Эргаш гапли қўшма гапларда эргаш гап қайси ўринларда келади? 2 страница

Мавзуни мустаҳкамлаш учун топшириқлар:

I топшириқ: Қуйидаги саволларга жавоб беринг

1. Услуб нима?

2. Бадиий услубнинг ўзига хос хусусиятлари нимадан иборат?

3. Расмий - идоравий услуб тилининг асосий хусусиятлари ҳақида нималарни биласиз?

4. Бадиий асар тилида нутқ услублари қоришиқ кела оладими?

II топшириқ: Қуйидаги нутқ услубларида ижодий матн тузинг. Матн тузишда синтактик-услубий хусусиятларга эътибор беринг.

Бадиий услуб: Тилга эътибор - элга эътибор.

Расмий услуб: “Гуруҳ йиғилиши”.

 

50-мавзу: Ўткир Ҳошимовнинг “Баҳор қайтмайди” қиссаси

(2 соат)

Режа:

1. Ўткир Ҳошимов ҳаёти ва ижоди.

2. “Баҳор қайтмайди” қиссаси таҳилили.

 

Таянч тушунчалар: Дўмбиробод маҳалласи, “Чўл ҳавоси”, “Тошкент оқшоми”, Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти, бош муҳаррир ўринбосари, “Урушнинг сўнгги қурбони”, “Муҳаббат”, 1968), “Баҳор қайтмайди” (1970), “Қалбингга қулоқ сол” (1973), “Дунёнинг ишлари” (1982), “Икки карра икки-беш” (1987), “Нур борки, соя бор” (1976), “Икки эшик ораси” (1985), “Тушда кечган умрлар”.

Ўткир Ҳошимовтаниқли ўзбек ёзувчиси ва жамоат арбоби. У 1941 йили 4 августда Тошкентда Дўмбиробод маҳалласида туғилган. Адиб болалик йилларини эслаб ёзади: “Қиш кечалари еттинчи лампани сандал устига қўйиб қироатхонлик қилар эдик. “Қани ўғлим “Кунтуғмиш”ни эшитайлик”, дерди адам”. Бу оилавий қироатхонлик, мактабдаги устозларнинг фидойилиги Ўткирнинг улғайишини тезлаштирди. У 5-синфда ўқиб юрган вақтларидаёқ, шеърлар машқ қилар эди.

Унинг биринчи китоби ТошДУда ўқиётган пайтида “Пўлат чавандоз” номи билан босилиб чиқди. Ёш ёзувчи иш билан ўқишни қўшиб олиб борди. Журналистликнинг ҳамма босқичларини босиб ўтди: хат ташувчилик ҳам, корректорлик ҳам қилди.

“Чўл ҳавоси” номли биринчи қиссаси 1963 йилда босилиб чиқди. Талабчан адиб Абдулла Қаҳҳорнинг эътирофига сазовор бўлган. Абдулла Қаҳҳор у ҳақда шундай ёзади: “Ўткир! “Чўл ҳавоси”ни ўқиб, суюниб кетдим. Бирдан лов этиб, аланга билан бошланган ижоднинг келажаги порлоқ бўлади. Қисса соф, самимий, табиий, илиқ, роҳат қилиб ўқилади. Шу аланга ҳеч қачон пасаймасин. Ижодингиз ҳеч қачон тутамасин”.

Ў. Ҳошимов 1966-1982-йилгача “Тошкент оқшоми” газетасида бўлим мудири бўлиб ишлади. Бундан ташқари, у уч йил Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида бош муҳаррир ўринбосари вазифасида ҳам фаолият кўрсатди . 1985-йилдан “Шарқ юлдузи” журналида бош муҳаррир бўлиб ишлади.

Ўткир Хошимовнинг мазмундор ёзувчилик меҳнати қўша-қўша мукофотлар билан тақдирланди. Эллик ёшга кириши муносабати билан унга “Ўзбекистон халқ ёзувчиси” унвони берилди.

“Урушнинг сўнгги қурбони”, “Янга”, “Муҳаббат”, “Дехқоннинг бир куни”, “Умр савдоси”, “Қуёш тарозуси”, “Оқ булут, оппоқ булут” сингари ўнлаб хикоялари, “Шамол эсаверади” (1968), “Баҳор қайтмайди” (1970), “Қалбингга қулоқ сол” (1973), “Дунёнинг ишлари” (1982), “Икки карра икки-беш” (1987) қиссалари, “Нур борки, соя бор” (1976), “Икки эшик ораси” (1985), “Тушда кечган умрлар” (1993) каби романлари ўзбек адабиётининг нодир намуналари бўлиб, китобхонлар томонидан қизғин кутиб олинди. Адиб асарларида замонавий ўзбек халқининг маънавий дунёси, миллий руҳи, урф-одатлари тасвирланган.

“Тўйлар муборак”, “Сиздан угина, биздан бугина”, “Виждон дориси”, “Инсон садоқати”, “Қатағон” сингари пьесалар муаллифи. У Э. Хеменгуэй, К. Симонов, А. Куприн ва бошқа адибларнинг асарларини ўзбек тилига таржима қилган.

Энг муҳими Ўткир Ҳошимов кишини лоқайд қолдирмайдиган, ўйлашга, фикрлашга мажбур этадиган асарларнинг муаллифи сифатида эл орасида машҳур.

ИЗОҲ: Машғулот давомида Ўткир Ҳошимовнинг “Баҳор қайтмайди” қиссаси таҳлилга тортилади. Таҳлил жараёнида Пинборт техникасиданфойдаланиш мукин. Пинборт инглизча сўз бўлиб, пин-маҳкамлаш, борд-доска сўзларидан олинган. Муаммони ҳал қилишга оид фикрларни тизимлаштириш ва гуруҳлашни амалга ошириш, уюшган ҳолда ягона ёки аксинча қарама-қарши позицияни шакллантиришга имкон беради.

Пинборт техникасининг босқичлари:

- Ўқитувчи муаммони ўртага ташлайди ва муҳокама қилишни сўрайди.

- Муҳокама жараёнида вужудга келган барча фикрлар алоҳида қоғозларга 2 сўз билан ёзилади.

- Қоғозлар доскага маҳкамланади.

- Спикерлар чиқиб, ўзаро муносабатни чизиқлар билан кўрсатадилар ва фикрларни тизимга соладилар.

Мавзуни мустахкамлаш учун саволлар:

I топшириқ:Ўткир Ҳошимов ҳаёти ва ижодига доир қуйидаги саволларга жавоб қайтаринг.

1. Ўткир Ҳошимовнинг болалиги қандай муҳитда ўтди?

2. Адибнинг илк ижоди ҳақида нималарни биласиз?

3. Ёзувчи ўз таржимаи ҳолида шундай ёзади:“Ўқувчиларда ҳам, ўқитувчиларда ҳам аллақандай фидойилик бор эди... Ўқитувчиларимиз биз учун намуна эди. Кийинишда ҳам, юриш –туришда ҳам...” каби хотираларини бугунги кунимиз билан қиёсланг. Сабаб ва оқибатларини таҳлил қилинг.

4. “Баҳор қайтмайди” қиссасининг номланиши ҳақида фикр юритиб кўринг. Баҳор ниманинг рамзи бўлиши мумкин?

5. Қисса қаҳрамони Муталнинг “Одамларни яхши кўриш - энг катта бахт” деган фикрига қандай қарайсиз? Сизнингча ҳам шундайми?

II топшириқ:“Баҳор қайтмайди” қиссасини синчиклаб ўқиб чиқинг, “Дўстлик, садоқат ва хиёнат” масалалари устида фикр юритиб кўринг. Фикрларингиз асосида “Мен дўстликни қадрлайман” мавзусида уй иншоси ёзинг.

 

51- Мавзу: Абдулла Орипов. “Шоир лирик қаҳрамонининг қалб кечинмалари (Биринчи муҳаббатим)”(2 соат)

Режа:

1. Абдулла Ориповнинг ҳаёт йўли.

2. Шоирнинг ижодий мероси.

3. “Биринчи муҳаббатим” шеъри таҳлили.

Таянч тушунчалар:”Кўзларим йўлингда” , “Онажон” , “Чашма”, “Руҳим”, “Ўзбекистон”, “Ҳайрат”, “Юртим шамоли”, “Йиллар армони”, “Ишонч кўприклари”, “Муножот”, “Ҳаж дафтари”, “Сайланма”.

Абдулла Орипов - атоқли ўзбек шоири ва жамоат арбоби. У ҳозирги ўзбек шеъриятида инсон қалбидаги мураккаблик ва зиддиятларни теран, ҳаққоний, ўзига хос бетакрор куйлаган улкан ижодкордир. Абдула Орипов ўзбек шеъриятига янгича бадиий тафаккур йўсинларини олиб кирди. У туб моҳияти билан Яссавий, Навоий, Бобур, Чўлпон, Ғ. Ғулом сингари ижодкорлар бадиий анъаналарининг давомчисидир. Шоирнинг буткул ижоди миллийлик руҳи билан суғорилган. Бу ноёб ижод соҳиби халқаро миқёсга чиқди. Шоир асарлари қозоқ, туркман, қирғиз, тожик, озарбайжон, татар, турк, бошқирд, уйғур, қорақалпоқ, рус, украин, инглиз, белорус, немис, венгер сингари йигирмага яқин тилларга таржима қилинди. «Ҳаким ва Ажал» достони Байрутда инглиз тилида босилиб чиқди.

Абдулла Орипов 1941 йил 21 март куни Қашқадарё вилоятининг ҳозирги Косон туманига қарашли Некўз қишлоғида туғилган. Отаси Ориф бобо Убайдулло ўғли қарийб юз йил умр кўрди. У кишининг бутун ҳаёти қишлоқ ҳудудида меҳнат билан ўтган. Онаси Турди Карвон қизи 1966 йилда вафот этган. Оилада 8 фарзанд: 4 ўғил, 4 қиз вояга этган. Ўғиллардан кенжаси Абдулла Орипов эди. Акалари турли олийгоҳларда таҳсил олишган.

У 1958 йилда ўрта мактабни олтин медаль билан тамомлаб, ТошДУ (ҳозирги ЎзМУ) журналистика факультетига ўқишга киради.

Адабиётшунос М. Қўшжонов, А.Ориповни шоир қилган муҳит, макон хусусида шундай ёзади: «Некўзнинг шарқида унча баланд бўлмаган, кўпроқ йирик тепаликни эслатадиган эски тоғ ястаниб ётади. Уни некўзликлар Қўнғиртов деб атайдилар. Мабодо бирор сабаб билан Некўзга бориб қолсангиз А.Орипов сизни, албатта, бу кўҳна тоққа олиб чиқади. «Мен шу тоғда мол боққанман, қўй ҳайдаганман, мана бу тоғ ковакларида қаттиқ шамол ва ёмғирларда бекинган пайтларим бўлган» - деб алоҳида ҳаяжон билан бутун тоғни нигоҳдан ўтказади.

Эҳтимол, ижодида кейинчалик машҳур бўлган «Ватаним маним» деган муқаддас тушунчалар А.Орипов дилида ўша болалик чоғлари - Қўнғиртовда қўй боқиб юрган кезлари туғилгандир».

1962 йилда матбуот юзини кўрган «Куз хаёллари», 1964 йилда «Шарқ юлдузи» журнали саҳифаларида эълон қилинган. «Мен нечун севаман Ўзбекистонни», «Милтирайди митти юлдуз» «Бургут» каби шеърлар ўз овози ва услубига эга бўлган шоир шаклланаётганидан дарак беради. А.Ориповнинг биринчи шеърий тўплами «Митти юлдуз» 1961 йилда нашр этилди. «Митти юлдуз»нинг нурлари асосида «Сароб», «Баҳор», «Авлодларга мактуб», «Совға», «Минорайи калон тепасидаги лайлак», «Жаннат» сингари ҳар бири адабиётимизда воқеа бўладиган шеърлар яратилди. Йиллар давомида унинг бир қанча тўпламлари дунё юзини кўрди. «Кўзларим йўлингда» (1966), «Онажон» (1969), «Руҳим» (1969), «Ўзбекистон» (1972), «Ҳайрат» (1974) «Юртим шамоли» (1976) («Ветер моего края» (1988), «Юзма-юз» (1978), «Нажот қалъаси» (1980), «Йиллар армони» (1987), «Ишонч кўприклари» (1989), «Сен баҳорни соғинмадингму» (1991), «Муножот», «Ҳаж дафтари», «Ҳикмат садолари» (1992) каби тўпламлари шулар жумласидандир. Ушбу тўпламлар асосида шоирнинг Танланган асарлари тартиб берилди. Бугун у бизнинг қўлимизда.

А. Орипов истеъдодли шоир бўлиш билан бирга, етук таржимон ҳамдир. У Данте Алигерининг «Илоҳий комедия»сининг «Дўзах» қисмини маҳорат билан ўзбекчага ўгирди. Пушкин, Т. Шевченко, Л. Украинка, Қ. Қулиев, Сергей Баруздин ижодидан мукаммал таржималар қилди.

90-йиллар аввалида вужудга келган имкониятлар, мустақиллик, динга муносабатдаги ҳурфикрлиликнинг қайтиши, «Қуръон» ва «Хадислар»нинг эълон қилиниши А. Ориповга ҳам илҳом булоқлари кўзини очди. «Ҳаж дафтари», «Ҳикмат садолари» туркуми диний-фалсафий руҳдаги шеърлардан таркиб топган.

Муҳаббат адабиётда ҳамиша навқирон ва кўҳна мавзулардан биридир. Турли йилларда ёзилган «Биринчи муҳаббатим», «Муҳаббат», «Севги ўлими», «У қўшиқ куйлади» «Ғазаллар тўқирдим сенга бир замон» кабилар шулар жумласидандир. Уларнинг ҳар бири бадиий жиҳатдан юксак. Мазкур шеърларда инсондаги энг олий туйғу муҳаббат, унинг армонлари, соғинч-изтироблари, ҳижрони куйланади.

“Биринчи муҳаббатим” шеърида лирик қаҳрамон характери атрофлича ва чуқур ёритилиши билан Абдулла Орипов ижодида алоҳида ўрин тутади. Шеърнинг лирик қаҳрамони севгисиз яшаш мумкин эмаслиги, усиз ҳаёт пуч, эрмак ва омонат эканлигини яхши билади. Бу шеърнинг хулосаси – унинг асосий ғояси ҳам шундан келиб чиқади.

ИЗОҲ:Абдулла Орипов ижодига бағишланган иккинчи дарс “Биринчи муҳаббатим” шеъри таҳилилига бағишланади. Машғулотни “Баҳс, мунозара”технологияси асосида ташкил қилиш мумкин. Дарс жараёнида шеър ўқутувчи томонидан диққатини торта оладиган тарзда ўқиб берилади. Сўнг шеър талабалар томонидан қайта ўқилади. Ўқитувчи қуйидаги саволларни мунозара учун кўргазма доскасига илади.

1.Табиатнинг ҳолати: фалакдан ойнинг бўзариб ботиши, Зуҳро юлдузнинг милтираб хира нур сочиши нега ошиқнинг руҳига маъюслик, сокинлик пайдо қилади? Улар орасида қандай алоқа борлиги, бунинг сабаблари ҳақида ўйлаб кўринг.

2. Ёшликнинг завқ-тўполон, яхши-ёмонлар-ла ўтиб кетиши билан биринчи муҳаббат ўртасида қандай боғлиқлик бўлиши мумкин? Сизнингча Ошиқ нега буни энди эслайди?

3. Нима деб ўйлайсиз, фақат илк муҳаббат шунчалар илоҳий бўладими? Ёки, қачон келишидан қатъий назар, муҳаббатнинг ўзи илоҳийми?

4. “Айри ҳам тушдим баъзан, қалб билан” мисрасига ўз муносабатингизни билдиринг.

5.”Лекин инсон ҳамиша бир ҳисга асир экан” мисрасидаги ҳақиқатни тушунишга ҳаракат қилиб кўринг.

6. Ошиқнинг ”Ёлғиз Оллоҳим менинг” деганда шаккокликни кўриш мукинми? Оллоҳга сиғиниш билан муҳаббатга сиғиниш ўртасида боғлиқлик топа оласизми?

Бу саволларга олинган жавоблар орқали технологиядан кўзланган асосий мақсад ўқувчи - талабаларни ҳаммасини қамраб олиб, фикрлашга ҳам билим олишга ўргатишдан иборатдир.

 

Мавзуни мустахкамлаш учун саволлар:

I топшириқ:Қуйидаги саволларга жавоб қайтаринг.

1. А. Ориповни шоир қилиб етиштирган муҳит ҳақида нима дея оласиз?

2. А. Ориповнинг илк шеъри қайси ва у қачон қаерда чоп этилди?

4. Шоир шеъриятига хос хусусиятлар нималардан иборат?

5. Шоир лирикасининг асосий мавзулари қайсилар?

6. Шоирнинг таржима асарлари хусусида сўзлаб беринг.

7.Шоирнинг қайси шеърлари сизнинг кўнглингизга яқин ва нима учун?

8.Абдулла Ориповнинг давлат ва жамоат арбоби сифатидаги фаолияти ҳақида нималарни биласиз?

9. Шоирнинг қандай шеърий тўпламларини биласиз?

10.Ватан мустақиллиги мавзуси шоирнинг қайси шеърларида ўз аксни топган?

II топшириқ:“Биринчи муҳаббатим” шеърини ёд олинг.

 

52-53-мавзу: Тоҳир Малик. “Алвидо, болалик” қиссаси. Иншо: “Алвидо, болалик” қиссасидан олган таассуротларим(4 соат)

Режа:

1. Тоҳир Маликнинг ҳаёти ва ижоди.

2. “Алвидо болалик” қиссаси таҳлили.

Таяч тушунчалар:фантастик, дедектив, Мирзакалон Исмоилий, “Фалак”, “Алвидо, болалик”, “Шайтанат, “Чархпалак”.

Ўзбек адабиётида Тоҳир Малик ўзининг “Сомон йўли элчилари”, “Заҳарли ғубор”, “Чорраҳада қолган одамлар”, ”Фалак” ва бошқа фантастик, “Чархпалак”, “Бир кеча”, “Сўнги ўқ”, “Шайтанат” сингари дидектив асарлари билан танилган ва китобхонларнинг севимли ёзувчисига айланган ижодкордир.

Бир қатор ҳукумат нишонлари ва мукофотлари билан тақдирланган. Ўзбекситон халқ ёзувчиси Тоҳир Малик 1946 йил декабрда Тошкентда зиёлий оилада дунёга келди. Барча тенгдошлари сингари у ҳам урушдан кейинги турмуш қийинчиликларини бошидан кечирди. Оиладаги беш фарзанднинг кенжаси бўлган. Тоҳир мактабга бормай турибоқ саводини чиқарди. Унинг китобга ихлосини сезган акаси биринчи синфга борган укасига ҳозирча эъзозлаб сақлаётгани – “Мард йигит” эртаклар тўпламини совға қилди.

Таниқли ўзбек адиби ва таржимони Мирзакалон Исмоилий Тоҳир Маликнинг тоғаси бўлиб, уни 1949 йилди халқ душмани сифатида қамоққа олишди.

Тоҳир Маликнинг дастлабки ҳикояси 1960 йилда “Гулхан” журналида чоп этилади. 1960 йилда Тоҳир Малик Тошкент давлат университетининг кечки журналистика бўлимига ўқишга кириб, кундузи қурилишда дурадгор, ғишт ташувчи бўлиб ишлай бошлайди. Бундан ташқари, у “Тонг юлдузи” газетаси, Ўзтелерадио, “Гулистон”, “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи” журналларида, Ғафур Ғулом, Чўлпон нашриётлари, Ёзувчилар уюшмасида фаолиятини давом эттирди. У қаеда ишламасин, ҳаётни, инсонларни, уларнинг табиатини яқиндан ўрганди. Ёзувчи асарларини ўқир экансиз, уларда тасвирланган энг ёмон одамлардан ҳам баъзан нафратланмайсиз. Уларга ачинасиз, нега шундай? Чунки ёзувчи инсонларни, уларнинг ички кечинмаларини, руҳиятларини синчиклаб ўрганади ва китобхонни ҳам мана шу руҳият оламига олиб киради. Уни шу ҳолга солган сабабларни таҳили қилишга ва хулоса чиқаришга йўналтиради.

У ижодга доир машқларини давом эттирар экан устоз - тоғанинг икки ўгити – “Ўзинг билмаган нарсани ёзма”, “Бошқалар юрган йўлдан юрма, ўз йўлингни топ”га ҳамиша амал қилди. Шу боис Тоҳир Малик ўзбек адабиётида кам эътибор берилган фантастика жанрига қўл урди ва бир қатор асарлари билан китобхонлар эътиборини қозонди. Унинг “Фалак” қиссаси рус тилига таржима қилиниб, Москвада ва бошқа республикаларда чоп этилди.

“Алвидо, болалик” асари Тоҳир Малик ижодида алоҳида ўрин тутади. Асардаги асосий мавзу- ҳеч ким жиноятчи бўлиб туғилмайди, болани атроф-муҳит, жамиятдаги турли иллатлар жиноятчига айлантиради. Бу ҳақда адибнинг ўзи шундай дейди: ”Мен ўсмирлар ва ёшларнинг жиноят кўчасига кириб қолаётганлигига бефарқ қараб туролмайман. Болалар ахлоқ тузатиш колонияларида ҳар борганимда юрагим эзилади. Озод, эркин яшаб, ўқиб, ҳунар ўрганадиган болалар бу ерда қандай тушиб қолдилар?! Наҳот жиноят уларга жозибали кўринса?!”

Адибнинг кейинги йилларда нашр қилинган “Нафс кишанлари”, ”Меҳмон туйғулар”, “Ҳалол нимаю, ҳаром нима” каби ахлоқий рисола-ю, маърифий суҳбатларида инсоннинг маънавий олами ўзининг ёрқин ифодасини топганлигини кўришимиз мумкин.

ИЗОҲ: Тоҳир Малик ижодига бағишланган машғулотнинг иккинчи жуфтлиги “Алвидо, болалик” қиссасидан олган таассуротларим”мавзусидаги иншо ёзишга бағишланади. Мазкур вазифани муҳокама иншоси шаклида амалга ошириш мумкин. Чунки назоратнинг бу турида ўқувчилар ўз фикрларини аниқ далиллар билан исботлашга, турли ҳолатларни бир-бирига қиёслаб, улардан тўғрисини қатъий ҳимоя қила олишга ҳаракат қиладилар. Иншонинг бу турида ўқувчилар айрим воқеа-ҳодисаларга ўз шахсий фикрини билдириш (тақриз)дан унумли фойлаланишлари мумкин. Иншонинг тахминий режаси ўқитувчи томонидан ёзув тахтасига илинади.

Мавзуни мустаҳкамлаш учун топшириқлар:

I топшириқ:Тоҳир Малик ижодига оид қуйидаги саволларга жавоб қайтаринг.

1. Тоҳир Маликнинг болалиги қандай ўтди?

2. Адибнинг ёзувчи сифатида шаклланишидаги ўзига хосликка эътибор қилинг. Ҳаётда катталарнинг ўрни ҳақида мулоҳаза юритинг.

3. Ёзувчининг ёшларга муносабатидаги куюнчаклигини изоҳланг.

4. Тоҳир Малик асарларида инсон ва унинг тақдири масалалари қандай ёритилган?

5. “Алвидо, болалик” қиссасида “Бахтли болалик” мавзусидаги иншо ёзиш масаласининг асарга киритилишига ўз муносабатингизни билдиринг.

6. Асар қаҳрамони Қамариддиннинг ота-онаси, умуман, одамлар ҳақидаги фикрларига қандай қарайсиз?

II топшириқ:“Алвидо, болалик” қиссасининг асосий ғоясини ўрганишга ва таҳлил қилишга ҳаракат қилинг. Шу асосида адибнинг “Ҳеч ким жиноятчи бўлиб туғилмайди” деган фикрига муносабатингизни асослашга ҳаракат қилинг. Сизнингча ҳам шундайми?

 

54-мавзу: Муҳаммад Юсуф. Шеърлар(2 соат)

Режа:

1. Муҳаммад Юсуф ҳаёти ва ижоди.

2. Шоир шеърлари таҳлили.

Таяч тушунчалар: Марҳамат тумани, Республика рус тили ва адабиёт институти, “Таниш тераклар”, “Ҳалима энам аллалари”, “Эрка кийик”, “Сайланма ”, “Ишқ кемаси”, “Кўнглимда бир ёр”.

 

Ўзбек халқининг севимли фарзанди, оташқалб шоир Муҳаммад Юсуф 1954 йил 26 апрелда Андижон вилоятининг Марҳамат тумани Қовунчи қишлоғида туғилган. 1971 йили ўрта мактабни тугатгач, Республика рус тили ва адабиёт институтида таҳсил олади.

Ижодий фаолияти 1980 йилда бошланган. Муҳамад Юсуф турли нашриёт ва таҳририятларда турли лавозимларда фаолият юритган. 1997 йилдан умрининг сўнги кунларига қадар эса Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг ёшлар билан ишлаш бўйича ўринбосари лавозимида ишлаган.

Муҳаммад Юсуфнинг дастлабки шеъри “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида 1976 йилда эълон қилинган. Шундан сўнг “Таниш тераклар”, “Ҳалима энам аллалари”, “Эрка кийик”, “Сайланма ” каби жуда кўплаб шеърий тўпламлари нашр эттирилди. 1989 йилда “Уйқудаги қиз” шеърий тўплами учун унга Республика Ёшлар мукофоти берилди.

М. Юсуф ростгўй шоир, ҳалол ва покиза қалб эгаси. У муҳаббат ҳақида куйлайдими, бевафо ёр ҳақида қўшиқ тўқийдими ёки тарихимиз ва тақдиримиз саҳифаларини қаламга оладими, уларда ҳамиша ҳаётга, ҳақиқатга ҳамнафаслик сезилиб туради. Унинг шеърлари равон, соддалиги билан халқ оғзаки ижодига ҳамоҳангдир. Шундан бўлса керак, унинг жуда кўп шеърлари куйга солинган.

Муҳаммад Юсуф адабиётимиз ва халқимизга қилган фидоий хизматлари учун “Дўстлик” орденига, “Ўзбекистон халқ шоири” фахрий унвонига сазовор бўлган.

Муҳаммад Юсуф 2001 йил 30 июлда вафот этади.

Муҳаммад Юсуф шеърларининг лирик қаҳрамони ҳақиқат қидирувчи ва бу йўлда тиним билмай изланувчи кишидир. Ҳақиқат ва адолат, бир қараганда, барчага аён, ҳаммага кундай равшан тушунчадек. Бироқ, унинг инсон қалби орқали рўёбга чиқиши шу қадар сир-синоатли, жумбоқ, мураккаб ва зиддиятлики, шоир лирик қаҳрамони ана шуларнинг тагига, замирига етишга ҳаракат қилувчи файласуфона мушоҳадакор кишидир. Буни шоирнинг “Мен ўз билганимдан қолмадим” шеърида ҳам кўришимиз мумкин:

Қувроқ бўл дейишди. Ёлғон ҳам керак.

Жиндай хушомад ҳам, қулоқ солмадим.

Оқни оппоқ кўрдим, қорани-қора –

Мен ўз билганимдан қолмадим.

М. Юсуф шеъриятида муҳаббат мавзуи алоҳида ўрин тутади. Мазкур мавзуда жаҳон шеъриятида кўплаб асарлар яратилган. М. Юсуф шеърлари уларнинг баркамоллари сафида ўзининг мустаҳкам ўрни ва қадр-қиммати билан ажралиб туради. М. Юсуфнинг муҳаббат ҳақидаги аксар шеърларида қалб, янги юракдан ўтган самимий ва бокира янги туйғуларнинг янгича бадиий ифодаси ўз аксини топгани учун ҳам таъсирчандир:

Муҳаббат, эй гўзал изтироб,

Эй кўҳна дард, эй кўҳна туйғу.

Кўкрагимга қўлингни тираб,

Юрагимни тўкиб қўйдинг-ку.

 

Мавзуни мустаҳкамлаш учун топшириқлар:

I топшириқ:М. Юсуф ҳаёти ва ижодига доир қуйидаги саволларга жавоб қайтаринг.

1. М. Юсуфнинг ҳаёт йўли ҳақида нималарни биласиз?

2. Шоирнинг ижоди фаолияти қачон бошланди?

3. М. Юсуф шеъларида қандай мавзулар қаламга олинади?

4. Адибнинг қандай шеърий тўпламларини биласиз?

5. Унинг шеърий меросида қайси мавзу кўламдорлик жиҳатидан ажралиб туради, нима учун?

6. Ҳукуматимиз томонидан М. Юсуф фаолияти қандай баҳоланди?

II топшириқ:Шоирнинг “Жайрон”, “Муҳаббат”, “Янги йил кечаси” шеърларини синчиклаб ўқинг, уларда қўлланилган тасвирий воситаларни аниқланг ва изоҳлашга ҳаракат қилинг.

 

55-мавзу:Муҳаммад Фузулий ғазаллари(2 соат)

Режа:

1. Фузулий ҳаёти ва ижоди.

2. Фузулий лирик меросининг мавзулар олами.

3. Фузулий ғазаллари таҳлили.

Таянч тушунчалар: Ироқ, Карбало, Бағдод, Мавлоно, «Лайли ва Мажнун», «Ҳафт жам» («Етти жам»), «Анис ул-қалб» («Қалб дўсти»), «Матла ул-эътиқод» («Эътиқод бошланмаси»).

Муҳаммад Фузулий жаҳон адабиёти хазинасига бебаҳо дурдоналар бўлиб қўшилган шоҳона асарлари билан бойитди. У нафақат озарбайжон, балки Ўрта Осиё халқларининг, жумладан, ўзбек халқининг ҳам севимли шоиридир.

Муҳаммад Фузулий Ироқнинг Карбало шаҳрида зиёли оилада дунёга келган. Фузулий дастлаб мактабда, кейинчалик Бағдодга бориб мадрасада таълим олган. Унинг мактаб давридаёқ шеъриятга, адабиётга ихлоси жуда баланд бўлиб, бу ҳол бўлажак шоир қалбига сўз қудрати сеҳрини муҳрлаган, назм гулшанига етаклаган. Табиатида шоирлик иқтидори бўлган, сўз оташида ёнган Муҳаммад ўз шеърлари билан кўпчиликка маълум бўлади. Фанларни қунт билан ўрганган Муҳаммад илмнинг аҳамияти ҳақида шундай баён қилади: «Шеърнинг мартабаси илм зийнатидан кам бўлишини нуқсон ҳисоблаб, илмсиз шеърдан руҳсиз бадан каби нафрат етиб, бир муддат ҳаётимнинг нақдини ақлий ва нақлий илмларни ўрганишга сарф етдим. Умримни сарф этиб, ҳикмат ва ҳандаса ўрганишга ҳаракат қилдим. Аста-секин ҳунар соҳибларининг асарларидан назмнинг гўзаллиги учун лаъллар тартиб этдим...»

Тинмай мутолаа қилиш асносида ўз даврининг етук кишиси, алломасига айланган Фузулийни замондошлари «Мавлоно» деб атаганлар. Шоирнинг асарларидаги чуқур фалсафий фикрлар, теран мушоҳадалар унинг ҳақиқатан ҳам ҳар томонлама етук олим эканлигидан дарак беради.

Фузулий озарбайжон тилида ижод қилса-да, форс, араб тилларини ҳам мукаммал билган, бу тилларда ҳам асарлар яратган. Мазкур асарлар шоирнинг Яқин Шарқ халқлари маданиятини ҳам пухта билганлиги, тарих тиб, нужум, ҳандаса каби дунёвий билимларни, айниқса, мантиқ ва фалсафани чуқур эгаллаганлигини кўрсатади. Унинг мутафаккир шоир сифатида қадимий юнон маданияти ва фалсафасини пухта ўргангани «Матла ул-эътиқод» асарида Афлотун, Аристотель, Гераклит каби юнон файласуфлари асарлари тўғрисидаги мулоҳазаларидан сезилиб туради.

Фузулий Ироқнинг Бағдод, Нажар каби бир қанча шаҳарларида яшаган, кейинчалик юрти Карбалога қайтиб келган ва вабо касалидан вафот этган.

Фузулий девондан ташқари, «Лайли ва Мажнун», «Ҳафт жам» («Етти жам»), «Анис ул-қалб» («Қалб дўсти»), «Матла ул-эътиқод» («Эътиқод бошланмаси») каби бир қанча асарлар ёзган.

Буюк истеъдод эгаси бўлган шоир умр бўйи моддий қийинчиликда, қашшоқликда яшаган, лекин таъмагирлик, кишиларга қарам бўлишдан ҳазар қилган. У саховатларга кўз тикиб, муте бўлиб яшашдан кўра камбағалликни, қаноатни, хўрликни афзал кўрган, бу ҳол унинг асарларида яққол ўз ифодасини топган.

Шоир диёнатли киши билимли бўлса, халқнинг бахт саодати йўлида меҳнат қилади, билимини жамият манфаати учун сарфлайди, деб хисоблаган ва бунга ўзи ҳам амал қилган.

Фузулий девонида ғазаллар салмоқли ўрин эгаллайди. Шоир Шарқ ғазалчилигидаги анъанага кўра ишқий ғазаллар битишга алоҳида аҳамият берган. У ишқ завқини авж пардаларда куйлар экан, қалбдан қуюлиб келган нолали садо билан: