Или, қайна, сови, юмша, қот, тин, ён, сана, тўқи, қизи, тўхта

6-мавзу: Қўшма ва жуфт сўзлар имлоси(2 соат)

Режа:

1. Қўшма сўзлар имлоси.

2. Жуфт сўзлар имлоси.

 

Таянч тушунчалар: қўшма сўз, жуфт сўз, имло, чизиқча, тўғри ёзиш, товуш ўзгариши.

Сўзлар тузилиши жиҳатидан уч турга бўлинади: содда сўз, қўшма сўз, жуфт сўз.

Икки ва ундан ортиқ ўзакнинг қўшилувидан янги сўз - қўшма сўз ҳосил бўлади. Бундай сўзларнинг ўзига хос имловий хусусиятлари мавжуд.

Қуйидаги сўзлар қўшиб ёзилади:

- хона, нома, поя, боп, хуш, ҳам, умум, мижоз, сифат, кам, бахш, талаб каби сўзлар ёрдамида ясалган қўшма от ва қўшма сифатлар қўшиб ёзилади: қабулхона, табрикнома, таклифнома, оммабоп, хушхабар, ҳамсуҳбат, оромбахш, камқувват, буғдойранг, умумухалқ, совуқмижоз, девсифат, сувталаб.

-а (р), (инкори-мас) қўшимчалари билан тугайдиган қўшма от ва қўшма сифатлар қўшиб ёзилади: ўринбосар, отбоқар, чўлқувар, ишёқмас, қушқўнмас каби.

- Такрор тақлид сўзлардан қўшимча қўшиш орқали ясалган от ва феъллар қўшиб ёзилади: пирпирак (пир-пир+ак), ҳайҳайла (ҳай-ҳай+ла), ғижғижла (ғиж-ғиж+ла) каби

- Нарсани (предметни) бошқа бирор нарсага нисбатлаш (қиёслаш), ўхшатиш йўли билан билдирувчи қўшма от ва қўшма сифатлар қўшиб ёзилади: карнайгул, қўзиқорин, отқулоқ, ойболта, девқомат, шерюрак, бодомқовоқ каби.

- Нарсани унинг ранги, мазаси, ўзидаги бирор нарсаси ва шу каби белгилари асосида билдирувчи қўшма отлар қўшиб ёзилади: олақарға, қизилиштон, аччиқтош, мингоёқ каби.

- Нарсанинг бирор мақсад, иш учун мўлжалланганлигини билдирувчи қўшма отлар қўшиб ёзилади: кирсовун, қийматахта, токқайчи, ошрайҳон, молқўра, носқовоқ, кўзойнак каби.

- Нарсани жойга нисбат бериш асосида билдирувчи қўшма отлар қўшиб ёзилади: тоғолча, чўлялпиз, сувилон, қашқаргул каби.

- Маросим, афсона кабиларни билдирувчи қўшма отлар қўшиб ёзилади: кирювди, келинтушди, қорёғди, Уртўқмоқ, Очилдастурхон каби.

- Қаратувчили бирикманинг бир сўзга айланиши йўли билан юзага келган қўшма отлар қўшиб ёзилади: мингбоши, сўзбоши, олмақоқи каби.

- Иккинчи қисми турдош от билан ёки обод сўзи билан ифодаланган жой номлари қўшиб ёзилади: Тўрткўл, Мирзаобод, Халқобод каби. Лекин иккинчи қисми атоқли от бўлган жой номлари ажратиб ёзилади: Ўрта Осиё, Ўрта Чирчиқ.

- Рус тилидан айнан ўзлаштирилган ёки сўзма-сўз таржима қилиш йўли билан ҳосил қилинган қўшма сўзлар қўшиб ёзилади: кинотеатр, электротехника, телекўрсатув, яримавтомат каби.

- Қисқартмаларнинг барча турлари ва уларга қўшиладиган қўшимчалар қўшиб ёзилади: СамДУ, ТошДУнинг каби. Лекин ёнма-ён келган икки қисқартма ажратиб ёзилади: ЎзХДП МК (Ўзбекистон халқ демократик партияси марказий кенгаши).

- Етакчи феъл -а ёки -й билан тугаган ёхуд кўмакчи феъл билан бошланган кўмакчи феълли сўз қўшилмалари таркибидаги етакчи ва кўмакчи феъллар қўшиб ёзилади: айта олмоқ - айтолмоқ, ўқий олди- ўқийолди, ёза берамиз- ёзаверамиз, кета бер - кетавер.

Қуйидаги тузилишдаги қўшма сўзлар ажратиб ёзилади:

- биринчи қисми сифат, иккинчи қисми атоқли от бўлган географик номлар: Кичик Осиё, Шарқий Туркистон.

- Қўшма феълларнинг қисмлари ажратиб ёзилади: шифо топмоқ, олиб чиқмоқ, ёза бошламоқ каби.

- Қўшма равишлар ажратиб ёзилади: ҳар ким, ҳеч бир, ҳамма вақт, қай куни. Бироз, бирпас, биратўла, бирмунча сўзлари бундан мустасно.

- Ўзаро -данқўшимчаси билан боғланган такрор бирикмалар: кундан кунга, томдан томга, очиқдан очиқ.

Икки ҳар хил маъноли ўзакнинг маъно ва грамматик жиҳатдан тенг боғланишидан ҳам янги сўз –жуфт сўз ҳосил бўлади. Жуфт сўзлар қуйидагича ёзилади:

- жуфт ва такрор сўзларнинг қисмлари чизиқча билан ёзилади: аста-секин, уч-тўрт, кийим-кечақ

- Жуфт сўзлар орасида -у (ю) боғловчиси қўлланса, боғловчидан олдин чизиқча қўйилади: оқ - у қора, кеча-ю кундуз каби.

Кишилар ўзаро ёзишмаларда, расмий иш юритишда, таълим жараёнида, маданий-маърифий фаолиятда тилнинг имло қоидаларига амал қилишга мажбурдирлар. Акс ҳолда сўз ва қўшимчаларнинг ёзилишида ҳар хиллик келиб чиқади. Шунинг учун ўзбек тилининг имло қоидаларини пухта ўзлаштириш лозим. Қўшма ва жуфт сўзларнинг имлосига доир қоидаларни чуқур ўрганиш саводхонлик даражасини мустаҳкамлаш ва ёзма нутқ маданиятини пухта эгаллашнинг муҳим шартларидан бири.

Мавзуни мустаҳкамлаш учун топшириқлар:

I топшириқ: Қуйида берилган гаплардаги қўшма ва жуфт сўзларни аниқланг. Уларнинг ҳар бири қайси қоида асосида ёзилганлини аниқланг.

1. Уста Мўмин яккақўл бир косиб эди. 2. Хайрихон қоғоз-қалам олиб, хонтахта ёнига ўтирди. 3. Зуҳуржон болани қўлига олди, дастрўмолчаси билан оғзи, бурнини артиб, ойнага қаратди. 4. Пўстин кийиб олган куёвнавкар, қиз янгаси “Бахт уйи”дан чиқиб келаётган келин-куёвга меҳр билан боқдилар.

II топшириқ: Қуйидаги гапларни синчиклаб ўрганинг. Ундаги қўшма ва жуфт сўзларни аниқлаб, тубандагича бирма-бир изоҳланг.

Қўшма ёки жуфт сўз Ёзилиши
1) Замонали қўшиб
2) Ойкўл қўшиб

 

1. Замонали Ойкўлда ўқитувчилар танқислигини эслади. 2. Тинчликсевар халқлар халқаро аҳволнинг яхшиланишини истайдилар. 3. Бердивойнинг Тектепадаги яқин ўртоқларидан бири – Мирвали… 4. Тошпўлат қўшнайни яхши чалади. 5. Эр - хотиннинг бир ёстиққа бош қўйганига ўттиз саккиз йил бўлибди. 6. Қўни-қўшни, кичик-катта оғамларга салом айтинг. 7. Йўлчи – меҳнаткаш, софдил йигит.

 

7- мавзу: Бош ҳарфлар ва қисқартма сўзлар имлоси(2 соат)

Режа:

1. Бош ҳарфлар имлоси.

2. Қисқартма сўзлар имлоси.

Таянч тушунчалар:Бош ҳарфлар, қисқартма сўзлар, имло, атоқли от, тахаллус, жой номлари, географик номлар.

Қуйидаги сўзлар бош ҳарфлар билан ёзилади:

- Киши исмлари, тахаллуси, жой номлари ва бошқа географик номлар: Аброр, Ҳамид, Отабек, Фитрат каби;

- Жой номлари бош ҳарф билан бошланади: Бодомзор, Помир, Сирдарё, Ҳиндистон каби. Бундай атоқли от таркибидаги сифатловчи ҳам бош ҳарф билан ёзилади: Шимолий Кавказ, Марказий Қизилқум;

- Юлдуз ва сайёрлар, бошқа хил осмон жисмларининг атоқли оти бош ҳарф билан бошланади: Ҳулкар, Қавс, Миррих;

- Маданий-маиший ва савдо корхоналарига, адабиёт ва санъат асарларига, саноат ва озиқ - овқат маҳсулотлари, спрот иншоотларига, шунингдек, транспрот воситаларига қўйилган номлар бош ҳарф билан бошланади: “Саодат” (фирма), “Наврўз” (хайрия жамғармаси), “Ғунча” (боғча), “Ботаника” (саноторий) каби;

- Муҳим тарихий сана ва байрамларнинг номлари таркибидаги биринчи сўзи: Мустақиллик куни, Рамазон ҳайити каби;

- Давлатнинг, давлат олий ташкилотлари ва мансабларининг, халқаро ташкилотларнинг номидаги ҳар бир сўз бош ҳарф билан бошланади: Ўзбекистон Республикаси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Раиси, Жаҳон Тинчлик Кенгаши, Миср Араб Республикаси каби;

- Бошқа таркибли номларда олий мансабни билдирувчи сўзгина бош ҳарф билан бошланади: Ёзувчилар уюшмаси, Фан ва технология маркази, Мудофаа вазири каби;

- Давлатнинг олий даражали мукофоти номи таркибидаги ҳар бир сўз бош ҳарф билан бошланади: Ўзбекистон Қаҳрамони, Олтин Юлдуз каби. Бошқа мукофот, нишонлар номидаги биринчи сўз: “Соғлом авлод учун” ордени, “Халқ таълими аълочиси” нишони каби;

- Гапнинг биринчи сўзи бош ҳарф билан бошланади: Ер оппоқ қорга беланди.

- Қисқартма отлар: БМТ, АҚШ. Қисқартма таркибидаги бўғинга тенг қисмнинг биринчи ҳарфи: ЎзМУ, ТошДУ каби.

Мавзуни мустаҳкамлаш учун топшириқлар:

I топшириқ: ”Имло қоидалари”нинг “Бош ҳарфларнинг ёзилиши” қисмини синчиклаб ўрганинг. Сўнг қуйидаги гапларда бош ҳарф билан ёзилган сўзларни қоида асосида тушунтиринг.

1. Тумандаги “Пахтакор” жамоа хўжалиги режани бажарди. 2. Биз Ер, Ой, Қуёш, Венера, Марс каби саёралар ҳақида ажойиб янгиликларни билиб олдик 3. Алишер Навоийнинг “Хазойин ул-маоний”, “Хамса” каби йирик асарлари мумтоз адабиётимизнинг юксак намунасидир.

4. Водийларни яёв кезганда,

Бир ажиб ҳис бор эди менда.

II топшириқ: Берилган турғун боғламаларни қисқартма отларга айлантиринг:

1. Бирлашган Миллатлар ташкилоти. 2. Тошкент Давлат дорилфунуни. 3. Тошкент Давлат педагогика институти. 4. Ўзбекистон Фанлар академияси. 5. Америка Қўшма Штатлари. 6. Бухоро Давлат университети.

 

8- мавзу: Тиниш белгилари имлоси(2 соат)

Режа:

1. Тиниш белгилари ҳақида маълумот.

2. Тиниш белгиларининг ишлатилиши.

3. Тиниш белгилари ва саводхонлик.

 

Таянч тушунчалар:нуқта, сўроқ, кўп нуқта, вергул, икки нуқта, қавс, нуқтали вергул, тире, қўштирноқ, ундов.

Маълумки, тиниш белгилари тилшунослик фанининг пунктуация бўлимида ўрганилади. Ҳар бир тиниш белгиси ўзига хос услубий вазифа бажаради. Шунинг учун ёзма матнда фикр аниқ, равон ва тушунарли бўлиши учун уларни тўғри қўйиш керак.

Пунктуация бўлимида қуйидаги тиниш белгилари ҳақида маълумот берилади: нуқта, вергул, икки нуқта, нуқтали вергул, сўроқ, ундов, кўп нуқта, тире, қавс, қўштирноқ.

Нуқта қуйидаги ўринларда қўйилади:

1. Тинч оҳанг билан айтилган дарак, буйруқ ва ундов (ҳис-ҳаяжон) гаплардан кейин: Олтин куз фасли кириб келди. Дарсларга ўз вақтида тайёрланиб келгин. Кошки, унинг кучи етса.

2. Биринчи қисмида нуқта, кўп нуқта, ундов ёки сўроқ белгиси бўлган кўчирма гаплар ўртасида келган муаллиф гапидан сўнг: “Мен ҳозир жўнайман, - деди у. - Сиз эса ярим соатлардан кейин йўлга чиқинг”.

3. Қисқартирилган исм ва фамилияларнинг биринчи ҳарфи ёки қисмидан кейин: М. Исм. (Мирзакалон Исмоилий)

4. Санаш ёки айрим фикрнинг қисмларини ифодалаган ва ой, кун, йилларни бир-биридан ажратиш учун қўлланган рақам ёки ҳарфлардан кейин 21.11.2010 каби.

Сўроқ белгисининг қўлланиш ўринлари қуйидагича:

1. Сўроқ белгиси сўроқ гаплардан кейин қўйилади: Ўқишга борасанми?

2. Сўроқ гаплар биттадан ортиқ бўлиб келиши мумкин, бундай пайтларда сўроқ белгиси қуйидагича қўйилади:

а) сўроқ гапларнинг ҳар бирига аҳамият бериш лозим топилса ёки қайси сўроқ гап мазмунига кўра мустақил бўлса, ҳар биридан сўнг сўроқ белгиси қўйилади: Қишлоқдагилар қандай? Оғайнилар яхши юришибдими?

б) агар сўроқ гаплар мазмунан умумий бир фикр ифодаласа, сўроқ белгиси энг сўнгги гапдан кейин қўйилади: -Тағин меҳмон бошлаб келдингизми? Ким келяпти: Сарвими, Раҳбарми, ё акангнинг болаларини етаклаб келаяпсанми?

3. Сўз ёки ибора ноаниқ бўлса, ундан гумон ифодаланса, сўроқ белгиси қўйилади: Бу ишларнинг ҳаммасини ярим соат ичида бир ўзи бажардимикин?

Ундов белгисининг қўлланиш ўринлари қуйидагича:

1. Кучли ҳис-ҳаяжонни ифодалаган гаплардан сўнг: Ёшлигимизда нақадар бахтиёр эдик!

2. Буюриш, тилак-орзу маъноларини ифодалаган гаплардан сўнг: Ҳозир буларни кўзимдан йўқот!

3. Габошида келиб, кучли ҳис-ҳаяжон ифодалаган ундалмалардан, ундов ҳамда ҳа ва йўқсўзларидан сўнг: Йўқ! Рустам бундай қабиҳликка бормайди ҳеч қачон!

Кўп нуқта қуйидаги ўринларда қўйилади:

1. Фикрнинг туганланмаганлиги, сўзловчининг ҳаяжонланиб яна нимадир айтмоқчи эканлигини кўрсатиш учун: Агар ҳозир гапингизни тўхтатмасангиз...

2. Баъзан кўп нуқта сўзловчининг ўйлаши, мулоҳаза қилишини кўрсатади: Бугун...бугун олдингизга ўтсам бўладими?

3. Баъзан кимнингдир саволга жавоб бермай, индамай турганини кўрсатиш учун ҳам кўп нуқта қўйилади:

- Мендан розимассиз, биламан, кечирмайсиз...

- ...

4. Бирор сўз ёки гапнинг туширилганини кўрсатиш учун: Бугун еттинчи бўлимга келиб,... фиғони ошди.

Вергул қуйидаги ҳолларда ишлатилади:

1. Уюшиқ бўлаклар орасида: а) боғловчисиз бириккан уюшиқ бўлаклар орасида: Андижон, Наманган, Қўқон, Марғилон – Ўзбекистоннинг чамани, боғу бўстони. б) такрорланувчи боғловчилар билан бириккан уюшиқ бўлаклар орасида: У гоҳ кулимсирайди, гоҳ чуқур ўйга толади. в) зидлов боғловчилар ёрдамида бириккан уюшиқ бўлаклар орасига: Замиранинг баланд, аммо майин овози бор эди.

2. Ундалмаларни ажратиш учун: Эртага, азизим, тоққа жўнаймиз.

3. Кириш сўзларни ва тузилишига кўра мураккаб бўлмаган кириш гапларни ажратиш учун: Хуллас, эртага шу ерда йиғиладиган бўлдилар. Мен сизга айтсам, одамнинг ёмони бўлмайди.

4. Ҳа ва йўқсўзларни гап бўлакларидан ажратиш учун: Ҳа, бу гапингиз тўғри.

5. Боғловчисиз боғланган қўшма гапларда: Эшик очилди, ичкарига муздек ҳаво ёпирилиб кирди.

6. Ва, ҳам, ҳамда, ёки (ёлғиз келган) боғловчиларидан бошқа боғловчилар билан боғланган қўшма гапларда: Ҳамма гапирди, лекин у бир чеккада хомуш ўтирар эди.

7. Эргаш гапларни ажратиш учун: Ҳамма йиғилгач, мажлис бошланди.

8. Муаллиф гапини кўчирма гапдан ажратиш учун:

- Бугунги қилган эзгу ишларимиз, - деди ота, - келажак учун мустаҳкам пойдевор вазифасини бажаради.

Нуқтали вергул қуйидаги ўринларда қўйилади:

1. Ўз ичида вергул бўлган ёйиқ уюшиқ бўлаклар орасида:

Меҳнат, ижод одам шарафи;

Дил ёруғи ҳаёт қувончи

Ҳаммасининг асл манбаи

Сен, Ватаним – тинчлик таянчи.

2. Ўз ичида вергул бўлган, мазмунан маълум даражада мустақилликка эга содда гаплар орасида ҳамда ҳар хил турдаги гапларни ўз ичига олган қўшма гапларда: Дарахтлар, буталар шитирлади; кузнинг салқин нафаси юзига урилди.

Икки нуқтанинг қўлланиш ўринлари қуйидагича:

1.Уюшиқ бўлаклардан олдин келган умумлаштирувчи сўздан сўнг: Йиғилишда тажирбали ишчилар: Салим ака, Абдукарим ака ва Собиржонлар сўзга чиқишди.

2. Қуйидаги маъноларни ифодалаган боғловчисиз қўшма гапларда:

а) бир гап иккинчи бир гапдан англашилган иш ҳаракатнинг сабабини кўрсатса: У ичкарига шошилиб кириб кетди: телефон анчадан бери жиринглаётган экан.

б) бир гап иккинчи бир гапдан англашилган иш-ҳаракатнинг натижасини кўрсатса: Шамол жуда зўрайди: дарахтларнинг анча-мунчаси синиб тушди.

в) Кўчирма гапдан олдин, муаллиф гапидан сўнг: У баланд овозда сўради: -Ким бор ?

Тире қуйидаги ўринларда қўйилади:

1. От, сон, олмош ва ҳаракат номи билан ифодаланиб, кесим билан боғламасиз бириккан эга ва кесим орасида: Ўзбекистонинг пойтахти- Тошкент. Икки ўн беш - бир ўттиз. Ўқиш – ҳаётни уқиш.

2. Уюшиқ бўлаклардан сўнг келган умумлаштирувчи сўздан олдин: Акам, опам ва синглим - барчаси мени кутиб ўтиришган экан.

3. Ажратилган бўлак билан изоҳланмиш бўлак орасида: Мен – Валиев Маҳмуд, 1954 йилда Тошкентда туғилганман.

4. Кириш гап билан гап бўлаклари орасида: Тунов кунги овчи – мен уни ўрмонда учратиб қолдим - менга қизиқ бир воқеани сўзлаб берди.

5. Муллиф гапи билан кўчирма гап орасида: - Бугун келасизми? - сўради қизи.

6. Диалог типдаги кўчирма гапларда: - Келдими? - Келди.

7. Кутилмаган воқеа-ҳодисаларни ифодалаган гаплардан олдин: Кеча тоғамларникига борган эдим - Асқаржон келибди!

8. Зид маъноли боғловчисиз қўшма гаплар орасида: Жисмимиз йўқолур- ўчмас номимиз.

Қавс қуйидаги ўринларда ишлатилади:

1. Ифодаланаётган фикрга ёки унинг бирор бўлагига қўшимча изоҳ берувчи сўз ёки иборалар қавсга олинади: Каримжон (синфимиз аълочиси) олий ўқув юртига кирди.

2. Кириш гаплар ёки ремаркалар қавс билан берилади: Укам (сен уни танийсан) бу йил мактабни битирди. Азиз Камол (хаёл охушида). Ватанимизга қарши кўрсатилган руҳий ва иқтисодий ҳужум шу кунларда чўққисига чиқди.

3. Мисол ёки кўчирманинг манбаси қавсга олинади: Эшик қарс этиб ёпилди (С. А).

4. Кириш сўз ёки иборага оид тиниш белгилар қавснинг ичига олинади: Тўсатдан унинг хаёлига акасининг бундан беш-олти ой олдин ёзган хати (ўшандан бери ундан дом-дарак йўқ!)... тушди.

Қўштирноқ қуйидаги ҳолларда ишлатилади:

1. Кўчирма гапларни ажратиб кўрсатиш учун: “Эртага келаман”, -деди.

2. Кўчма маънодаги, шартли ном ёки тахаллус маъносидаги айрим сўз ва сўз бирикмалари ҳам қўштирноққа олиниши мумкин: “Тоғ асали” сотадиган йигит... довоннинг нариёғига ўтиб кетган.

Мавзуни мустаҳкамлаш учун топшириқлар:

I топшириқ: Вергулнинг қуйидаги ҳолатларда келишига турли манбалардан иккитадан мисол топиб ёзинг: 1) уюшиқ бўлак қисмлари орасида; 2) қўшма гап қисмлари орасида.

II топшириқ: Қуйидаги матнда ишлатилган тиниш белгиларини тубандагича изоҳланг:

 

Матн Тиниш белгиларининг изоҳи
1. Гулчеҳра шиппакни олиб, пештахта ёнидаги стулга ўтирди. 1. Қўшма гап қисмлари орасига вергул қўйилган. 2. Дарак гап бўлганлиги сабабли охирига нуқта қўйилган.

 

Гулчеҳра шиппакни олиб, пештахта ёнидаги стулга ўтирди. Шиппак чиройли эди. Оппоқ, белидан ингичка олтиндек занжир ўтказилган, пошнаси ҳам баланд эмас, юришга осон. Гулчеҳра кийиб кўрди. Яхши келди.

- Раҳмат, шуни оламан, - деди сотувчига.

Сотувчи қиз шиппакни ўраб берди. Шу пайт кимдир Гулчеҳрани орқасидан қучоқлади.

- Вой ким? – ҳайратланиб деди Гулчеҳра.

Аёл кишининг қаҳ-қаҳ кулгиси эшитилди. Гулчеҳра ўгирилди.

- Вой, опоқи, сизмисиз? – Гулчеҳра шундай деди-ю, бутун вужуди бўшашиб кетди.

III топшириқ:Қуйидаги гапларни диққат билан ўқинг, керакли ўринларга тиниш белгиларини қўйиб, уни изоҳлашга ҳаракат қилинг.

1. Юзи сўлғин кўзлари киртайган юраги торлиги шундоқ афтидан маълум ўрта бўй бир қараса ушоқ болалардек нозик ниҳол... аммо диққат билан разм солинса истараси иссиқ аёл

2. Бир куни маҳалланинг нариги чеккасида турадиган нонвойникига кириб қолдим нима юмуш билан борганим эсимда йўқ

3. Хўжа Ғиёсиддин Ҳиротдаги баъзи машҳур зотларни гўзал тақлид қилди ўтирганлар ўринларидан қўзғолмай қолдилар

4. Нима керак ўзи айтсангиз-чи мунча эзмаланасиз

5. Чолнинг кўз очиб кўрган хотини сен

 

9-мавзу:Нутқда сўзни тўғри танлаш мезонлари(2 соат)

1. Сўз маъноларини аниқлаш ва фарқлай олиш.

2. Нутқда сўзни тўғри танлаш - нутқий маданият белгиси.

 

Таянч тушунчалар:сўз, луғат, сўз шакли, сўзнинг ташқи томони, сўзнинг ички томони, луғавий маъно, грамматик маъно, сўзнинг ўз маъноси, сўзнинг кўчма маъноси, ясама маъно, нутқ маданияти.

Ўзбек тилида , аввало, унинг бой луғат таркибида ўзбек халқининг илм-у маданияти, санъати акс этган, инсоннинг билиш фаолияти жараёни ва унинг натижалари ифодаланган. Асосий луғавий бирлик ҳисобланган сўз орқали кишилик жамиятининг маданий-тарихий қадриятлари, тўплаган тушунча ва билимлар авлоддан авлодга етказилади.

Сўзнинг шакли, яъни ташқи томони товуш (ҳарф)лардан иборат бўлиб, бу хусусиятлари фонетикада ўрганилади. Сўзнинг ички томони эса унда ифодаланган маънолар билан тавсифланади. Сўзлар бир маъноли ёки кўп маъноли бўлиши мумкин. Кўп маъноли сўзлар тил тараққиёти натижасида пайдо бўлади. Сўзнинг бир нарса-ҳодисани билдириши унинг луғавий (лексик) маъноси саналади. Ана шу луғавий маъно асосида бошқа маънолар ҳам ифодаланса, у ясама (кўчма) ҳисобланади. Бадиий нутқда сўзларнинг ясама маъноларидан кенг фойдаланилади.

Демак, айрим сўзларнинг ўз маъноси ва кўчма маъноси бўлади. Сўзнинг гапдан ташқарида ифодалайдиган, нутқ жараёнига боғлиқ бўлмаган маъноси ўз маъно дейилади. Сўзнинг бошқа сўзлар ёрдамида аниқланадиган маъноси кўчма маъно дейилади: кўз-кўриш аъзоси (ўз маъно), игнанинг кўзи – кўчма маъно.

Аждодларимиз қадимдан тўғри, таъсирчан, чиройли гапиришга интилиш ва уларни одатга айлантиришга маърифий-ахлоқий талаб сифатида қараб келганлар. Сўзни қадрлаш, яхши сўзлай олиш, тилни тийиш, суҳбат сирларини сақлаш, эзма ва вайсақи бўлмаслик кабиларга амал қилиш нутқ одобининг асосий талаблари ҳисобланган. Нутқий муомаладаги бу одатлар халқимизнинг мангу анъанаси сифатида яшаган ва такомиллашиб келмоқда.

Нутқ маданиятини эгаллаш биринчи навбатда ҳозирги ўзбек тили ва унинг мавжуд ифода воситаларини пухта ўзлаштириш, адабий тил меъёрларига тўлиқ амал қилиш каби лисоний омилларга, иккинчидан, сўзлашганда муайян ахлоқ-одоб меъёрларига риоя этиш, ўз ва ўзгалар гапига эътиборли бўлиш, ўринли сўзлаш, тинглаш, суҳбатлашиш, мунозара маданиятини билиш каби ижтимоий-руҳий омилларга боғлиқдир.

Нутқда сўзни тўғри танлаш ва қўллаш нутқ маданиятининг муҳим шартларидан ҳисобланади. Фикрни тингловчига тушунарли ва аниқ етказишда сўзни тўғри танлаш лозим.

Сўз танлашда қуйидагиларга эътибор берилади:

- сўзнинг луғавий маъносини билган ҳолда танлаш;

- танланган сўзни аниқ талаффуз эта олишни ҳисобга олиш;

- сўзнинг маъно хусусиятларига асосланиб, уни нутқ мақсадига мувофиқ тарзда танлаш.