Агар бу улуғ зотни авлиё десак, у авлиёларнинг авлиёси, мутафаккир десак, мутафаккирларнинг мутафаккири, шоир десак, шоирларнинг султонидир

И. А. Каримов

Таянч тушунчалар:“Хамса”, хамсачилик анъанаси, "Махзан ул-асрор", "Матлаъ ул-анвор","Матлаъ ул-анвор", " “Ҳайрат ул-аброр”, мақолот, иймон, ислом, комил инсон, муқаддимавий достон.

Алишер Навоий хаёти ва ижоди билан сиз мактаб дастурларида танишиб келмоқдасиз. Миллатимиз фахри бўлмиш бу зотнинг асарлари, уларнинг мазмун-моҳияти тўғрисида тасаввурга эгасиз. Сиз ушбу касб-ҳунар коллежлари дастурида эса улуғ шоирнинг “Хамса” асарини билан батафсилроқ танишасиз.

Шарқда хамсачиликнинг ўзига хос тарихи ва анъанаси мавжуд. "Хамса" ёзишни озарбайжонлик улуғ шоир Низомий Ганжавий бошлаб берган. Лекин у бу асарини аввалдан ният қилиб, маълум бир режа асосида яратмаган. Низомий 1173-1179 йилларда Арзинжон ҳокими Фахриддин Баҳромшоҳга бағишлаб "Махзан ул-асрор" ("Сирлар хазинаси") номли асар ёзади. 1180-1181 йилларда Ироқ хукмдори Тўрғул II нинг илтимосига кўра "Хусрав ва Ширин" достонини яратади. 1188 йилда Ширвоншоҳлардан Ахсатан I Низомийга "Лайли ва Мажнун" достонини ёзишни буюради. 1196 йилда ҳукмдор Аловуддин Кўрпа Арслоннинг топшириғи билан шоҳ Баҳром ҳақида "Ҳафт пайкар" ("Етти гўзал") майдонга келди. 1196-1201 йилларда "Искандарнома" яратилади. Шу тариқа 1173-1201 йиллар оралиғида – 28 йил давомида муаллифнинг беш достони дунё юзини кўрди. Шундан сўнг адибда турли йилларда битилган бу достонларни жамлаб, ягона бир ном билан аташ фикри туғилган ва "Панж ганж" ("Беш хазина") номи билан машҳур бўлган биринчи "Хамса" вужудга келган.

Низомийдан юз йилдан сўнг асли шаҳрисабзлик туркий уруғлар авлодидан бўлган Хусрав Деҳлавий (1253-1325) ўзининг "Хамса"сини 1299-1301 йилларда ёзиб тугаллади. У "Матлаъ ул-анвор" ("Нурларнинг бошланмаси"), "Ширин ва Хусрав", "Мажнун ва Лайли", "Ҳашт беҳишт" ("Саккиз жаннат"), "Ойинайи Искандарий" ("Искандар ойнаси") достонларини яратиб, Низомий ишини давом эттирди ва натижада адабиётда хамсачилик анъанаси пайдо бўлди.

Шунга кўра ҳар бир асар "Хамса" деб аталмоғи учун: а) беш достондан ташкил топмоғи; б) биринчи достон, албатта, панд-насиҳат руҳидаги таълимий-ахлоқий, фалсафий бўлмоғи; д) иккинчи достон Хусрав ва Ширин муносабатларига бағишланмоғи; е) учинчи достон Лайли ва Мажнун муҳаббатини мавзу қилиб олмоғи; ф) тўртинчи достон шоҳ Баҳром ва бешинчи достон Искандар ҳақида ёзилмоғи шарт эди.

Деҳлавийдан қарийб 200 йил кейин яна бир буюк хамсанавис майдонга чиқди. Бу Навоий эди. Алишер Навоийнинг "Хамса"си бошқалардан фарқли равишда туркий тилда ёзилди. Буни ўзбек китобхонларининг ортиб бораётган эхтиёжи, ўзбек адабий тили ва адабиётининг тараққийси ҳамда истиқболи талаб қилар эди. Бундай улкан, катта жасорат талаб қиладиган масъулиятли ишга даҳо ижодкор Навоийгина журъат қила оларди. Адибнинг фикрича, халққа унинг ўз тилида, унга манзур бўлган асар яратиши лозим. Шунинг учун "Лайли ва Мажнун" достони хотимасида Низомий ва Деҳлавийни таърифлар экан, туркий (ўзбек) тилда "Хамса" ёзишнинг сабабини шундай изохлайди:

...Гар нукталари жаҳонни тутти,

Ғавғолари инс-у жонни тутти.

Чун форсий эрди нукта шавқи,

Озроқ эди анди турк завқи.

Ул тил била назм бўлди малфуз,

Ким форсий англар ўлди махфуз.

Мен туркча бошлабон ривоят,

Қилдим бу фасонани ҳикоят.

Ким шуҳрати жаҳонга тўлғай,

Турк элига доғи баҳра бўлғай...

Навоий ўз салафларининг юксак санъаткорлигини шарафлайди, уларнинг адабий тажрибаларидан таълим олганлигини эътироф қилади. Достонларнинг муқаддима қисмида устозларига бағишлаб махсус боблар ёзиб, уларни улуғлайди. Масъулиятли бу ишда уларга руҳан суянади ва «Йўлдаса бу йўлда Низомий йўлим, Қўлдаса Хисрав била Жомий қўлим», - деб мадад тилайди. Бироқ Навоий олдинги хамсанависларни такрорламайди ёки уларга кўр-кўрона тақлид қилмайди. Ўз олдига янги, ўзига хос "Хамса" яратиш вазифасини қўяди. Буни муаллиф "Хамса"нинг бир неча ўрнида очиқ-ойдин таъкидлайди. Жумладан, у "Фарҳод ва Ширин" достони муқаддимасида шундай ёзади:

Ани назм этки, тархи тоза бўлғай,

Улусқа майл беандоза бўлғай.

Йўқ эрса назм қилғонни халойиқ,

Мукаррар айламак сендин не лойиқ? Бу мисралари орқали Навоий "Хамса" ёзишдаги белгилаб олган ўз йўриқларини баён етади: Шундай асар (назм) - достон ёзгинки, ўзига хос (тархи тоза) бўлсин, ўқиган одамларга (улусқа) янги, бошқа асарларга ўхшамас (беандоза)лиги сезилиб турсин. Акс ҳолда (йўқ эрса), асари ўзгалар (халойиқ) ёзгандек боиса, бундай такрорлаш (мукаррар) сенга лойиқ эмас. Яхшиси, бундай асар ёзмаган маъқул. Лекин бу осон иш эмас. Бунинг учун Яқин ва Ўрта Шарқ ўлкаларида қалам мислсизлиги эътироф этилган Низомий ва Деҳлавий билан ижодий баҳсга киришиши лозим бўлади. Бу жуда катта билим ва юксак адабий дидни, истеъдод ҳамда машаққатли меҳнатни талаб этар эди. Бу ҳақида "Фарход ва Ширин"да ёзади:

Эмас осон бу майдон ичра турмоқ,

Низомий панжасиға панжа урмоқ.

Керак шер оллида ҳам шери жанги,

Агар шер ўлмаса, боре паланги.

Ҳақиқатдан ҳам Низомийдек назм шеъри ила майдонда турмоқ осон эмас. У билан баҳслашиш (панжасига панжа урмоқ) учун шер ёки ҳеч бўлмаса, йўлбарс (паланг) бўлмоғи даркор. Навоий шер билан тенглашадиган шер бўлди. У оғир ва масъулиятли вазифани муваффақият билан адо этди. Ниҳоят қисқа бир муддат - икки йил (1483-1485) давомида 51 минг мисрадан ортиқ беш достонни ёзиб тугаллади. У 1483 йилда "Ҳайрат ул-аброр" фалсафий-таълимий достонини, 1484 йилда уч асарни: "Фарҳод ва Ширин" ҳамда "Лайли ва Мажнун" ишқ қиссаларини, "Сабъаи сайёр" ишқий-саргузашт достонини, 1485 йили эса "Садди Искандарий" қаҳрамонлик достонини яратди.

Навоий “Хамса”си XV асрдаги халқимиз маънавий тараққиётининг кўзгуси бўлиб, унда ўша даврнинг ижтимоий турмуши, халқнинг фаровон урф-одатлари дин-диёнат, ахлоқ-одоб ҳақидаги қарашлари ўз аксини топган. Навоий “Хамса”си яхли асардир. Буюк шоир унда замонасининг барча долзарб масалаларини қаламга олади. Уларга жавоб излайди. Ҳар беш достон бир-бири билан ич-ичидан мустаҳкам боғланган.

«Ҳайрат ул-аброр» Алишер Навоий «Хамса» сининг биринчи муқаддимавий – режанома достони. Мазкур асар ўз навбатида «Хамса» учун ғоявий-мазмун нуқтаи назаридан йўналтирувчилик аҳамиятига молик. Унда лўнда хулосалар ҳолида баён этилган доно фикрлар, комил инсонга хос ноёб фазилатлар талқини «Хамса»нинг бошқа достонларида мантиқий ривожлантирилади, такомилига етказилади. «Хамса» достонларини ана шу шоҳ асардан ибтидо топувчи пишиқ, ўйланган тафаккур занжири бир- бирига боғлаб туташтириб туради. Достон 63 бобдан таркиб топган бўлиб, унинг 21 фаслини анъанавий муқаддимавий боблар, 40 бобини – 20 мақолат ва 20 ҳикоят, қолган икки бобини эса – хотима ва бир ҳикоят ташкил этади.

«Ҳайрат ул-аброр» қомусий асар бўлиб, унинг асосий қисмини ташкил этувчи мақолат ва ҳикоятларда барча замонлар учун ўта долзарб бўлган баркамол авлод, комил инсон ҳақидаги улуғ мутафаккирнинг теран ахлоқий-маънавий, ижтимоий-фалсафий мулоҳазалари бадиий ифодасини топган.

«Ҳайрат ул-аброр»да ҳам ижодкорнинг баркамол шахс ҳақидаги ўйлари мақолатларда ёрқин инъикосини топган. Асардаги ҳикоятлар эса мақолатларда илгари сурилган таянч ғояларни ўқувчи шуурига янада теранроқ таъсир этиши, унинг мавзу билан мукаммалроқ танишишига имкон яратади. Достондаги мақолатлар сарлавҳаларининг ўзи асарда комил инсон улуғланганлигидан далолат беради:

1-мақолат: Иймон шарҳида.

2-мақолат: Ислом бобида.

3-мақолат: Салотин зикрида.

4-мақолат: Риёкорлик – фирибгарлик ҳақида.

5-мақолат: Хайру эҳсон васфида.

6-мақолат: Адаблилик одати ҳақида.

7-мақолат: Қаноат ҳақида.

8-мақолат: Вафо ҳақида.

9-мақолат: Ишқ ўти таърифида.

10-мақолат: Ростлик ҳақида.

11-мақолат: Илм осмонининг юлдузларидек баланд мартабалилиги ҳақида.

12-мақолат: «алам ва қалам аҳиллари ҳақида.

13-мақолат: Булутдек фойда келтирувчи одамлар ҳақида.

14- мақолат: Осмоннинг тузилишидан шикоят.

15-мақолат: Жаҳолат майи.

16-мақолат: Хуносасифат олифталар.

17-мақолат: Баҳор йигитлигининг софлиги ҳақида.

18-мақолат: Фалак ғамхонаси ҳақида.

19-мақолат: Хуросоннинг мисли йўқ вилояти ҳақида.

20-мақолат: Мақсаднинг ўталганлиги ҳақида.

ИЗОҲ:Машғулот давомида достондаги «Адаблилик одати ҳақида» ва «Қаноат ҳақида» мақолотлари таҳлил қилинади (6-7-мақолот).Таҳлил жараёнида қуйидаги муҳим методик қоидаларга амал қилиш машғулот самарадорлигини таъминлайди:

1. Асар мазмунини таҳлил қилиш ва тўғри, тез, онгли, ифодали ўқиш малакаларини шакллантириш.

2. Асарнинг ғоявий асослари ва мавзусини, унинг образлари, сюжет чизиғи, композицияси ва тасвирий воситаларини тушунтириш талабаларнинг шахс сифатида умумий камол топишига яхши хизмат қилади, шунингдеқ боғланишли нутқининг ўсиши (луғатининг бойиши ва фаоллашиши)ни таъминлайди.

3. Ўқувчиларнинг ҳаётий тажрибасига таяниш асар мазмунини онгли идрок этишнинг асоси ва уни таҳлил қилишнинг зарурий шарти хисобланади.

4. Машғулот давомида ўқувчиларни фаоллаштириш, атроф-муҳит ҳақидаги билимларини кенгайтириш ва илмий дунёқараш асосларини шакллантиришнинг самарали воситаси сифатида қаралади.

Мавзуни мустаҳкамлаш учун топшириқлар:

I топшириқ: Қуйидаги саволларга жавоб қайтаринг.

1. “Хамса” яратиши анъанасини ким бошлаб берди ва кимлар “Хамса” яратди?

2. Алишер Навоий “Хамса”сининг яратилиши ҳақида нималарни биласиз?

3. Алишер Навоий хамсачилик анъанасига қандай муносабатда бўлди?

4. “Ҳайрат ул-аброр” нега шундай номланади?

5. Достоннинг асосий ғояси нимага қаратилган?

6. Сизнинг тасаввурингизча комил инсон қандай бўлиши керак?

7. Достонда комил инсонга хос бўлган қандай сифатларга кўпроқ урғу берилган?

II топшириқ:Асар юзасидан тузилган қуйидаги тест саволларининг жавобини топинг:

1. Навоий “Хамса”сидаги “Ҳайрат ул-аброр” достонининг ҳажми қанча?

а) 7976 мисра , 64 боб, 20 мақолот

б) 8000 мисра, 64 боб, 20 мақолот, 20 ҳикоят

с) 7986 мисра, 65 боб, 21 мақолот

2. Достон қандай вазнда ёзилган?

а) бармоқ

б) эркин

с) аруз

3. Достондаги «Шер билан Дуррож» ҳикоятида қандай иллат қораланган?

а) хасислик

б) ёлғончилик

с) сотқинлик

4. “Ҳайрат ул-аброр”да айтилишича «Адабнинг энг яхши » сифати - …

а) ҳаё

б) тавозеъ

с) қаноат

5. Навоийнинг “Хамса”си таркибидаги қайси достон бошдан оёқ бир сюжетли воқеани баён этмаган?

а) “Ҳайрат ул-аброр”

б) “Фарҳод ва Ширин”

с) “Лайли ва Мажнун”

31-мавзу: “Лайли ва Мажнун” достони(2 соат)

Режа:

1. «Лайли ва Мажнун» - ишқий, фожеавий достон.

2. Достон таҳлили.

Таянч тушунчалар: Сайёр мавзу, маснавий, фожеавий ишқ, жунун, мажнун, ишқий саргузашт достон, Қайс, Лайли.

Алишер Навоий «Хамса»сининг учинчи достони мусулмон минтақа халқлари адабиётида кенг шуҳрат қозонган Лайли ва Мажнуннинг дардчил ишқий саргузаштларига бағишланган. Бу сайёр мавзу ниҳоятда қадимий бўлиб, манбаларда эътироф этилишича, унинг бадиий талқини намуналари XII асрнинг иккинчи ярмидан араб адабиётида вужудга кела бошлайди.

Лайли ва Мажнун ҳақидаги дардчил ишқий саргузаштлар ва бу маҳзун воқеалар тизимининг тўлақонли бадиий асар сифатида шаклланиб, ёзма адабиётдан мустаҳкам ўрин олишида таниқли озар шоири Низомий Ганжавийнинг «Лайли ва Мажнун» (1188) достони асос бўлди. Улуғ ўзбек шоири Алишер Навоий «Хамса»нинг учинчи достонини ижод этаётганида, Низомий Ганжавий, Амир Хусрав Деҳлавий, Ашраф Мароғавий, Шайхим Суҳайлийларнинг шу мавзуда ёзилган асарлари билан яқиндан таниш эди. Буюк салаф ва тенгдошларининг ушбу мавзуга оид маснавийларига ўз асарида юксак берди.

«Лайли ва Мажнун» достони «Хамса» таркибидаги нисбатан ихчам маснавийлардан бири бўлиб, арузнинг ҳазажи мусаддаси ахраби мақбузи маҳзуф (мафъувлу мафоъилун фаувлун --v v-v- v-- ) баҳрида битилган. Достон 38 бобдан иборат. Асарнинг дастлабки тўққиз боби анъанавий муқаддима (ҳамд, наът, устозлар, Султон Ҳусайн Бойқаро, Бадиуззамон Мирзо мадҳи ва «Ул тун маҳобати таърифи») бўлиб, 10-бобдан асар асосий воқеаларининг бадиий ифодаси бошланади. Маснавийда қаламга олинган Лайли ва Мажнун фожеавий ишқий саргузаштлари тасвири севишганларнинг вафоти билан интиҳо топади. Достоннинг сўнги уч боби унинг хотимасидир. Унда «Ишқ таърифидаким.. .», шаҳзода Султон Увайс Баҳодир мадҳи ҳамда улуғ шоир «дард навҳаси» («дард ноласи»), дея эътироф этган «Лайли ва Мажнун» воқеалари якунига бағишланган бобларга ҳам ўрин берилган.

Достонда нақл қилинишича, Қайс Ҳай қабиласида жойлашган мактабга ўқиш учун берилади. У ўқишга келган куни Лайли хаста бўлгани сабабли машғулотда йўқ эди. Лайли соғаяди ва мактабга келади. Қайс Лайлини ва у Қайсни кўради, нигоҳ-нигоҳга тушиши билан қалбларга ишқ оташи туташади. Фироқ ва ҳижрон азоблари ўша кундан бошланади. Ушбу достонда қаҳрамонлар ҳолатида сукр (мастлик, сархушлик, ўзидан кетиш) аломатлари бағоят баланд. Лайли ва Мажнун висол онларидаги қарашлар тўқнашувига дош беролмайдилар ва улар табиатида мастлик, беҳушлик кайфияти юз беради. Илк учрашув манзараси Лайлининг тузалганидан шодланган устоднинг ҳамма шогирдларини дарсдан озод қилгандан сўнг, Лайли ва қизлар гулшан сайрига чиққанларида содир бўлади. 5-6 ёшлардаги бу норасида гўдаклар бир-бирларига рўбарў келганларида, Қайс бехосдан ишқ ҳақида сўзлайди. Унинг руҳий ҳолатида жиддий ўзгаришлар пайдо бўлади. Қайснинг ҳушидан кетиши Лайлини саросимага солади. Икки канизак келиб қизни бу ташвишдан халос этишади. Мажнундаги жунун - ишқ туфайли. У ўта юксак ҳарорат билан Лайлини (унинг тимсолида Аллоҳни ҳам) севади. Бироқ бу муҳаббатга Лайлининг отаси рози эмас. Чунки Қайс мансуб бўлган Бани Омир қабиласи мавқе-эътибор жиҳатидан Ҳай қабиласидан бирмунча паст. Шундай гапни давлату сарвар хусусида ҳам айтиш ўринлидир. Барча тўсиқлар ана ўша нуқтадан бошланади.

Қайсдаги ишқ жунуни кун сайин эмас, ҳатто, соат сайин ортар эди. Қабила оқсоқолларининг маслаҳати билан Қайс ислом оламининг муқаддас саждагоҳи – Каъбага олиб борилади. Муборак ва муаллақ мўъжизавий тош – «Ҳажар ул-асвад» қаршисида Қайс Яратганга муножот қилиб, ўз «дарди»га шифо тилаши лозим эди. Қаранг, Қайс Эгамдан нималарни илтижо билан сўрайди:

Кўнглумга фазо ҳарими ишқ эт,

Жонимға ғизо насими ишқ эт!

Ишқ исидин эт дамимни мушкин,

Ишқ ўтидин эт юзумни рангин!

Жонимға сол ул шарорани ҳам,

Бошимға ур ушбу хорани ҳам.

Кўнглум ғам ила тўқ айла, ё Раб!

Ишқ ичра мени йўқ айла, ё Раб!

Дерлар манга: «Ишқни унутгил,

Лайли ғамидин канора тутгил,»

Аллоҳ, Аллоҳ бу не сўз ўлғай,

Ул қавмға Тенгри узр бўлғай...

Лайли ишқин танимда жон қил,

Лайли шавқин юрагимда қон қил.

Дардини нажотим эт, Илоҳи,

Ёдини ҳаётим эт, Илоҳи!

Ота умидлари узилиб, ўғлини олиб қайтади. Қайс мажнунга айланиб, саҳроларга бош олиб кетади. Ҳайвонлар орасида паноҳ топади.Тасодиф билан ушбу воқеанинг устидан чиққан жўмард Нафал унга ёрдам қилмоқчи бўлади, ўртага тушади. Лайлининг отаси кўнмагач, қизни Қайсга зўрлик билан олиб бермоқни ўйлайди. Лайли бошига ўлим хафи тушади. Мажнун бундан туши орқали огоҳ бўлади. Урушни тўхтатади. Навфал уни ўз қизига уйлантириб қўяди. Бироқ Мажнун ўша тўй кечасиёқ Лайлини қўмсаб, саҳрога чиқиб кетади. Ўша куни сохта ошиқ – Ибн Саломга никоҳ қилинган Лайли билан саҳрода учрашади... Шундай қилиб, Лайли ва Мажнуннинг дардчил ишқий саргузаштлари икки севишганларнинг ўлими билан якунланади.

Мавузуни мустаҳкамлаш учун топшириқлар:

I топшириқ:Қуйидаги саволар устида мушоҳада юритиб кўринг.

1. Сайёр сюжет ёки сайр мавзу деганда нимани тушунасиз?

2. Нима учун асарнинг асосий қисми “Тун таърифи” бошланади?

3. Қайснинг Мажнун номини олишига сабаб нима?

4. Асарда ижтимоий тенгсизлик масаласи қандай ёритилган?

5. Илоҳий ишқ деганда нимани тушунасиз?

II топшириқ:Асар юзасидан тузилган қуйидаги тест саволларини бажаринг.

1. “Лайли ва Мажнун” қандай типдаги достон?

а) ишқий-фожиавий достон

б) ишқий саргузашт достон

с) панд-насиҳат руҳидаги достон

д) адабий достони

2. Асарнинг нечанчи боби “Ул тун маҳобати таърифи”га бағишланади?

а) 9-боб

б) 10-боб

с) 1-боб

д) 2-боб

3. “Лайли ва Мажнун” достони арузнинг қайси баҳрида ёзилган?

а) ҳазажи мусаддаси ахраби мақбузи маҳзуф

б) ҳазажи мусаддаси мақсур

с) рамали мусаддаси махзул

д) рамали мусаддаси мақсур