Эргаш гапли қўшма гапларда эргаш гап қайси ўринларда келади? 4 страница

Чингиз Айтматов Қирғизистоннинг Талас водийсидаги Шакар қишлоғида таваллуд топган. Отаси Тўракул Айтматов Авлиёотадаги рус-тузем мактабини битирган зиёли киши, кейинчалик шахсга сиғиниш қурбони бўлади. Онаси Найма Айтматова ўқимишли аёл бўлган. Чингиз дастлаб рус, сўнгра қирғиз мактабида ўқийди. Авлиёотадаги зооветеренария техникумини, Қиғизистон қишлоқ хўжалик институтини тугатади. 3 йил зоотехник бўлиб ишлайди. Москвада ёзувчилар уюшмаси қошидаги олий адабиётчилар курсини (1956-1958) битиради. «Литературный Киргизистан» журнали бош муҳаррири, «Правда» газетасининг мухбири, кинематографчилар уюшмаси раиси, Қирғизистон Ёзувчилар уюшмаси раҳбари ва жуда кўпгина жойларда ишлаган.

Илк бадиий ижод намунаси «Жамила» (1959) қиссаси жуда кўп тилларга таржима килинган. Бу қиссани «Муҳаббат ҳақида ёзилган жаҳондаги энг ажойиб қисса», деб юксак баҳо берган эди Луи Арагон. Адиб қирғиз ва рус тилларида ижод қилади. «Биринчи муаллим» (1962), «Сомон йўли», «Она ер» (1963), «Алвидо, Гулсари» (1966), «Юзма-юз», «Қизил дуррали сарвиқоматим», «Бўтакуз», «Оқ кема», «Эрта қайтган турналар», «Соҳил бўйлаб чопаётган олапар» каби қиссаларининг, «Асрга татигулик кун» (1980), «Қиёмат» романларининг муаллифидир. Бу асарларининг деярли барчаси ўзбек тилига таржима қилинган. Ўзбек китобхонлари уларни севиб ўқишади.

Чингиз Айтматов илк ижод намуналари бўлмиш «Газетчи Дзюйдо» (1952) асаридан тортиб «Ҳошим» (1952), «Оқ ёмғир» (1954) ҳикояларигача эндигина бадиий ижод майдонига кириб келган бўлишига қарамасдан, бу ҳикоялар қайсидир бир жиҳати билан ўқувчи қалбини ўзига тортарди.

Ёзувчи ҳар бир асарининг воқеасини ҳаётдан олади. Воқеаларга сайқал бериб, гўзаллаштириб яна ҳаётга қайтаради. Ҳаётдаги инсонлар қиёфасини чизиб, яна инсон руҳиятини безаш учун беради.

«Ҳошим» ҳикоясининг қаҳрамонини олиб қарайлик. Икки фарзандидан ажралган чол мункайиб, руҳан тушкунликка тушиб, ҳаётдан безиб қолмайди. Ашим кучли ирода эгаси. У ҳар қандай айрилиққа, ҳар қандай қайғуга бардош беради. Ўғли урушдан қайтиб келмайди, бетоб қизини ҳар қанча даволашга уринмасин, малҳам тополмайди. Бу оғир жудоликларга қарамасдан у ҳаётдан, яшашдан умидини узмайди, ўзини меҳнат билан овутади. У одамлардан ҳам ажраб қолмайди. Ҳамма вақт одамлар орасида бўлади. Одам тафтини одам ола­ди, деган нақл асар асосида ётади.

Чингиз Айтматов ўз асарларида меҳнатни улуғлайди. Айни чоғда меҳнаткаш инсон образини жуда гўзал тарзда намоён этади. «Оқ ёмғир» ҳикоясининг бош каҳрамонлари Саодат ва Қосимжон ўз меҳнати туфайли бахтига, иқболига эришади. Яхши ният би­лан бўз ерларни ўзлаштириб, бойиб, катта даромад орттиришни эмас, элу халққа озгина бўлса-да фойдаси тегар деган ниятда тинимсиз меҳнат қиладилар, фидойиликлар кўрсатишади.

Муаллифнинг «Оқ кема» қиссаси етти бобдан иборат бўлиб, Сартош водийси ва унга туташиб кетган ўрмон манзараларига боғланади. Асар қаҳрамони Ўрозқул салбий образ қиёфасида берилган. Ўрозқул Болажонов хотини Бекейни хўрлаб, ҳақорат қилади. Хоҳлаганча унга азоб беради. Хотинини уриб-сўкиш, жеркиб ҳақоратлаган Ўрозқул учун одатий бир холга айланиб қолган. Ёзувчи тили билан айтганда, Ўрозқул «Ярамас, паст одам».

Асарда Мўмин бува ва етим қолган набира, Кулибек образлари билан боғлиқ воқеалар ниҳоятда ҳаётий чиқган. Бечора Мўмин бува ўғлидан ёдгор қолган иккита неварасини парваришлаб, улғайтиришдек эзгу ният билан юради. Бувага мана шу иккита неварадан бўлак азизроқ нарса қолмаган бу дунёда. Буванинг қалби ниҳоятда кенг, айни чоғда жуда тоза. Шундай бўлса-да, Ўрозқул қайнатаси Мўмин бувига ҳам азоб беради, уни руҳан қийнайди. Инсонийлик, қалб, одамгарчилик нима эканлигини тушунмаган Ўрозқул бувага руҳан далда бериш ўрнига эзғилайди, баттар ҳасратини оширади.

«Оқ кема» қиссасини қамраб олган энг гўзал тасвир шохдор Буғу ҳикоясидир. Шохдор она Буғу воқеалар силсиласидан ажралиб қолмаган. Аксинча, бу афсонавий ҳикоятлар, эртаксимон ривоятлар ҳаётий ҳақиқатларга кўрк бағишлайди.

Бола қачонлардир бобосига яхши хизматлари учун ўрмон раҳбарияти томонидан мукофотга берилган дурбин билан Қоровултоғ чўққиларини синчиклаб кузатади. Шохдор она Буғу ҳикояси бола қалбини бутун борлиғи билан қамраб олган. Ота-онасидан жуда эрта ажраган бола ҳамон ишонч билан, сўнгсиз хаёллар билан яшайди.

Асарда бола образи ниҳоятда катта маҳорат самараси сифатида яратилган. У ширин орзулар дарёсида яшайди. Иссиққўлга матрос бўлиш учун кетган отасини, аллақаёқларгадир, эҳтимол болани ташлаб Иссиққўл тарафларгадир ғойиб бўлган онасини соғиниб яшайди. Кунлар ўтиб улар болани қидириб келишишига ишонади.

Чингиз Айтматов ўз асарларида табиат манзараларини эринмасдан, астойдил безаб беради. Табиат билан инсон асло бир-бирига қарама-қарши қўйилмайди. Инсон мисоли кўшиқ бўлса, табиат эса оҳанрабо куй каби унга жўр бўлади. Зероки, инсон табиат бағрида ўсиб, улғаймайдими, табиат қўйнида яшамайдими? Асардаги Сангтош, Қоровултоғ, Иссиқкўл, Энасой, ўрмон манзаралари аслида табиатнинг рамзий кўриниши, бу кўриниш инсон образи билан уйғунлашиб, гўзаллашиб кетган. Бола образи шохдор она Буғу қолдирган авлоднинг давомчиси, бу авлод яна давом этаверади. Авлоднинг давомчиси бўлган бола ёруғликка интилади, ўқиш ниятида Мўмин бобо ёрдами билан мактаб қучоғига отланади. Чунки, бугунги кун миллат давомчилари ўқиши, эндиликда дунёни билиши, Ўрозқул каби тубан, пасткаш, жаҳолатпарастлардан устун бўлиши керак

Шохдор она Буғу эса ҳамон тирик, узоклардан, Иссиқкўл тарафларда авлодларга нигоҳ ташлаб, минглаб бола каби осуда ва беғубор қалб эгаларига, миллатнинг давомчиларига умид кўзини тикиб турибди.

Чингиз Айтматов характер яратиш устаси. У инсон қалбининг нозиклиги, меҳр-муҳаббатга ташналиги ва барча гўзалликларини чуқур ҳис эта олади ва уни ҳеч ўчмас ёруғлик рамзи сифатида ифодалайди. Бу ҳиҳатдан унинг “Жамила” қиссаси аҳамиятли. 1958 йилда ёзилган бу қисса 1959 йили рус ва француз тилларида китоб ҳолида эълон қилингач, икки йил ичида узоқ ва яқин хориждаги ўттизга яқин тилга ўгирилди.

Қиссада Жамила ва Дониёрнинг беғубор, покиза муҳаббатлари асосида инсон эрки ва ҳуқуқи, асрий одатларга фаол муносабат кўрсатилади. Севги олий туйғу, қудратли куч. Бироқ ниятига етиш учун ёхуд уни ҳимоя қилиш учун баъзан шу севгининг ўзидан кам бўлмаган даражада ирода кучи ва қудрати ҳам керак бўлади. Бу севги Дониёр ва Жамилани қуршаган муҳитдаги ўзгалар томонидан тушунилмайдиган ёки тушунишни истамайдиган, намоён бўлиши жиҳатидан қаҳрамонларни вояга етказган ахлоқий ва маънавий меъёрларга зид бўлса-чи?

Жамила ва Дониёр муҳаббати ана шундай синовга дуч келади. Улар ортиқча оҳ-воҳларсиз, тўполон-жанжалларсиз, урф-одатларни топтамай, унга ҳурматларини сақлаган ҳолда, энг асосийси, муҳаббатларини оёқ ости бўлишига йўл қўймай, бошларини тик кўтарганча ўзларининг эркин туйғулари оламига кетадилар.

Умуман олганда, адиб қаҳрамонлари турлича характердаги кишилардир. Уларнинг ҳар бирига ўзига хос феъл-атвор, хислат-фазилатларини танлаб бера олган. Асарининг ҳаётий чиқиши кўп жихатдан образларнинг характерига боғлиқ. Ҳаётда турли характердаги кишилар яшаганидек бадиий асарлар ҳам ранго-ранг характерлар билан тирик.

Мавзуни мустаҳкамлаш учун топшириқлар:

I топшириқ: Қуйидаги саволларга жавоб беринг.

1. Чингиз Айтматовнинг қайси асари илк бор уни жаҳонга машҳур қилди?

2. Адиб қайси асарлари учун қандай совринларга муносиб топилди?

3.”Оқ кема” қиссасида ёзувчи қандай афсона ва ривоятлардан фойдаланди?

4. Чингиз Айтматов давлат ва жамоат ишларида қандай вазифаларни бажарди?

5. Чингиз Айтматовнинг ўзи айтганлари асосида адиб табиатидаги устувор инсоний сифатлар ҳақида фикр айтишга уриниб кўринг.

6. Чингиз Айтматов асарларининг жаҳон миқиёсда шуҳратини белгилаган сабабларни аниқлашга ҳаракат қилинг.

7. Сиз адиб шахси кўмагида ўзингиздаги бирор сифатни кашф этишга ёки табиатингизда бирор фазилатни шакллантиришга уриниб кўринг.

II топшириқ:Адиб асарлари ва қаҳрамонлари шахсан сизни қандай маънавий-эстетик хислатлар билан бойитгани ҳақида мустақил мушоҳада юритиб кўринг. Мулоҳазаларингиз асосида “Чингиз Айтматов асарларидан олган таассуротларим” мавзуида уй иншо ёзинг.