I топшириқ: Қуйидаги саволларга жавоб беринг

1. Қўшма гапнинг қандай турлари бор?

2. Боғланган қўшма гап деб нимага айтилади?

3. Боғланган қўшма гап қисмлари ўзаро қандай воситалар ёрдамида бирикади ва қандай маъно муносабатларни ифодалайди?

4. Бириктирув боғловчили боғланган қўшма гапларда бириктирув, сабаб, натижа ва изоҳлаш муносабатлари қандай усуллар билан ифодаланади?

5. Зидлов боғловчили боғланган қўшма гапларда қиёслаш ва изоҳлаш муносабатлари қандай ифодаланади?

6. Айирув муносабатли боғланган қўшма гапларда айирув муносабати қандай ифодаланади?

7. Инкор боғловчили боғланган қўшма гапларнинг ўзига хос хусусиятлари нимадан иборат?

II топшириқ:Қуйида берилган гапларни турларга ажратиб кўчиринг ва қисмлари орасидаги мазмуний муносабатларни изоҳланг.

1. Мевалар терилган эди, аммо фақат бир неча анор бутасида йирик, қизил анорлар барқ урар эди. 2. Кампирнинг ҳаяжонли тувуши чордевордан оша кетди ва бу хушхабар бир зумда ҳаммага эшитилди. 3. Меҳмонлар тарқалиб кетди ва ҳовлида қариндошлардан бошқа киши қолмаган эди. 4. Бу ҳужранинг ҳарорати бор-у, ҳаловати йўқ. 5. Ота-бола жимгина уйга қайтишарди-да, иккови секин уйга кириб кетишар эди. 6. Машина катта жар ёқасига келиб қолди-ю, шофёр ҳушёрлик қилиб тўхтатди.

III топшириқ: “Мен севган касб” мавзуида иншо ёзинг. Унда боғланган қўшма гаплар ва уларнинг турлари иштирок этсин. Тиниш белгиларининг қўлланишига эътибор беринг.

 

42-43- мавзу: Эргашган қўшма гаплар, уларнинг таркиби. Эргаш гапни бош гапга боғловчи воситалар(4 соат)

Режа:

1. Эргашган қўшма гаплар ҳақида маълумот.

2. Эргашган қўшма гапларда бош ва эргаш гапларни боғловчи воситалар.

 

Таянч тушунчалар: Эргаш гап, тобе-ҳоким муносабати, эргашиш, бош гап, эргаш гап, эргаш гапли қўшма гап.

Бирдан ортиқ содда гапларнинг мазмун жиҳатдан тобе-ҳоким муносабати асосида, яъни бирининг бошқасига эргашишидан тузилган қўшма гаплар эргаш гапли қўшма гап дейилади: Илдиз озиқ берса, новда кўкаради.

Эргашган қўшма гапда бош гап ва эргаш гап бўлади.

Бошқа гапни ўзига тобе қилиб келган гап бош гап ҳисобланади. Бош гапга эргашиб, уни изоҳлаб келган гап эргаш гап дейилади: Укам келса, машғулотларни бошлаймиз. Бу гапда Укам келса гапи эргаш гап, Машғулотларни бошлаймиз гапи эса бош гап. Эргаш гап бош гапни бутунича ёки унинг бирор бўлагини изоҳлайди: Раис киргач, ҳамма тинчланди гапида эргаш гап бош гапни бутунисича изоҳлаяпти. Сиз шуни унутмангки, курашчилар ёлғиз эмас. Гапида эса эргаш гап бош гап таркибидаги олмош билан ифодаланган тўлдирувчи (шуни) изоҳлаяпти. Эргаш гап бош гапдан олдин, ундан кейин ёки унинг ичида кела олади: Биз, ҳамма йиғилгач, йўлга тушамиз. Бу гапда эргаш гап бош гап ичида келган.

Эргаш галар бош гапларга чунки, шунинг учун, -ки, агар, гарчи, мабодо, гўё(ки) каби эргаштирувчи боғловчилар, феълнинг равишдош, сифатдош, ҳаракат номи шакллари, шунингдеқ юклама, кўмакчилар, турли вазифадаги кўрсатиш олмошлари, ким-у, қандай-шундай, қанча-шунча, қайси-ўша, қаерда-у ерда каби бир-бирига ишора муносабатини билдирадиган сўроқ олмошлари ва кўрсатиш олмошларидан иборат нисбий сўзлар, сабабли, туфайли, деб сўзлари орқали боғланади: 1. Биз китобни севамиз, чунки у билим манбаидир. 2. Ҳосил тўкин бўлса,тўйлар тўхтамайди.

Диққат! Кесими таркибида -ки, шунинг учун боғловчилари қатнашган гаплар кўпинча бош гап ҳисобланади, кесими таркибида -са, са ҳам, -б(иб), -гач, -гунча, -ганда, -р(ар), экан боғловчи воситалари, шунингдек, кўмакчилар, чунки, агар, гўё(ки), токи боғловчилари қатнашган гаплар эса ҳар доим эргаш гап ҳисобланади.

Мавзуни мустаҳкамлаш учун топшириқлар:

I топшириқ:Қуйидаги саволларга жавоб беринг.

1. Эргашган қўшма гап деб нимага айтилади?

2. Эргашган қўшма гапга хос асосий мезон нимадан иборат? У боғланган қўшма гапдан қайси хусусиятлари билан фарқланади?

3. Эргашган қўшма гапларнинг таркиби қандай қисмлардан ташкил топади?

4. Эргаш гап бош гапга қандай йўллар билан боғланади?

5. Эргашган қўшма гапда эргаш гап қандай ўринларда келади?

II топшириқ:Эргашган қўшма гапларни топиб, уларни боғланган қўшма гапларга айлантиринг. Гап тузилишида ва тиниш белгиларида юз берган ўзгаришларни тушунтиринг.

1. Ёмоннинг яхшиси бўлгунча, яхшининг ёмони бўл. 2. Кун чиққунча, биз далага етиб борамиз. 3. Сарви хола гапини тугатгач, Манзура хола “тўғри айтадилар, қўзим” деб қўйди. 4. Табиат оқ ёпинчиғини ташлар-ташламас, куртаклар кўз уқалай бошлади. 5. Шамси ўрнидан туриб, дўпписини икки буклаб, “Боғаро”ни шунақаям авждан айтибдики, ҳаммаси қойил қолишибди. 6. Энди ўт ёқаман деб турганда, кўча бирдан тақиллаб қолди. 7. Сенга бир аломат нарса олиб келдимки, кўрсанг ҳайрон қоласан. 8. Меҳнат қилсанг, роҳат кўрасан. 9. Мен келсам, сен кетибсан.

III топшириқ:Қуйидаги тест саволларининг тўғри жавобларини аниқланг.