Мажнуннинг асл исмни аниқланг

а) Қайс

б) Нафал

с) Ибн Салом

д) Хусрав

5. Достон неча бобдан иборат?

а) 38

б) 48

с) 72

д) 63

 

32-мавзу:“Сабъаи сайёр” достони(2 соат)

Режа:

1. “Сабъаи сайёр” достонининг яратилиши.

2. Достонинг тузилиши.

3. Достонинг таҳлили.

 

Таянч тушунчалар:Етти кезувчи, сайр қилувчи, қолипловчи қисса ва ҳикоят, оғзаки ва ёзма адабиёт, «Ҳафт пайкар», «Ҳашт биҳишт», Баҳром ва Дилором.

Алишер Навоий «Хамса»сининг тўртинчи достони «Сабъаи сайёр» (етти кезувчи-сайр қилувчи) деб аталади. Асарнинг бундай номланиши сабабини шоир шундай изоҳлайди:

Лутф бу назм аро бағоятдур,

Ғараз аммо етти ҳикоятдур.

Чунки қойил етти мусофир эди,

Ки алар сайр ишига моҳир эди,

Бўлди чун бу рақам иши тайёр,

Қўйдум отини «Сабъаи сайёр».

Шоир айтмоқчики, бу достонда лутф - кўп қиррали маъно ва мазмун кўпдир, аммо асосий мақсад ундаги етти ҳикоятдир. Чунки ҳикояларни айтувчилар сайру саёҳат ишига моҳир бўлган етти мусофирдир. Шунинг учун достон ёзилгач, унга «Сабъаи сайёр» - етти кезувчи, сайр қилувчи мусофир деб от қўйилди.

Алишер Навоийнинг бу масалага алоҳида урғу бериши бежиз эмас. Чунки бу билан, яъни асарга ном қўйиш билан ўз достонининг шу мавзуда битилган бошқа асарлардан ҳам шакл ва мавзунинг талқини жиҳатидан фарқ қилишига ишора қилади.

Дарҳақиқат, Алишер Навоий салафларидан Низомий Ганжавийнинг шу мавзуга бағишлаган асари «Ҳафт пайкар» (Етти гўзал) деб аталган бўлса, Хусрав Деҳлавий уни «Ҳашт биҳишт» (Саккиз биҳишт), замондоши Ашраф Мароғавий эса «Ҳафт авранг» (Етти тахт) деб номлаган эдилар. Уларда асосий диққат Баҳром қиссасига қаратилган бўлса, Алишер Навоий асосий эътиборни мусофирлар томонидан айтилган ҳикояларга қаратди («Ғараз (мақсад) аммо етти ҳикоятдур») ва Баҳром қиссасини ана шу ҳикояларнинг айтилиш воситасига айлантирди. Демак, Алишер Навоий салафларига ўхшаш (Баҳром, етти ҳикоя) асарни янгича талқин, янгича таҳлил билан яратиб, назираи беназирни (ўхшаш-ўхшамас) майдонга келтирган эди.

Алишер Навоийнинг «Сабъаи сайёр» достони 1484 йилнинг июнь ойида ёзиб тугатилган. Баҳром қиссасига бағишланган бу достон ўзбек тилида, арузнинг ҳафифи мусаддас (фоилотун мафоилун фаилун) баҳрида ёзилган.

Шоҳ Баҳром ҳақидаги қисса тарихий асосга эга. Чунки Баҳром ибн Яздижурд-Баҳроми Гўр Варахран V сосонийлар хонадонининг вакили бўлиб, 421- 439 йилларда Ажамнинг подшоҳи эди. Алишер Навоий ўзининг «Тарихи мулуки Ажам» асарида ўша даврдаги тарихчилар дунёқараши асосида Баҳром бинни Яздижурд ҳақида маълумот берган.

Гарчи Баҳром тарихий шахс бўлса-да, аммо у оғзаки ва ёзма адабиётда тарихий шахсликдан кўра бадиий образ-тимсол сифатида кўпроқ машҳурдир. Шунинг учун унинг «саргузаштлари» шунчалик бадиийлаштириладики, натижада тарихийлик ўрнини бадиийлик эгаллаб боради. Бу ҳолни Абулқосим Фирдавсий «Шоҳнома»сидаги Баҳром ва Озода ҳақидаги, Низомий Ганжавий «Ҳафт пайкар»идаги Баҳром ва Фитна, Хусрав Деҳлавий «Ҳашт биҳишт»идаги Баҳром ва Дилором тўғрисидаги қиссаларда ҳам кузатиш мумкин. Алишер Навоий ҳам ўз достонида ана шу бадиий тимсолга айланган Баҳромни ўзининг ғоявий-эстетик ақидаларига мос тарзда тасвирлаб, асарини «афсона» (тарихий эмас), «қисса» (бадиийлаштирилган талқин) деб тавсифлайди.

Алишер Навоийнинг «Сабъаи сайёр»и тузилиш жиҳатидан ўзи ёзган «Фарҳод ва Ширин», «Лайли ва Мажнун» достонларидан фарқ қилади. Бу фарқ достоннинг қисса ичида ҳикоя ёки қолипловчи қисса ва ҳикоялар туркумининг қоришуви усулида ёзилганидан ҳам билинади. Шуни эслатиш жоизки, Низомий ва Хусрав Деҳлавий достонлари ҳам шу тариқада битилган. Аммо улардаги Баҳром ва унинг севгилиси (Фитна, Дилором) ҳақидаги асосий қисса билан маликалар томонидан айтилган етти ҳикоятнинг ўзаро ғоявий-бадиий жиҳатидан боғланиши анча бўш бўлганидан қолипловчи қисса ва етти ҳикоя алоҳида-алоҳида бўлиб туюлади. Алишер Навоий эса ўз достонида еттинчи мусофир томонидан айтилган ҳикоятни қолипловчи қисса воқеалари (Дилором саргузашти) билан боғлайди. Натижада достон қурилишида яхлитлик майдонга келади.

«Сабъаи сайёр»нинг қолипловчи қиссаси Баҳром ва Дилором саргузаштларидан иборат. Қисса Баҳром ёки Дилоромнинг туғилиш воқеалари билан эмас, балки вояга етган шоҳ Баҳромнинг ов жараёнида рассом Моний билан учрашуви, ундан Дилором тавсифини эшитиб, суратини кўриб, унга ошиқ бўлиб қолиш воқеаси билан бошланади. Бундан кўринадики, «Сабъаи сайёр»даги қолипловчи қиссанинг, яъни Баҳром ва Дилором қиссасининг бошланиши «Фарҳод ва Ширин», «Лайли ва Мажнун»ларнинг бошланишидан фарқ қилади. Чунки уларда воқеалар Фарҳод ва Мажнуннинг туғилишидан бошланади.

Демак, Алишер Навоий ҳар бир достонни ундан кузатган ғоявий-эстетик мазмун моҳиятидан келиб чиқиб асардаги воқеалар баёнининг қурилмасини белгилайли.

Достондаги қолипловчи қисса воқеалари баёнида мусофирлар тилидан айтилган етти ҳикоя мазмуни, ғояси, бадиияти ва қизиқарлилиги билан алоҳида ажралиб туради. Энг муҳими шундаки, барча ҳикоялар эзгулик ва олижанобликнинг тантанаси билан ниҳоясига етади; севишганлар мурод-мақсадларига эришадилар, адолат ғолиб келади, ёвузлик ва адолатсизлик енгилади. Ҳикояларда романтик тасвир усули (тахайюл) етакчи ўринни эгаллайди.

Мавзуни мустаҳкамлаш учун топшириқлар:

I топшириқ: Достондаги 1 ва 2-ҳикоятларни ўқинг, муаллиф томонидан қандай ғоя илгари сурилгани изоҳлашга ҳаракат қилинг.

II топшириқ: Қуйидаги саволларга жавоб қайтаринг.

1. Достон нега “Сабъаи сайёр” деб номланади?

2. Достон “Хамса”даги бошқа достонлардан қайси жиҳатлари билан фарқланади?

3. Шоҳ Баҳромнинг ишқий саргузаштлари мавзуининг тарихи ва тадрижий такомили ҳақида нималарни биласиз?

4. Шоҳ Баҳром образини Фарҳод, Мажнун образларидан қайси жиҳатларига кўра фарқланади?

5. Баҳромнинг шоҳ сифатидаги камчиликлари нималардан иборат эди, деб ўйлайсиз?

6. Ошиқлик ва шоҳлик масаласи Баҳром сиймосида қандай тасвирланган?

III топшириқ: Қуйидаги тест топшириқларни бажаринг:

1. Навоий назмининг етти соҳир туҳфаси ҳисобланувчи асари тўғри кўрсатилган қаторни белгиланг.

А.“Лисон ут-тайр”

Б. “Сабъаи сайёр“

С. “Маҳбуб ул-қулуб”

Д. “Садди Искандарий”