимча маъноларни ифодаласа ижобий бўёқдор сўз саналади: укажон, кенжатой, фусункор, оромбахш, жилмаймоқ каби.

Ҳиссий-таъсирий муносабат нафратланиш, менсимаслик, киноя, қарғаш, ҳурматсизлик маъноларга эга бўлган сурбет, башара, тиржаймоқ, ахмоқ, мижғов каби сўзлар орқали ифодаланса, бундай сўзлар салбий бўёқдор сўзлар саналади.

Илм-фан, техника, санъатга ёки касб-ҳунарга хос сўзлар атамалар деб аталади. Булар одатда бир маънони билдиради: урғу, кесим, ундалма. Атамалар 2 гуруҳга бўлинади:

1. Илмий атамалар.

2. Касбий атамалар.

Илмий атамалар маълум бир фан, санъат ёки техника соҳасида қўлланадиган атамалардир: айирув, қўшув, кесим, сурат, тўплам ва ҳоказо.

Касбий атамалар маълум бир касб-ҳунарга оид сўзлардир. Масалан, тикувчилик касбига доир атамалар: андоза, ангишвона, ип, бичиқ.

Нутқ жараёнида сўзларнинг ҳиссий-таъсирий жиҳатларига эътибор бериш, касб-ҳунарга оид сўзлардан ўринли фойдаланиш нутқнинг нуқсонсизлигини таъминлайди. Масалан, сўзлар синтактик алоқага киришгандагина бирор маъно қирраси рўёбга чиқади. Худди ана шу ўринда биз бирор сўзнинг ўзаро бирикиши ёки бирика олмаслигини сезамиз. Демак, сўзлардаги маъно ва грамматик хусусиятларини тўғри аниқлаб, нутқда улар ўринли бириктирилса, услубий нуқсонсиз, ихчам ва тушунарли фикр рўёбга чиқади. Акс ҳолда, нутқ саёз ва мантиқсиз бўлади. Масалан,оғир, мушкул, қийинсинонимик қаторидаги сўзлар ҳиссий-таъсирий жиҳатдан бир-биридан фарқ қилади. Бу синонимлар масала оти билан бирикиб, оғир масала, мушкул масала, қийин масала каби аниқ боғламаларни ҳосил қила олса, чамадоноти билан фақатгина оғир (оғир чамадон) сўзи бирика олади.

Ҳиссий-таъсирий жиҳатдан бўёқдор сўзларга нутқ услубларидан бадиий ва сўзлашув услубда, илмий ва касб-ҳунарга оид атамалардан илмий услубида кўпроқ мурожаат қилади.

Мавзуни мустаҳкамлаш учун топшириқлар:

I топшириқ:“Қуллар” романидан келтирилган қуйидаги парчани ўқинг ва ундаги ҳиссий-таъсирий жиҳатдан бўёқдор ҳамда атамаларнинг қўлланишига эътибор беринг ва уларни изоҳлашга ҳаракат қилинг:

- Тақсир! - деди оқсоқол, амалдорга қараб, - баҳор ўт молида шу йўнғичқани бир ярим таноб ёздирган эдик, хайр, келинг, кўр бўлсин, бу ҳам бир ярим таноб - да!

Амлакдор аминга қаради, у ҳам бош қимирлатиб “тузук” деган ишоратни берди. Сўнгра амлакдор ўз мирзасига:

- Ёзинг!-деди.

- Қанча

- Бир ярим таноб.

- Нотўғри! - деб бақирди Сафар. Деҳқонлар ҳам ҳар томондан:

- Нотўғри, нотўғри, - деб ғалва кўтардилар.

- Ёзаверинг, - деди амин, - гар чорак таноб ёзсангиз ҳам булар нотўғри деяверади.

- Ўғри ҳам нолийди, уй эгаси ҳам денг-а, амин ҳам заҳарханда қилиб қўйди. Аммо амлакдорнинг пешанаси буришди.

II топшириқ. Кундалик газеталарни кузатиб, уларда қўлланган 10-15 та касб-ҳунарга оид сўзларни аниқланг. Сўнг гап шаклида кўчириб ёзинг, қайси касбга оид эканини ва маъносини аниқланг.

 

24-мавзу: Ифода аниқлиги – фикр равшанлиги.

Гап – матн сифатида(2 соат)

Режа:

1. Гап ҳақида умумий маълумот.

2. Гап - фикрни ифодаловчи энг кичик бирлик.

Таянч тушунчалар: гап, грамматик шакл, оҳанг, тартиб, сўз тартиби, муомаланинг энг кичик воситаси, сўз ва сўз бирикмалари.

Тугалланган оҳанг ва фикрга эга бўлиб, грамматик жиҳатдан шаклланган, муомаланинг энг кичик воситаси ҳисобланган якка сўз ёки сўзлар йиғиндиси гап деб аталади. Гап фикрни ифодаловчи бирлик сифатида матннинг энг кичик кўриниши ҳисобланади.

Сўз ва сўз бирикмалари муайян грамматик шакллар, оҳанг ва тартиб билан мантиқий жиҳатдан боғланган тарзда гапни шакллантиради. Демак, гапга хос бўлган хусусиятлар қуйидагилар:

1. Гап объектив борлиқни кишининг унга муносабати орқали ифодалайдиган лексик-грамматик ва оҳанг бутунлигидан иборат нутқ шаклидир. Гап фикрни ифодаловчи бирлик сифатида матннинг энг кичик кўриниши ҳисобланади.

2. Гап орқали тугалланган фикр ифодаланади: Пахта терими қизғин давом этяпти.

3. Гап ҳосил қилиш учун сўз ва сўз бирикмаларини грамматик жиҳатдан боғлаш керак: Хатни қалам билан ёзди гапида –ни ва биланбоғловчи воситалар ҳисобланади. Бу гапнинг гарамматик жиҳатдан шакллантирилганлигидир.

4. Гап оҳанг жиҳатдан тугалланган бўлиши керак: Куз. Ҳамма ёқда иш қизғин. Бу гапдаги Куз сўзи тугалланган оҳанг билан айтилгани учун гап ҳисобланади. Гапда мақсадга мос тарзда сўзни қўллаш, ифода баёнига мувофиқ кетма-кетликда сўзларни жойлаштириш фикрнинг мантиқий изчиллигини таъминлайди. Сўз тартиби ёки оҳангнинг ўзгариши гапнинг мазмунини ва қурилишини ўзгартиради. Қиёсланг:Хона бўш - Бўш хона. Кўп//болали аёл - Кўп болали//аёл.

Қўшма гапларнинг қисмлари эса боғловчилар, боғламалар, сифатдош ва равишдош қўшимчалари, оҳанг ёрдамида ўзаро боғланади.

Мавзуни мустаҳкамлаш учун топшириқлар:

I топшириқ.Қуйидаги гаплардан келишикли ва кўмакчили боғланишларни ажратиб олиб, ёзиб чиқинг (боғланиш орасида бошқа сўзлар (бўлаклар) бўлиши мумкинлигини ҳисобгаолинг):

1. Дарҳақиқат, Саидий Улфатнинг олдига бориш учун шошилди. 2. Онажон, Ғофуржон, унутма мени! 3. Сени улуғлайман, эй она халқим! 4. Менинг фикримча ғам-ғусса ва маъюсликдан наф кўрмайсиз. 5. Дилшод, шубҳасиз, жуда ақлли йигит. 6. Чамамда, бунга етти-саккиз йил бўлди, шекилли.

Келишикли боғланиш Қайси келишик Кўмакчили боғланиш
1.Саида шошилди Бош келишик Бориш учун шошилди
2. Улфатнинг олди(га) Қаратқич келишиги  
3. Олдига бориш Жўналиш келишиги  

II топшириқ. Қуйида келтирилган матндаги гапларнинг ўзиги хос белгиларини, унда ҳукмнинг ифодаланишини тушунтиринг.

Беруний улуғ донишмандларда чуқур илм ва ўткир заковатдан ташқари, қандайдир нозик бир туйғу бўлишини биларди. Ибн Синода бу ноёб туйғу, айниқса, кучли эканини Беруний биринчи дақиқаларданоқ сезди. Назарида, Ибн Сино кўзини юмганича, хастанинг билагини ушлаб, узоқ сукутга толаркан, фақатгина бетобнинг томир уришларини эмас, балки ўз дилидаги туйғуларга ҳам қулоқ соларди. Сўнг суҳбат яна коинот ҳақидаги азалий ва сержумбоқ саволларга буриларди. Зотан, уларни, айниқса, яқинлаштирган нарса ҳам шу сержумбоқ саволлар, иккисини ҳам кўпдан бери қийнаб келаётган теран фалсафий ўйлар бўлди: Олам не? Ҳаёт не?

Ажабо: бу ечилмас фалсафий муаммоларга ёндашишда уларнинг ҳам дардлари жуда-жуда ўхшаш эди.

III топшириқ.Абдулла Ориповнинг “Мен нечун севаман Ўзбекистонни” номли шеърини ўқинг. Ундаги сўз тартибининг қўлланишига эътибор беринг ва хулосаларингизни дафтарингизга туширинг.

 

25-мавзу: Киритма гаплар. Феъл кесим ва от кесим(2 соат)

Режа:

1. Киритма гаплар ҳақида маълумот.

2. Феъл кесим ва от кесимнинг ўзига хос хусусиятлари.

Таянч тушунчалар: киритма гап, феъл кесим, от кесим, бир бош бўлакли, икки бош бўлакли, соф феъл, сифатдош, равишдош, мураккаб кесим.

Сўзловчининг ўзи баён қиладиган фикрга қўшимча мулоҳазасини билдирган гап киритма гаплар дейилади. Киритма гап асосий фикрни тўлдириш, изоҳлаш учун ишлатилади. Киритма гап, одатда, вергул билан ажратилади: Бу, Салим айтмоқчи, уларнинг асосий мақсадлари бўлган.

Киритма гап ёйиқ бўлса, тире билан ажратилади ёки қавс ичига олинади: Карвон шаҳар четидаги боғларга яқинлашганда олдинда келаётган отлиқ (у Ёдгорбек эканини Машраб узоқданоқ таниди) йўлни чангитиб бошқалардан ўзиб кетди. Ўтириши билан бир неча киши – Отақўзи буни кузатиб ўтирарди - секин унинг қўлини қисиб, табриклаб қўйишди.

Киритма гаплар тузилиши жиҳатдан икки турли бўлади: 1. Бир бош бўлакли: У ёғини сўрасанг, айтайми, мен бунга рози эмасман. 2. Икки бош бўлакли: Иброҳимов, Қурбон ота айтмоқчи, гулларни ўз илмидан баҳраманд қилди.

Гапнинг марказини ташкил қилиб, бошқа бўлакларни ўз атрофида бирлаштирувчи, тасдиқ-инкор, шахс-сон, замон ва майл маъноларини ифодаловчи бўлак кесим саналади. Кесим нима қилди?, нима қилади?, нима қилмоқчи?, қандайдир, (у) нима?, (у) ким?, (у) нечта? сингари сўроқларга жавоб бўлади: Ўқитувчимизнинг айтган гапларини тушундик.

Кесим гапнинг мазмуний марказини ташкил қилгани учун бошқа бўлаклар қатнашмасдан ҳам кесим орқали гап ҳосил қилиш мумкин: Келяпти. Борди.

Кесимлар қайси сўз туркуми билан ифодаланишига қараб 2 хил бўлади:

1. Феъл кесим. Кесимнинг бу тури қуйидагича ифодаланади:

а) соф феъл билан. Маржона мактабдан келди.

б) сифатдош билан: Бу китобларнинг барчаси ўқилган.

в) равишдош билан: Болта тушгунча, тўнка дам олади.

2. От кесимқуйидагича ифодаланади:

Бош, жўналиш, ўрин-пайт, чиқиш келишигидаги отлар билан: Ўзбекистоннинг пойтахти – Тошкент. Бу совға укамга. Уйнинг калити онамда. Буларнинг барчаси севинчдан.

а) сифат билан: Шаҳар гўзал.

б) олмош билан: Бу китоб ўзимники.

в) отлашган сон билан: Ўннинг ярми – беш.

г) равиш билан: Дангасанинг важи кўп.

д) ундов сўз билан: Буйруқни бажармаганнинг ҳоли вой.

е) модал сўз билан: Унинг эзгу ниятлари бор.

Кесимлар тузилишига кўра ҳам икки турли бўлади:

1. Содда кесим бир сўздан иборат бўлади.

А) содда феъл-кесим: Мен келдим

Б) содда от-кесим: Уят ўлимдан қаттиқ.

2. Мураккаб кесимкамида иккита сўздан тузилган бўлади:

Мураккаб кесим қуйидагича тузилади:

1. Мураккаб феъл - кесим қуйидагича тузилади:

а) кўмакчи феълли сўз қўшилмасидан иборат бўлади: Одамлар тарқала бошлади.

б) сифатдош ва тўлиқсиз феълдан иборат бўлади: Машғулот ҳафтада бир мартаўтадиган бўлди. Укелган эди.

2. Мураккаб от - кесим қуйидагича ифодаланади:

а) от, сифат, сон, олмош, равиш ҳамда “бўлмоқ” феъли ёки тўлиқсиз феълдан иборат бўлади: Меҳнат қанча қийин бўлса, нони шунча ширин бўлади.

б) йўқ, бор, оз, кўп, зарур, лозим, керак даркор каби сўзлар ҳамда бўлмоқ феъли ёки тўлиқсиз феълдан иборат бўлади: Узоқдан кўринган шарпа бир зумда йўқ бўлди.

д) ҳаракат номи ҳамда керак, лозим каби сўзлардан иборат бўлади, бунда кесимни эга билан мослаштирувчи шахс-сон қўшимчалари ҳаракат номига қўшилади: Чойхона янги солинган қишки бинога кўчиб кириши ва байрамда очилиши керак эди.

Мавзуни мустаҳкамлаш учун топшириқлар:

I топшириқ.Кесимнинг ифодаланиши мавзусини синчиклаб ўрганиб, ўзингиз ёқтирган бадиий асардан кесимнинг феълдан бошқа сўзлар билан ифодаланишига мисоллар келтиринг. Мисоллар гап ҳолида бўлсин.

II топшириқ.Қуйидаги гапларнинг грамматик асосини топинг. Унда кесим қандай сўз билан ифодаланганлигига эътибор беринг. Кесим турларини аниқланг.

1. Йўлчи меҳмонлардан узоқда, қўрғон ичидан оқиб чиқадиган ариқ лабида, дарахтга суяниб чўнқайди. 2. Бектемирга командирнинг фикри ғоят ёқди. 3. Шаҳарнинг дарвозабони Бектемир эди. 4. Бу хабар кўпларни қувонтирди. 5. Турсуной билан Шарофатхон бирга ўтириб ҳасратлашар эди. 6. Шахмат – ўзида ҳам назарий, ҳам амалий томонларни бирлаштирган алоҳида фан.

 

26-мавзу:Диалогик матнда лисоний воситалар ва гап қурилиши

(2 соат)

Режа:

1. Матн нима?

2. Диалогик матннинг тузилиши.

3. Диалогик матнда лисоний воситаларнинг қўлланиши.

Таянч тушунчалар:Диалог, диалогик матн, монологик матн,сўроқ олмошлари, муомала одобига оид сўзлар, ибора, юклама, ундов, кириш сўз.

Маълум воқелик ҳақида тасаввур (маълумот) берадиган бир ёки бир неча синтактик бирликлардан ташкил топган нутқий бутунлик матн ҳисобланади.

Матн оғзаки ва ёзма нутққа хос бўлишидан қатъий назар, икки хил бўлади: диалогик ва монологик

Диалогик матн икки ва ундан ортиқ суҳбатдошнинг турлича мазмундаги фикр-ахборот алмашинувидан иборат бўлади.

Икки киши ўртасидаги диалогик нутқ савол-жавоб, буйруқ-жавоб, хабар-эътироз каби мазмунларни ифодалаб, фикр хусусидаги тасдиқ ёки инкорни, зиддият ёки мунозарани билдиради. Кўп кишилик диалогларда суҳбат мавзуси савол-жавобдан иборат бўлмай, ўртага ташланган савол, таклиф, даъват, бирор хабар, далиллар билан хулосаланади.

Диалогик матн таркибида сўроқ олмошлари, муомала одобига оид сўз ва иборалар, юкламалар, ундовлар, кириш сўзлар кенг қўлланади. Бундай матндаги гаплар, асосан, содда гаплардан ташкил топади, содда гапларнинг бир таркибли турлари, тўлиқсиз гаплар, сўз-гаплар фаол ишлатилади. Диалогик матн сўзлашув услуби ва бадиий услубга хосдир.

Диалогик матнларда тўлиқсиз гапларнинг кўп учрашига сабаб сўзлаш пайтидаги вазият ва ҳар хил имо-ишораларни, фикрни ихчам англатишга имкон беришидир. Иккинчидан, фикр ифодаси учун зарур бўлмаган ҳодисаларнинг тушириб қолдирилишидир: Чалиндитўлиқсиз гапида дарсга қўнғироқ чалинганлиги сўзловчи ва тингловчига олдиндан маълум. Шунинг учун улар бир-бирига бу гапни тўлиқ айтиб ўтиришларига эҳтиёж сезмайдилар. Бунда нутқ ихчамлашади, соддалашади.

Демак, диалогик матнларда ўринсиз қайтариқлар, нутқий ғализликлардан қочиш учун тўлиқсиз гап кўп ишлатилади. Чунки диалогик нутқ, асосан, савол-жавоб асосида қурилиб, бу савол-жавобда суҳбатдошларни тўлиқсиз гаплар бемалол қондиради:

- Отинг нима?

- Бозор.

- Қаердан келдинг?

- Кўлоб томонлардан!

- Қаерга бормоқчи эдинг?

- Бухоро томонларга.

- Жуда яхши,- деди хўжайин...

Мавзуни мустаҳкалаш учун топшириқлар:

I топшириқ.Қуйидаги матнни сингчиклаб ўқинг. Унда диалогик мантга хос унсурларни аниқлаб, қўлланишини тушунтиринг.

- Сизники қаердан, меҳмон?

- Тошкентдан, мулла ака.

- Исмингиз?

Отабек манглайини қашиб олгач, жавоб берди:

- Шокирбеқ.

Марғилонга биринчи келишингизми?

Биринчи келишим...

II топшириқ.Дўстингиз билан бугунги кун режаларингиз тўғрисида суҳбатлашинг ва шу асосида диалогик матн яратинг. Унда қўлланилган лисоний воситаларни аниқланг.

 

27-мавзу: Гапнинг шаклий-мазмуний тузилиши ва унинг турларида синонимия кўлам(2 соат)

Режа:

1. Гапнинг ифода мақсадига кўра турлари.

2. Гапнинг тузилишига кўра турлари.

3. Гаплар доирасида синонимия ҳодисаси.

Таянч тушунчалар:дарак гап, сўроқ гап, буйруқ-истак гаплар, синонимик қатор, лексик синоним, содда гап синонимияси, қўшма гап синонимияси.

Ҳар бир гапда маълум бир мақсад, ният ёки ҳис-ҳаяжон ифодаланади. Сўзловчи бирор нарса, воқеа-ҳодиса ҳақида хабар қилади ёки ўзига ноъмалум бўлган нарса ва воқеа-ҳодиса ҳақида маълумот олишни истайди, тингловчига бирор ишни бажариш бўйича буйруқ қилади. Шунга кўра гаплар мазмун жиҳатидан дарак, сўроқ ва буйруқ-истак гапларга ажратилади. Улар ҳақида сиз мактаб дарслигидан маълумотга эгасиз. Гапнинг бу турлари ўртасида синонимия ҳодисаси ҳам мавжуд.

Мазмунан бир-бирига яқин бўлган фикрни турли гап шаклларида баён қилиш гаплар синонимиясини юзага келтиради: Боланинг эгнига бирор нарса кийитинг//Болага бирор нарса кийитсангиз бўлмайдими эгнига. Бу гапнинг биринчиси бетараф бўлса, иккинчиси сўзлашув нутқи услубига тегишлилиги билан ажралиб туради. Бунда сўзловчининг ўз нутқига бирор бўлакни қўшимча қилиш мақсади йўқ, балки бу гап сўзлашув нутқига хос бўлиб, унинг нутқи тайёр эмаслиги билан фарқланади.

Кўринадики, бир синонимик қаторни ташкил қилган гаплар ҳам бир-биридан услубий бўёғи билан фарқланиб турибди: Планни бажардиқ// Планни адо этдик//Ваъдага вафо қилдик//Ваъданинг устидан чиқдик: Эл олдида уятга қолмадик//Халқ олдида юзимиз ёруғ бўлди.

Синонимлик содда гаплар орасида ҳам, қўшма гаплар орасида учрайди.

Синонимик содда гаплардан такрорнинг олдини олиш, нутқнинг таъсирчанлигини ошириш учун услубий восита сифатида фойдаланилади. Масалан, Мен бормайман,...қаерга бораман, ...ҳеч қаерга бормайман, ... боришгаку бормайман, ...нега боришим керак, бориб бўпман ва ҳоказо.

Лексик синонимлар сингари, синоним гапларни ҳам кетма-кет ёки ёнма-ён қўллаш орқали таъсирчанлик кучайтирилади. Масалан, “Бой ила хизматчи” драмасидаги Ғофурнинг нутқини кузатайлик: “Мен ўғрилик қилганим йўқ, ҳаммаси бойларнинг ҳийла-найранглари. Мен ўғри эмасман, мени ўғри деганларнинг ўзлари ўғри”. Худди шунингдек, синоним гапларни қатор қўллаш бадиий нутқ услубида кенг қўлланади. У ёзувчига акс эттирилаётган воқеа-ҳодисаларнинг энг муҳим томонларини тўлақонли ва образли тасвирлашга имкон беради: Пирнафас аканинг уйи мотамда қолди. Фақат Пирнафас аканинг уйигина эмас, бутун бир қишлоқ, гўзал Пишканак қишлоғи қайғу-алам, ғам-кулфат ичида қолди.

Қўшма гап қисмлари турли хил боғловчи ва боғловчи вазифасидаги сўзлар билан бириктирилади. Аммо оҳанг ёрдамида бирикадиган қўшма гап турлари ҳам мавжуд. Бу ҳолат қўшма гап турлари орасида синонимик муносабат мавжудлигини кўрсатади.

Бу гаплар мазумунан бир-бирига яқин бўлса ҳам, грамматик шаклланиши, қўшимча маъно оттенкаси билан фарқланади. Булар синоним қўшма гаплар бўлиб, нутқ услубида танлаб ишлатилади.

Фикрни таъсирли ифодалаш, нутқни бир хил структурадаги такрорлардан холи қилиш учун синоним қўшма гаплардан фойдаланилади: Сув келгач, нур келади//Сув келгандан сўнг, нур келади//Сув келиши билан нур келади.

Қўшма гаплар содда гапларга ҳам синоним бўла олади. Содда гапларда ҳаракат ва ҳолат ёки белги-хусусият мураккаб тушунча сифатида қайд этилади, қўшма гапларда эса ана шу тушунча ҳукмга айланади. Бунинг натижасида тингловчининг диққати айтилаётган фикрдаги бир нуқтага тортилади: Дилозордан эл безор//Кимки бўлса дилозор, ундан элу-юрт безор. Мақтанчоқ киши ҳамиша хижолат тортади//Ким мақтанчоқ бўлса, у ҳамиша хижолат тортади.

Қўшма гап синонимиясидан бадиий тасвирда портрет, табиат манзарасини чизишда, шунингдек, инсон руҳий ҳолати ва ҳис-туйғуларини ифодалашда кўпроқ фойдаланилади.