Эргаш гапли қўшма гапларда эргаш гап қайси ўринларда келади? 1 страница

А. Бош гапдан олдин.

Б. Бош гапдан кейин.

В. Бош гапнинг ичида

Г. А, Б, В жавоблар тўғри.

 

44-мавзу: Эргаш гапли қўшма гап турлари(2 соат)

Режа:

1. Эргаш гапли қўшма гап турлари.

2. Эргаш гапли қўшма гап турларининг ўзига хос хусусиятлари

 

Таянч тушунчалар:Эга эргаш гап, кесим эргаш гап, тўлдирувчи эргаш гап, аниқловчи эргаш гап, равиш эргаш гап, пайт эргаш гап, ўрин эргаш гап, сабаб эргаш гап, мақсад эргаш гап, шарт эргаш гап, тўсиқсиз эргаш гап, миқдор - даража эргаш гап, ўхшатиш эргаш гап, натижа эргаш гап.

Бирдан ортиқ содда гапларнинг мазмун жиҳатдан тобе-ҳоким муносабати асосида, яъни бирининг бошқасига эргашишидан тузилган қўшма гаплар эргаш гапли қўшма гап аталишини олдинги машғулотларингиздан билиб олдингиз. Бош гапни қандай изоҳлашига кўра эргаш гапли қўшма гаплар бир неча турли бўлади.

1. Эга эргаш гап бош гапдаги олмош билан ифодаланган эгани изоҳлаган эргаш гапдир. Эга эргаш гап бош гап билан биргаликда эга эргаш гапли қўшма гап ҳисобланади. Эга эргаш гап -ки боғловчиси ва феълнинг шарт майли қўшимчаси -са ҳамда сўроқ ва кўрсатиш олмошлари (кимки - у, кимки - ўша, кимки - ўзи, нима - ўша, нимаки - ҳаммаси) ёрдамида боғланади: Кимки ёмонлар суҳбатидан қочса, яхшилар суҳбатига эришади.

2. Кесим эргаш гапбош гапдаги олмош билан ифодаланган кесимни изоҳлаган эргаш гап бўлиб, у бош гап билан биргаликда кесим эргаш гапли қўшма гапни ҳосил қилади. Масалан: Иккинчиси шуки, халқ бошига офат келтирган Андижон зилзиласи Қорабулоқни сувдан маҳрум қилиб қўйди. Кесим эргаш гаплар бош гапга -ки боғловчиси, ўрин-пайт ёки бош келишикдагишуолмоши ёрдамида боғланади. Баъзан бош гапдаги олмош билан ифодаланган кесим туширилади: Яхшиси, сен дарсингни тайёрлагин.

3.Тўлдирувчи эргаш гап бош гапдаги кўрсатиш олмоши билан ифодаланган тўлдирувчини изоҳлаган гапдир. Тўлдирувчи эргаш гап бош гап билан биргаликда тўлдирувчи эргаш гапли қўшма гапни ташкил қилади. Тўлдирувчи эргаш гап, одатда, бош гапга -ки боғловчиси, шарт майли қўшимчаси -са ёрдамида боғланади: Шуни билингки, ҳар бир янгилик бехосият бўлмайди.

4. Аниқловчи эргаш гапбош гапдаги аниқловчи бўлиб келган олмош ва айрим сифатларни изоҳлаб келган гапдир. Аниқловчи эргаш гап бош гап билан биргаликда аниқловчи эргаш гапли қўшма гапни ҳосил қилади. Аниқловчи эргаш гап бош гап билан -ки боғловчиси билан ёки шарт майли қўшимчаси -са билан (бунда эргаш гап таркибида қандай, қайси, кимнинг каби олмошлар, бош гап таркибида эса шу, ўша, унинг, баъзи, бир хил, айрим, бир, бир қанча каби олмошлар бўлади) боғланади. 1. Шундай инсон ҳақида хабар келтирдимки, унинг ҳар бир сўзи гавҳардир. 2. Кимнинг кўнгли тўғри бўлса, унинг йўли ҳам тўғри бўлади.

5. Равиш эргаш гапбош гапдан англашилган иш-ҳаракатнинг қандай тарзда бажарилганлигини билдирган эргаш гапдир. Равиш эргаш гап бош гап билан биргаликда равиш эргаш гапли қўшма гапни ташкил қилади. Боғловчи воситалар: -б(иб), -май, -масдан, -деб. Масалан: Наимийнинг бирор иши ўнгидан келмасдан, умри бекорга ўтиб кетди.

6. Пайт эргаш гапбош гапдаги иш-ҳаракатнинг пайтини билдирган эргаш гапдир. Пайт эргаш гап бош гап билан пайт эргаш гапли қўшма гапни ташкил қилади: У келгунча, ҳамма тарқалган эди.

7.Ўрин эргаш гап бош гапдан англашилган иш-ҳаракатнинг бажарилиш ўрнини билдирган эргаш гапдир. У бош гап билан биргаликда ўрин эргаш гапли қўшма гап дейилади: Қаерда кучли интизом бўлса, шу ерда тартиб бўлади. Боғловчи воситалар: -са (қаердан, қайда, қаерга, қаерга, шу ерда, ўша ерда, шунда, шу ерда, шу ердан, у ерда).

8. Сабаб эргаш гапбош гапдан англашилган иш-ҳаракатнинг сабабини билдирган эргаш гапдир. У бош гап билан биргаликда сабаб эргаш гапли қўшма гап деб номланади. Масалан: Бу уйлар илгари беданахона бўлганидан, дарчаси ҳам йўқ эди.

9. Мақсад эргаш гап бош гапдан англашилган иш-ҳаракатнинг нима мақсадда юзага келишини билдирган гапдир. У бош гап билан биргаликда мақсад эргаш гапли қўшма гап деб номланади. Боғловчи воситалар: деб, -син деб, -ди деб, -ар деб, -са деб, -ми экан.Масалан: Одамлар яхши яшасин деб, тинчликка имзо чекдик.

10. Шарт эргаш гап бош гапдан англашилган иш-ҳаракатнинг қандай шарт билан бажарилишини билдирган эргаш гапдир. У бош гап билан биргаликда шарт эргаш гапли қўшма гапни ҳосил қилади. Боғловчи воситалар: -са, -са эди, агар, мабодо, борди-ю, -ганда (эди), -р(ар) экан, -ган экан, -ми, бўлмаса, ёқса, -май, бўлай десанг, -синки. Масалан: Агар сув бўлса, чўл-у саҳролар бўстонга айланади.

11. Тўсиқсиз эргаш гап бош гапнинг мазмунига зид бўлса ҳам, унда ифодаланган воқеа-ҳодисанинг юзага келишига тўсиқ бўла олмайдиган фикрни англатган эргаш гапдир.У бош гап билан биргаликда тўсиқсиз эргаш гапли қўшма гапдейилади. Боғловчи воситалар: -са ҳамки, қанча, қанчалик, нақадар, гарчи, гарчанд, -ганда ҳам, -са-да, -гани билан, -масин, қарамай, қарамасдан, -и (иб), -гани ҳолда, -ди ҳамки, хоҳ...хоҳ (-са-маса), -са: Қуёш яширинган бўлса ҳам, кундузнинг ёруғлиги ҳали сўнмаган эди.

12. Миқдор-даража эргаш гапбош гапдан англашилган иш-ҳаракатнинг бажарилиши миқдорини билдирган эргаш гапдир. Бу гаплар бош гап билан бирга миқдор-даража эргаш гапли қўшма гап деб юритилади. Масалан: У қанча қизарса, мен шунча совуққон тус олардим.

13. Ўхшатиш эргаш гапбош гапдан англашилган иш-ҳаракатнинг қай тарзда бажарилишини ўхшатиш йўли билан билдирган гапдир. У бош гап билан биргаликда ўхшатиш эргаш гапли қўшма гап деб юритилади. Масалан: Чирилдоқларнинг майин мусиқаси ҳамма ёқни тўлдирган, гўё кечанинг ўзи куйлайди.

14. Натижа эргаш гапбош гапдан англашилган иш-ҳаракатнинг натижасини билдирган эргаш гапдир. У бош гап билан биргаликда натижа эргаш гапли қўшма гапдейилади. Натижа эргаш гап бош гапга -ки боғловчиси ёрдамида боғланади. Бош гап таркибида шундай, шу қадар, шунчалик, шу даражада, шунча, чунон каби сўзлар, эргаш гап таркибида эса натижада, оқибатда, ҳаттокаби сўзлар қўлланиши мумкин: Дўл бир зумда шундай ёғдики, ер оппоқ бўлиб кетди.

Мавзуни мустаҳкамлаш учун топшириқлар:

I топшириқ:Қуйида берилган гаплар эргаш гапли қўшма гапнинг қайси турига тааллуқли эканлигини аниқланг.

1. Шуниси муҳимки, ҳаммаса бажону дил қабул қилинди. 2. У шундай эҳтиёткорлик билан эмакладики, ҳатто қамишлар ҳам шитирламади. 3. Яна шуни ҳам айтмоқчиманки, Аҳмадалинингиз – ёлғиз ўғлим. 4. Бу одам шунча дарғазаб бўлдики, Наби шу ерда бўлса, бир-икки тарсаки урадигандай эди. 5. У қаерда бўлмасин, ўн йиллардан бери шу жойларнинг қадрдон суратини кўнглида сақлайди.

II топшириқ:Бирор бир бадиий асарнинг бир неча саҳифасини синчиклаб ўқинг. Боғловчисиз қўшма гапларни топиб, эргаш гапга айлантиринг, қурилиши ва мазмунидаги фарқларни айтинг.

 

45-мавзу:Боғловчисиз қўшма гап(2 соат)

Режа:

1. Боғловчисиз қўшма гап ҳақида маълумот.

2.Боғловчисиз қўшма гапнинг турлари.

3. Боғловсчисиз қўшма гапларда тиниш белгиларининг ишлатилиши.

Таянч тушунчалар:Қўшма гап, боғловчисиз қўшма гап, содда гаплар, боғланган қўшма гапга синоним бўлган боғловчисиз қўшма гап, эргашган қўшма гапга синоним бўлган боғловчисиз қўшма гап, боғловчили қўшма гапга синоним бўлмаган боғловчисиз қўшма гап.

Махсус боғловчи воситаларсиз, асосан, оҳанг ёрдамида бириккан содда гаплардан тузилган қўшма гаплар боғловчисиз қўшма гаплардейилади. Бундай қўшма гап қисмлари оҳангдан ташқари, айрим сўзларнинг такрорланиши, гап қурилиши, умумий бўлаклар воситасида бирикади: Кеч кирди, теварак - атрофга қоронғулик туша бошлади. Бу қўшма гапдаги содда гаплар ўзаро фақат оҳанг ёрдамида боғланган, уларнинг ўрнини алмаштириб бўлмайди.

Боғловчисиз қўшма гаплар қуйидаги турларга бўлинади.

1. Боғланган қўшма гапга синоним бўлган боғловчисиз қўшма гап:

Тиғ яраси тузалади, тил яраси тузалмайди.

2. Эргашган қўшма гапга синоним бўлган боғловчисиз қўшма гап: Қор ёғди – дон ёғди.

3. Боғловчили қўшма гапга синоним бўлмаган боғловчисиз қўшма гап: Хушхабар олиб келдим: гарнизон янчилди.

Боғловчисиз қўшма гаплар таркибида тиниш белгилари қуйидагича қўлланади.

1. Агар боғловчисиз қўшма гап қисмлари бир пайтда ёки кетма-кет юз берган воқеа-ҳодисаларни ифодаласа, улар орасига вергул қўйилади: Арава ғижирлаб борар, аравакаш эса хиргойисини бир зумга ҳам тўхтатмас эди.

2. Агар боғловчисиз қўшма гап қисмлари ўзаро мазмунан бир-биридан узоқ бўлса, улар орасига нуқтали вергул қўйилади: Ёмғир челакдан қуйгандай шарриллаб ёғарди; унинг хаёли узоқ ёшлик пайтларида кезар эди.

3. Боғловчисиз қўшма гапнинг икинчи қисми биринчи қисмининг сабабини билдирса, изоҳласа, тўлдирса, улар орасига икки нуқта қўйилади: Гап шу: эртага мен билан йўлга чиқасиз.

4. Агар боғловчисиз қўшма гап қисмлари ўзаро зидлик ёки ўхшашлик муносабатига киришган бўлса, улар орасига тире қўйилади: Қор ёғди-дон ёғди.

Мавзуни мустаҳкамлаш учун топшириқлар:

I топшириқ: Қуйидаги гапларни боғловчисиз қўшма гапларга айлантиринг. Гап қурилишида юз берган ўзгаришларни тушунтиринг.

1. Тўлаган ака нима дейишини билмай қолганини кўриб, Сафаров беш-олти букланган аризасини унинг қўлидан олди. 2. Сиддиқжон гарчи табелчи ҳақида Болтабойга қайтиб оғиз очмаган бўлса ҳам, учинчи куни табелчи бехосдан унинг номини айтди. 3. Инсон фазилати шундай катта бир дунёки, уни одам ҳаётини бойитадиган маънавий хазина деса бўлади. 4. Иброҳимов яна ким сўзга чиқмоқчи эканини сўраган эди, ҳеч ким қўл кўтармади. 5. Жўра ота ҳақида гап сотишни яхши кўрар эди, дарров тили қичиди. 6. Боғнинг рангдор, маржон чироқлари ҳам сўнди, ҳамма ёқ жим-жит бўлиб қолди. 7. Бева-бечораларнинг, етим-есирларнинг оҳ-воҳига қулоқ сол, улар марҳаматингга мунтазир.

II топшириқ:Ўзингиз севган бадиий асарнинг бир неча саҳифасини ўқинг. Боғловчисиз қўшма гапларни топиб, эргаш гапга айлантиринг, қурилиши ва мазмунидаги фарқларни айтинг.

 

46-мавзу: Кўчирма гапли қўшма гаплар(2 соат)

Режа:

1. Кўчирма гап ва муаллиф гапи ҳақида умумий маълумот.

2.Кўчирма гапли қўшма гапларда тиниш белгиларининг ишлатилиши.

Таянч тушунчалар:Кўчирма гап, муаллиф гапи, нутқ жараёни, сўзлашув ва бадиий услуб.

Муаллиф ўз нутқида бошқалар ифодалаган фикрлардан ҳам фойдаланиши мумкин. Бундай фикрларкўчирма гап ва муаллиф гапи воситасида берилиши мумкин. Кўчирма гап ва муаллиф гапи таркибий жиҳатдан қўшма гапларга ўхшайди, шунинг учун бундай қурилмалар кўчирма гапли қўшма гап деб аталади: - Қудрат акамнинг чолдан оладиган аламлари бор (кўч.гап) - қўшиб қўйди Гулчирой (муалл. гап).

Ўзгаларнинг ҳеч қандай ўзгаришсиз берилган гапи кўчирма гап дейилади, шу гапни ўз нутқида келтираётган шахснинг гапи муаллиф гапи ҳисобланади. Ана шу иккита гап кўчирма гапли қўшма гапнинг доимий қисмлари ҳисобланади: Муаллиф гапининг кесими деди, деб, сўради, деб жавоб берди, гапирди, сўзлади, айтди каби феъл билан ифодаланади. Кўчирма гаплар сўзлашув ва бадиий услубларда кўп ишлатилади. Кўчирилган гап муаллиф гапидан аввал, ундан кейин, унинг ичида, унинг икки томонида келиши мумкин: “Меҳнат иштаҳа очар”, -дейди бобом. Чўпондан сўрадик: “Бу қўйлар кимнинг қўйи?”. “Мен, -деди у,- эртага келаман”. Бош инженер ниҳоятда босиқлик билан: - Бу гапга Худойқуловнинг алоқаси йўқ, - деди.

Кўчирма гапли қўшма гапларда тиниш белгилари қуйидагича қўлланилади:

1. Кўчирма гап дарак гап бўлиб, муаллиф гапидан олдин келса вергул ва тире қўйилади: “Юринг, мен ўша томонга бораман”,- деди Комила. Сўроқ ва ундов белгилари қўштирноқ ёпилмасдан олдин қўйилади.

2. Кўчирма гап муаллиф гапидан кейин келса, муаллиф гапидан кейин икки нуқта қўйилади: Бир кун Ҳусайн мирзо шипга қараб ётиб, вазирларига шундай деди: - Олиб келинг!

3. Муаллиф гапи кўчирилган гап ичида келса, тиниш белгилари қуйидагича қўйилади:

1) кўчирилган гапнинг узилиб қолган қисмида ҳеч қандай тиниш белгиси бўлмаса ёки вергул ёхуд икки нуқта бўлса, бу белгилар туширилиб, муаллиф гапи ҳар икки томондан вергул ва тире билан ажратилади: “Ҳазрат, -дебди Худойберди унга қараб, - тандирни қуролмадим”.

2) кўчирилган гапнинг узилиб қолган қисмидан сўнг нуқта қўйиш лозим бўлса, муаллиф гапидан олдин вергул ва тире, муаллиф гапидан сўнг эса нуқта қўйилади: “Ноиб тўранинг гапларидан билинади ўзи, - деди Мирёқуб. – Сиз бўлган гапларни айтиб беринг”.

3) кўчирилган гапнинг узилиб қолган қисмидан сўнг сўроқ ёки ундов белгиси қўйиш лозим бўлса, муаллиф гапидан аввал ўша белги ва тире қўйилади. Муаллиф гапидан сўнг нуқта ва тире қўйилиб, кўчирма гапнинг давоми бош ҳарф билан бошланади: Хадичахон кўзларини айёрлик билан ўйнатиб туриб, кундошига қаради: - Гапни эшитаётирсизми? – деди. – Эртага бизникига шаҳарлик меҳмонлар келишар экан!

4. Кўчирма гап муаллиф гапининг ўртасида келса, тиниш белгилари қуйидагича қўйилади:

1) муаллиф гапининг узилиб қолган қисмининг охирига икки нуқта қўйилиб, кўчирилган гап қўштирноқ ичига олинади: Кўчирилган гапдан кейин вергул ва тире қуйилиб, кейин муаллиф гапининг давоми ёзилади: Саодат: “Биз ҳам астойдил меҳнат қилдик”,-деди.

2) Кўчирма гап сўроқ ёки ҳис ҳаяжон гап бўлса, уларнинг белгилари қўштирноқ ичида бўлади: Ўқитувчимиз: “Сен қайси бадиий китобларни ўқиб чиққансан? ”,- деб сўрадилар.

5.Кўчирма гаплар ҳамсуҳбатларнинг луқмаси тарзида ифодаланганида ёзма нутқда ҳар бир луқмадан аввал тире қўйилади. Бу луқмаларда муаллиф гапи бўлмайди: - Шаҳарда қариндошингиз борми? -Йўқ.

Мавзуни мустаҳкамлаш учун топшириқлар:

I топшириқ:Гапларни ўқинг. Кўчирма гапли қўшма гапларни топиб, дафтарингизга кўчиринг. Кўчирма ва муаллиф гапининг ўзаро боғланишини, қўштирноқ ва тиренинг қўйилиш сабабларини изоҳланг. Бу белгилар қўйилмаган бўлса, уларни қўйиб чиқинг. 6-7 гапларни ўзлаштирма гапга айлантириб, уларнинг тиниш белгиларидаги фарқларни тушунтиринг.

1. Хотин индамай дастурхонни йиғиштириб олди, қозонга қўяётиб эшитилар-эшитилмас деди: “Ўша асалнинг пулига анор ҳам берар эди”. 2. “Мактабга бор!” - дейди она. 3. “Офарин! Офарин”- деб юборди Ғуломжон хурсанд бўлиб. 4. Давлатбеков қўлини кўксига қўйиб: Хўп бўлади, хўп!- деб турар эди. 5. Мен умумхалқ бошлаган ишдан четда қолмайман, деди Меҳри ҳаяжон ичида. 6. Бир кекса ўқитувчи: “Кўнглимизни чироғи олиб кетилган уйдай қилиб кетяпсиз, Содиқжон”,- деган эди.

II топшириқ:Кўчирма гапларни ўзлаштирма гапларга алмаштиринг, улардаги тузилиш ва услубий томондан содир бўлган ўзгаришларни кўрсатинг.

1. Марҳамат, айтинг, - деди у, -сиз ашула айтиб биласизми? 2. Нормат полвонга қичқирди Ўктам: “Ҳорманг, полвон!”. 3. Опам қулочни очиб: “Назирқулжонмисан? Вой укагинамдан ўргилай!”- дея мени бағрига босиб ўпди. 4. “Ма, ол, еяқол”, - деб дастурхон чеккасига чимдим ошми, кулчатойми қўярди.

 

47-мавзу:Мураккаб қўшма гаплар(2 соат)

Режа:

1. Мураккаб қўшма гап ҳақида маълумот.

2. Мураккаб қўшма гапларнинг турлари.

 

Таянч тушунчалар: Бир неча эргаш гапли қўшма гап,тўғридан-тўғри эргашиш, кетма-кет эргашиш,бир неча бош гапли мураккаб қўшма гаплар, қисмлари уюшган мураккаб қўшма гаплар, аралаш мураккаб қўшма гаплар.

Нутқимизда камида учта содда гапнинг боғланишидан тузилган қўшма гаплар ҳам мавжуд. Масалан: Қўлидаги бўр тушиб синганидан кейин (1), бутун синф қаҳ-қаҳ уриб кулиб юборди (2), у ўзига келди (3). Бундай гаплар мураккаб қўшма гаплар деб юритилади. Бу гапларнинг қисмлари турли кўринишларда боғланиши мумкин, шу жиҳатдан улар қуйидаги гуруҳларга бўлинади:

1. Бир неча эргаш гапли қўшма гап. Бирдан ортиқ эргаш гап бош гапга тобеланиб келса, бир неча эргаш гапли қўшма гап дейилади. Бундай гаплар таркибидаги эргаш гаплар бош гапдан, шунингдек, бир-биридан вергул билан ажратилади: Томоша залига кирганимда, чироқ ўчиб, парда прожектор нурида порлаб турарди.

Бу гаплардаги эргаш гаплар бош гапга қуйидагича боғланади:

а) тўғридан - тўғри эргашиш (биргалик эргашиш). Эргаш гапларнинг ҳар бири тўғридан-тўғри бош гапга боғланса, биргалик эргашиш дейилади. Бундай гаплардаги эргаш гаплар: 1) бир хил эргаш гаплар (уюшган) бўлади: Мана бу канал битса, янги ер очилса, пахта ҳам кўпаяди. 2) ҳар хил эргаш гаплар (уюшмаган) бўлади: борди-ю, рост бўлса, ҳаммаси эмас, ярми рост бўлганда ҳам, жуда хунук гап-ку!

б) кетма-кет эргашиш. Ҳар бир эргаш гап тўғридан-тўғри бош гапга боғланмасдан, бири иккинчисига кетма-кет боғланса, кетма-кет эргашиш дейилади. Бундай гаплар таркибида турли хил эргаш гаплар қатнашади: Баҳорда ҳаво ноқулай келиб, ғўзанинг парвариши кечиккан бўлса ҳам, ҳосил мўл бўлди.

2. Бир неча бош гапли мураккаб қўшма гаплар. Бундай гаплар таркибида икки ва ундан ортиқ бош гап битта эргаш гапга боғланган бўлади: Тоғ ва осмон шундай тиниқки, нафас олиш шундай енгилки, кекса одам ҳам бу ерда мусаффо болалик йилларини эслайди.

3. Қисмлари уюшган мураккаб қўшма гаплар. Бундай гаплар таркибида учта ва ундан ортиқ содда гап ўзаро боғловчи воситаларсиз, фақат оҳанг ёрдамида боғланган бўлади: Бу саҳрода майсалар ҳам, чечаклар ҳам йўқ, қушлар, булбуллар ҳам сайрамайди, булоқлар қайнаб тошмайди.

4. Аралаш мураккаб қўшма гаплар. Таркибида ҳам эргашган қўшма гап, ҳам боғланган қўшма гап ёки боғловчисиз қўшма гап иштирок этган гаплар аралаш турдаги қўшма гаплар дейилади. Бундай қўшма гаплар тўрт ва ундан ортиқ содда гаплардан ҳам ташкил топади: Эшик бирдан тарақлаб очилди, шунинг учун ҳамма қайрилиб қаради, лекин ҳеч ким кирмади: совуқ ҳаво хонани қоплади.

Мавзуни мустаҳкамлаш учун топшириқлар:

I топшириқ: Қуйидаги саволларга жавоб топинг.

1. Қандай қўшма гап турлари мураккаб қўшма гап саналади?

2. Бир неча эргаш гапли қўшма гапларда эргаш гаплар бош гапга қандай воситалар орқали боғланади?

3. Кетма-кет эргашиш деб нимага айтилади?

4. Қисмлари уюшган мураккаб қўшма гапларда содда гаплар ўзаро қандай боғланади?

5. Аралаш турдаги мураккаб қўшма гап қандай қисмлардан таркиб топади?

II топшириқ:Қуйида берилган мураккаб қўшма гапларнинг турини аниқланг.

1. Бу ҳақ гап, аммо деҳқонларнинг жасорати ва матонатига зарб берилмаса, бундай қилолмас эдик. 2. Қор тингач, ташқари жуда совуқ бўлса ҳам, улар текширишни давом эттирдилар. 3. Кечаси билан ишлашни уюштириш керак эди, Очил акага бу қийин бўлмади, чунки ўчакишган халқ туну кунни фарқ қилмай, жон-жаҳди билан курашар эди. 4. Тошхўжа нима қилишини билмай, телбадай анқайиб тураркан, биров ёнидан ўтиб кетар, биров пақирдаги қорамойни чопонига суркаб, ҳеч ким индамас, кўрмайдигандек эди.

48-мавзу: Нутқ услублари. Сўзлашув, публицистик ва илмий услублар (2 соат)

Режа:

1. Нутқ услублари ҳақида маълумот.

2. Сўзлашув, публицистик ва илмий услубларининг ўзига хос хусусиятлари.

Таянч тушунчалар:Нутқ, услуб, сўзлашув, публицистик, илмий, лексик, фонетик воситалар.

Тил бирликлари ва материалидан фикрни ифодалаш мақсадида фойдаланиш жараёни нутқ саналади. Ҳаётнинг турли соҳалари, турлича нутқ вазиятларида тилдаги лексик, фразеологик, фонетик ва грамматик воситаларни танлаш ва улардан фойдаланиш усуллари ҳам ҳар хил бўлди. Шунга кўра, нутқнинг қуйидаги услублари ўзаро фарқланади:сўзлашув услуби, расмий-идоравий услуб, илмий услуб, публицистик ва бадиий услуб.

Ҳар бир услубни яратувчи воситалар мавжуд. Буларни қуйидаги турларга бўлиш мумкин.

1. Лексик воситалар:Синоним, омоним, антоним, пароним, кўп маънолилик, таг маъно, сифатлаш, ўхшатишлар, фразеологик бирлик, шева, ноадабий сўзлар (жаргон, арго, сўкиш, қарғиш кабилар), касб-ҳунар сўзлари, архаик ва тарихий сўзлар.

2. Фонетик воситалар: нутқ товушлари, оҳанг, урғу.

3. Грамматик воситалар: а) морфологик воситалар: ҳар бир сўз туркуми; б) синтактик воситалар: гап бўлаклари, риторик сўроқ гаплар, ундалма, кириш сўз, кириш бирикма, содда ва қўшма гаплар, кўчирма ва ўзлаштирма гаплар.

Сўзлашув услуби.Уйда, кўчада, инсонларнинг ўзаро сўзлашувида қўлланадиган услуб сўзлашув услуби ҳисобланади. Бу услубнинг адабий тил меъёрларига риоя қиладиган кўриниши адабий сўзлашув услуби деб аталади.

Сўзлашув услубидаги нутқ кўпинча диалогик шаклда бўлади. Бу услубда кўпинча турли услубий бўёқдор сўзлар, грамматик воситалар, товушлар тушиб қолиши, орттирилиши мумкин: Кеп қолинг! Оббо, ҳамма ишни дўндирибсиз-да. Мазза қилдик, Кетақо-о-ол!

Илмий услуб.Фан-техниканинг турли тармоқларига доир илмий асарлар, дарсликлар илмий услубда ёзилади. Мантиқийлик, аниқлик бу услубга хос хусусиятлардир. Илмий услуб аниқ маълумотлар асосида чиқарилган илмий хулосаларга бой бўлиши билан бошқа услублардан фарқ қилади: Ёмғир-совуқ томчи ҳолидаги атмосфера ёғини. Томчининг диаметри 0,5-0,6 мм бўлади.

Илмий услубда ҳар бир фаннинг ўзига хос илмий атамаларидан фойдаланилади, бу услубда сўзлар ўз маъносида қўлланади.

Публицистик услуб. Ташвиқот-тарғибот ишларини олиб боришда қўлланадиган услуб, яъни матбуот услуби публицистик (оммабоп) услуб ҳисобланади. Соддалик, таъсирчанлик, адабий тил меъёрларига риоя қилиш бу услубнинг асосий белгиларидан ҳисобланади. Бу услубда ижтимоий-сиёсий сўзлар кўп қўлланади. Гап бўлакларининг тартиби одатдаги тартибда бўлади. Масалан: 1. Азамат пахтакорларимиз мўл ҳосил етиштириш учун фидокорона меҳнат қилдилар. 2. Партия фаоллари навбатдаги мажлисга йиғилишди.

Мавзуни мустаҳкамлаш учун топшириқлар:

I топшириқ: Ўзингиз танлаган бадиий асардан матн танлаб, ундаги турли нутқ услубларига хос хусусиятларни аниқланг ва уларнинг нима сабабдан қўлланганлигини тушунтиринг.

II топшириқ: Қуйидаги нутқ услубларида ижодий матн тузинг. Матн тузишда синтактик-услубий хусусиятларга эътибор беринг.

Илмий услуб:Адабиёт – сўз санъати.

Сўзлашув услуби: Саёҳатда.

Публицистик услуб: Мустақиллик менга нима берди?

 

49-мавзу: Бадиий ва расмий услуб(2 соат)

Режа:

1. Бадиий услуб ҳақида маълумот.

2. Расмий услубнинг ўзига хос хусусиятлари.

 

Таянч тушунчалар: Бадиий услуб, расмий услуб, назм, наср, драма, лексик ва грамматик воситалар.

Воқеликни бадиий образлар (тимсоллар) воситасида акс эттириб, тингловчи ёки ўқувчига эстетик жиҳатдан таъсир қилувчи услуб бадиий услуб деб аталади. Бадиий асарлар (назм, наср ва драматик асарлар) бадиий услубда ёзилади.

Бадиий услуб киши ҳаётининг ҳамма томонларини қамраб олиши, умуминсониятга хослиги, барчага баробарлиги, ўқувчи ёки тингловчига ҳиссий-эстетик таъсир этишга йўналтирилганлиги билан бошқа услублардан фарқ қилади. Бу услубда муаллиф асарнинг эстетик таъсирини кучайтириш мақсадида тилнинг лексик ва грамматик воситаларидан усталик билан ва ижодий фойдаланиши, турли ифодавий воситаларни қўллаши мумкин. Шунинг учун бу услубда ёзувчилар мавжуд сўзларни образли ишлатадилар. Бадиий нутқда тил образ, характер, манзара яратишга, юксак образлиликни намоён қилишга хизмат қилади. Бу хусусиятларни қуйидаги матнда ҳам кузатишимиз мумкин:

Куз кунларининг оёғи ва қиш кунларининг боши эди. Дарахтлардаги сариқ барглар тўкилиб тугаган, ер юзи ўзининг қишки сариқ кийимини кийган эди. Тўрт томоннинг ўралганлиги соясида япроқларини тўкилишдан сақлаб қолган бу гилос ёғочлари ҳам бу тунги қора совуққа чидолмай елнинг озгина ҳаракати билан-да баргларини ширт-ширт узиб ташламоқда эдилар. Ҳаво очиқ бўлиб, қуёш тузуккина кўтарилган, аммо унинг ҳам бу кун унча таъсири йўқ (А. Қодирий).

Давлат идоралари томонидан чиқариладиган қарорлар, қонунлар, низомлар, халқаро ҳужжатлар расмий-идоравий услубда ёзилади. Ариза, тилхат, маълумотнома, чақирув қоғози, ҳисобот кабилар ҳам шу услубда ёзилади. Бундай услубдаги ҳужжатлар қисқа, аниқ, барча учун тушунарли қилиб тузилади. Бу услубнинг асосий белгиси: жумлаларнинг бир қолипда, бир хил шаклда бўлишидир. Мазкур услубда сўзлар ўз маъносида ишлатилади, ҳар бир соҳанинг ўзига хос атамаларидан фойдаланилади: қарор қилинди, инобатга олинсин, ижро учун қабул қилинсин, тасдиқланди, юклатилсин, тайинлансин каби сўз ва сўз бирикмалари кўплаб учрайди. Расмий-идоравий услубда кўпинча дарак гаплардан, қарор, буйруқ, кўрсатма кабиларда буйруқ гаплардан ҳам фойдаланилади. Бу услубда гап бўлаклари одатдаги тартибда бўлади. Масалан: Конститутциямизнинг 4-моддасида “Ўзбекистон Републикасининг давлат тили ўзбек тилидир”, деб ёзиб қўйилган.